Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:08

Марғилонда газ йўқлигидан норозилар уч кундан бери кўчага чиқаяпти


Сурат 21 декабрь соат 19лардан кейин Марғилоннинг Саховат маҳалласи ҳудудида олинган.
Сурат 21 декабрь соат 19лардан кейин Марғилоннинг Саховат маҳалласи ҳудудида олинган.

Фарғона вилояти Марғилон шаҳри Саховат маҳалласи аҳолиси уч кундан буён табиий газ ва электр йўқлигидан норози бўлиб, кўчага чиқаяпти. Ҳокимлик ва мутасадди ташкилот вакиллари норози аҳолига муаммони ҳал қилишга ваъда бераяпти. Бироқ газ идораси масъулларига кўра, табиий газ босими пастлиги боис аҳолини узлуксиз газ билан таъминлаш имкони бўлмаяпти.

Марғилоннинг Саховат маҳалласида жойлашган эски Ипакчилик комбинати ҳудудидаги кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли газ ва электр тақчиллигидан норози бўлиб, 19 декабрдан буён ҳар куни тўпланиб, кўчага чиқаяпти.

Сурат 21 декабрь соат 19лардан кейин Марғилоннинг Саховат маҳалласи ҳудудида олинган.
Сурат 21 декабрь соат 19лардан кейин Марғилоннинг Саховат маҳалласи ҳудудида олинган.

Марғилондаги манбалардан олинган маълумотга кўра, қўшни Қиргули мавзеси аҳолиси жума куни кўчага чиққани натижасида газ билан таъминлангани воқеасидан илҳомланиб, марғилонликлар ҳам норозилик билдиришга қарор қилишган:

“Ипакчилик комбинати ҳудудида одамлар шанбадан бери кўчаларни тўлдириб ўтириб олаяпти. Саховат ва Гулистон маҳаллалари фуқаролари чиққан. Бу жойларда асосан кўп қаватли уйлар жойлашган. Свет билан газ ўчирилиши жонига теккан одамлар кўчага чиқишга мажбур бўлишди. Улар Қиргулида одамлар газ билан таъминланганини эшитиб, қўрқмасдан кўчага чиқишди”, деди Озодликка воқеа тафсилотларидан хабардор Марғилондаги манба исмини очиқламаслик шарти билан.

Кўчага чиққан норозилар сони 150дан 200гача экани айтилаяпти.

Марғилон ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, кўчага чиққан норозилар асосан аёллардан иборат.

Сурат 21 декабрь соат 19лардан кейин Марғилоннинг Саховат маҳалласи ҳудудида олинган.
Сурат 21 декабрь соат 19лардан кейин Марғилоннинг Саховат маҳалласи ҳудудида олинган.

Мазкур идорадаги манба маълумотига кўра, шанба куни норози аёллар олдига Марғилон шаҳар ҳокимлиги вакиллари ва мутасадди ташкилотлар ходимлари бориб, вазиятни ўнглашни ваъда қилиб, одамларни уйларига тарқатишга муваффақ бўлган.

Бироқ манбанинг айтишича, якшанба куни ҳам газ ўчиб қолгач, марғилонликлар яна кўчага чиқишган:

“Газ ва электр идораси шанба куни вазиятни яхшилашга ҳаракат қилишди. Бироқ газ давлениеси паст бўлгани учун, газ билан узлуксиз таъминлаш имкони бўлмаяпти. Бугун – душанба куни ҳам газ ўчиб қолгач, яна кўчага чиқишибди”, деди ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манба.

Марғилон шаҳар ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, ҳокимлик, МХХ, милиция ва мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат махсус гуруҳ 21 декабрь куни ҳам Саховат маҳалласига бориб, норози аёллар билан учрашиб, улар орасида ташвиқот-тарғибот ишларини ўтказган.

“Вилоят ҳокими ҳам келди, вилоят прокурори ҳам келиб кетди. Бугун Марғилон ҳокимлигидан бориб, Саховатдаги аёллар билан учрашиб, уларга бошқа кўчага чиқмаслик ҳақида таъкидланди. Аёлларнинг ҳаммасига тушунтирилди”, деди ҳокимлик ходими.

Марғилондан олинган сўнгги маълумотга кўра, мақола ҳозирланаётган 21 декабрь кечги соат 7ларда ҳам газ муаммоси ҳал бўлмагани ва одамлар ҳануз кўчада қолаётгани боис газ идораси, МХХ ва милиция ходимларидан иборат махсус гуруҳ Саховат маҳалласи ҳудудида қолаяпти.

Фарғона шаҳрининг Қиргули мавзесида яшовчилар ҳам газ йўқлигидан норозилик билдириб, кўчага чиқди.
Фарғона шаҳрининг Қиргули мавзесида яшовчилар ҳам газ йўқлигидан норозилик билдириб, кўчага чиқди.

Марғилонликларнинг норозилигидан бир кун аввал - 18 декабрь оқшомида Фарғона шаҳрининг Қиргули мавзесида кўп қаватли уйларда яшовчи икки юзга яқин одам газ йўқлигидан норозилик билдириб, кўчага чиққиб, Марғилон автомобиль йўлини бир соат давомида тўсиб туришди. Милиция ва ҳокимият расмийлари норозилар ёнига келиб, газ баллонлари берилишини ваъда қилганидан сўнг оломон уйларига қайтди.

Ўзбекистонда газ ва электр тақчиллигига қарши аҳолининг норозилик чиқишлари жорий йилда биринчи марта кузатилаётгани йўқ.

Жорий йил январида Навоий вилояти Хатирчи тумани Мирзо Улуғбек деҳқон фермерлар уюшмаси ҳудудида яшовчи элликка яқин аёл электр энергияси тақчиллигидан норозилик билдириб, Хатирчи-Зарафшон йўлини тўсиб қўйди. Хатирчилик манбаларга кўра, туман ҳокими воқеа жойига келиб, чироқни ўчирмасликка ваъда бергач, норози аёллар тарқалган.

Сўнгги ўн йилдан зиёд вақт давомида Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудида табиий газ ва элетр тақчиллиги мунтазам кузатилмоқда.

Айрим қишлоқларда кунига 20-22 соат давомида чироқ ва газ ўчирилаяпти.

XS
SM
MD
LG