Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:46

Тошкентда қора ниқоблилар босган “Миллий таомлар” устидан иш очилди


"Миллий таомлар"да нарх бошқа ошхоналарга нисбатан қиммат бўлишига қарамай, доимий равишда хўррандалар билан тўла бўлган.
"Миллий таомлар"да нарх бошқа ошхоналарга нисбатан қиммат бўлишига қарамай, доимий равишда хўррандалар билан тўла бўлган.

Тошкент шаҳар прокуратураси пойтахтдаги энг машҳур овқатланиш шохобчаларидан бири бўлган “Миллий таомлар” ресторанлар тармоғи устидан жиноий иш қўзғади. Тармоққа қарашли тўртта ресторан бир пайтнинг ўзида МХХ, прокуратура, солиқ, СЭС каби ташкилот вакилларидан иборат махсус гуруҳ ўтказган рейддан сўнг ёпиб қўйилди.

Тошкентликларнинг севимли ресторанларидан бирига айланган “Миллий таомлар” ресторанлар тармоғигига қарши ўндан зиёд айблов илгари сурилаяпти.

Бу ҳақда Озодликка гапирган Тошкент шаҳар ҳокимлигининг масъулларидан бирига кўра, “Миллий таомлар” тармоғи бир қатор молиявий жиноятларда айбланаяпти:

Бир пайтлари овқатланиш учун узундан-узун навбатлар бўлган ресторан ҳозирда ҳувиллаб ётибди. Сурат 22 декабрь куни олинган.
Бир пайтлари овқатланиш учун узундан-узун навбатлар бўлган ресторан ҳозирда ҳувиллаб ётибди. Сурат 22 декабрь куни олинган.

“Иш қўзғатилиб, шаҳар прокуратураси тергов жараёнини олиб бораяпти. Даромадни солиқдан яшириш, кунлик тушум пулларини инкассага топширмаслик каби жами 15га яқин айблов қўйилган уларга қарши”, деди исмини очиқламасликни сўраган ҳокимлик масъули.

Тошкент шаҳар санитария эпидемиология станциясидан олинган маълумотга кўра, “Миллий таомлар” тармоғи ресторанларида санитария қоидаларига амал қилинмагани ҳам аниқланган:

“Овқат тайёрлаш жараёнида санитария қоидаларига амал қилинмаган. Идиш-товоқларни ювишда ҳам санитария қоидалари бузилган”, деди шаҳар санитария эпидемиология станцияси мулозими.

Тахминан икки ҳафта олдин “Миллий таомлар” тармоғига қарашли пойтахтнинг тўрт бурчагида жойлашган тўртта ресторанида бир пайтнинг ўзида қора ниқоблилар ўтказган рейд натижасида ресторанлар ёпилган эди.

“Тадбирда ҳамма органлардан вакиллар бор эди. Шаҳарнинг тўртта жойида бирданига ўтказилган тадбир бўлган. Тадбирдан сўнг барча шохобчалар муҳрлаб, ёпилди. Ҳаммасининг иш фаолияти тўхтатилди”, деди Тошкент шаҳар ҳокимлиги масъули.

Тошкентлик мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов Озодлик илтимосига кўра, “Миллий таомлар” тармоғи ресторанлари билан боғлиқ вазиятни ўрганди:

- Пойтахтдаги "Миллий таомлар" тармоғи ёпилиши билан боғлиқ вазиятларни ўша ерда савдо қилувчи тадбиркорлар билан гаплашганимда, уларнинг айтишича, бу тармоқ Мираброр Усмоновнинг одамларига тегишли бўлиб, уларнинг биттаси ишдан кетибди. Шунинг учун тармоқлар ёпилди. СЭС, пожарний, налог идораларидан келиб ёпгани ҳақида айтишди. Бу гапларда қанчалик асос бор ёки йўқлигига изоҳ бериш қийин, -деди Ташанов.

“Миллий таомлар” тармоғининг илк ошхонаси пойтахтнинг Навоий кўчасида, Ўзбекистон телерадиокомпанияси яқинида очилган ва шаҳарликлар орасида оммалашиб кетгач, Тошкент цирки биноси рўпарасида ҳам очилган. Кейинчалик "Фарҳод" бозорида ва Юнусобод бозорида ҳам икки қаватли бинода ресторанлар очилган.

Тошкентлик Тошбекка кўра, мазкур ресторанларда таомлар нархи бошқа овқатланиш шохобчаларига нисбатан қиммат бўлишига қарамай, доимий равишда хўррандалар навбати кузатилган:

- Ўзбек миллий таомлари рўйхатида нима овқат бўлса, барчаси шу ошхоналарда сотиларди. Ҳалимдан тортиб, ош дейсизми, норин дейсизми, жиз дейсизми, ҳаттоки, тандир гўштлар ҳам уларда бор эди, - дейди тошкентлик Тошбек.

Ўзбекистонда қора ниқоблилар рейдидан сўнг ёпилган ўнлаб овқатланиш ва савдо шохобчалари ҳақида Озодлик аввал ҳам хабар қилган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари ўтказадиган қора ниқоблилар рейдлари кейинги беш йил ичида тез-тез кузатилаяпти.

XS
SM
MD
LG