Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:31

Тошкентда яна доимий ва вақтинча прописка тўхтатилди


Ислом Каримов 2011 йил 14 сентябрь куни имзолаган қонундан сўнг¸ 1999 йилги портлашлардан сўнг прописка тақа-тақ ëпилган пойтахт Тошкентда вилоятлардан келганларни доимий ва вақтинча пропискадан ўтказиш йўлга қўйилган эди. Озодликка маълум бўлишича¸ 2015 йил охирига келиб бу қонун ижроси оғзаки буйруқ ва ички йўриқномалар асосида номаълум муддатга тўхтатилган.

Янги йил арафасида вақтинча пропискаси муҳлати тугаб¸ уни узайтириш учун ҳужжат топширишга ҳаракат қилганлар яна бир тақиққа дуч келмоқда. Озодликка маълум бўлишича¸ прописка муддатини узайтириш учун маҳалла қўмиталаридан олинадиган маълумотнома берилмаяпти¸ ҳужжатлар папкасини ҳозирлаб туман ички ишлар бўлимига борганлар аризаси қабул қилинмаяпти.

Ички ишлар бўлими расмийлари¸ мурожаат қилганларга¸ вақтинча прописка муддатини узайтиришнинг вақтинча муддатга тўхтатилганини айтмоқда.

Тошкентлик ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов¸ бу борада ўзига тушган айрим шикоятлардан сўнг¸ вазиятни ўрганиш учун ички ишлар расмийларига изоҳ сўраб мурожаат қилганини айтади:

- Умуман ҳеч қанақа прописканини қилишмаяпти. Лекин пропоска тўхтатилсин¸ деган расмий ҳужжат йўқ. Давлат ишхоналарида ишлайдиганлар¸ врачлар¸ илмий ходимлар вақтинча шартнома асосида ишлаб келаëтган эди. Бу шартномани узайтириш учун прописка муддати узлуксиз узайтирилиши керак. Ҳозир шуларни пропискасини¸ муддати тугаган бўлса¸ узайтириб бермаяпти. Уларга чиқиб кетишинг керак¸ деяпти экан. Менга мурожаат қилганлардан биттаси¸ ҳозиргача уч марта вақтинча пропискадан ўтгани¸ энди эса¸ қилолмаëтганини айтди. Участка нозиридан сўрасам¸ ҳамма жойда тўхтатилган. Биз ҳозир вақтинча пропискадагилар¸ ижарада турадиганларнинг ҳаммасини рўйхатини қилиб¸ раҳбариятга ҳисобот топшираяпмиз деди¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Суръат Икромов.

Яна бир ҳуқуқ фаоли ва журналист Абдураҳмон Ташанов¸ вақтинча прописка амалиëти тўхтатилгани бевосита Тошкент шаҳрида ижарада турувчиларни рўйхатга олиш билан боғлиқ эканини айтади:

- 2011 йилда Тошкент шаҳри ва вилоятига прописка қилиш бўйича қонун қабул қилинганидан сўнг¸ бу жараëн анча осонлашган эди. Уч ойга¸ олти ойга вақтинчалик пропискадан ўтиш¸ уйнинг эгаси розилик берса¸ бемалол бўлиб қолган эди. Лекин ўтган ой Тошкентда уй эгалари ва ижарада турувчиларни қайта саноқдан ўтказиш амалиëтлари бошланганидан сўнг ҳам доимий¸ ҳам вақтинчалик прописка қилиш тўхтатилди. Ички ишлар расмийлари¸ бўш турган хонадонлар махсус рўйхатга олиниб¸ пропискасизлар пойтахтдан қувилганидан кейин¸ янги йилдан прописка яна очилади¸ деган гапни айтишди. Лекин аниқ қачон очилишини ҳеч ким билмайди¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

Вилоятдан келиб¸ ҳозирга қадар Тошкентда вақтинча прописка асосида яшаб келганлардан айримлари Озодликка¸ пропискани чўзишнинг тўхтатилгани яна порахўрлик ва ҳақоратлар учун янги майдон очганини айтадилар:

- Ҳар қадамда мелиса¸ тўхтатса¸ биринчи навбатда пропискани текширади. Ҳозиргача пропискам бор эди¸ энди узайтирмаяпти. Тошкентда ноқонунийсан¸прописка қилинмагансан¸ деб штраф солади дарров. Паспорт Ўзбекистонники бўлса¸ шу паспорт Ўзбекистон ичкарисида исталган жойда яшаш ва ишлаш ҳаққини берадику ахир¸ дейди пропискасиз қолиб¸ мелисалар таъмагирлигига нишон бўлаëтганлардан бири.

Самарқанддан келиб¸ Тошкент бозорларидан бирида савдо қилаëтган аëл ҳам¸ пропискаси йўқлиги учун мелиса қўлига тушса¸ бор топганини шулардан қутулишга беришга мажбур қолаëтганини айтади:

- Умуман қўймаяпти. Кет ўзингни юртингга¸ Самарқандингга деяпти. Қандай кетамиз¸ ҳеч кимга иш йўқ. Хўжайинларимиз ишсиз. Эзвораяпти. Қийналиб кетдик¸ дейди мелиса ови нишонига айланган аëллардан бири.

Ўзбекистон Конституцияси ўз фуқароларига ҳаракатланиш эркинлигини кафолатлагани ҳолда¸ пойтахт Тошкент ва Тошкент вилоятида яшаб-ишлаш учун прописка шарт қилиб қўйилгани¸ ҳуқуқ фаолллари томонидан аксилконституциявий амалиëт сифатида танқид қилиб келинади.

Тошкент шаҳри ва вилоятига келган Ўзбекистон фуқаролари мазкур ҳудудларда рўйхатдан ўтмасдан беш кун юришлари мумкин.

Беш кундан ортиқ муддатга келган ўзбекистонликлар мажбурий тартибда қайддан ўтишлари лозим.

XS
SM
MD
LG