Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:40

Қашқадарёда 46,5 минг сўмлик ўзбек уни 98 мингдан сотилаяпти


Ўзбек унидан фарқли ўлароқ нархи анча қиммат бўлган Қозоғистон уни бозорларда тўлиб тошган.
Ўзбек унидан фарқли ўлароқ нархи анча қиммат бўлган Қозоғистон уни бозорларда тўлиб тошган.

Қашқадарё вилоятида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган уннинг нархи икки бараварга ошди. Давлат нархи 46,5 минг сўм бўлган 50 килолик бир қоп ун бугунги кунда 98 минг сўмдан сотилмоқда. Бошқа вилоятларда уннинг нархи кескин ошгани бўйича Озодликда ҳозирча маълумот йўқ.

Қарши шаҳрида истиқомат қиладиган новвой Қодиржон ўз уйида нон ёпиб сотади.

Новвойнинг айтишича, шу кунларда Қарши бозорида Қашқадарёда ишлаб чиқарилган “Дунё-Н” уни нархи икки бараварга қимматлаган:

- Ун йўқ эмас, бор. Лекин нархи жуда ошиб кетди. Ҳамма дўконларда бир қопининг нархи 98 минг сўмдан сотиляпти. Бу уннинг дастлабки ўз нархи 46 ярим минг сўм туради. Корчаллонлар биржа нархида 56 минг сўмдан олишади. Транспорт расходи билан 58 мингга тушади. Устига 40 минг қўйиб сотишяпти. Биласизми неча миллиард сўмлаб фойда қилишяпти? Ҳеч ким буни ҳисобламайди ҳам, текширмайди ҳам. Халқ эса индамай сотиб олишга мажбур,- дейди новвой.

Қодиржонга кўра, айни пайтда ўзбек уни жуда сифатсиз бўлиб, одамлар унга Қозоғистонда ишлаб чиқарилган унни аралаштириб хамир қоришга мажбур:

- Бизнинг унимиздан нон ёпиб бўлмайди, тандирдан оқиб тушади. Шунга ҳар 7 кило ўзбек унига 3 кило қозоқ уни қўшаман. Ҳозир беш кило қўшишга мажбур бўлаяпман, чунки сифати жуда пасайиб кетди. Ичидан қум, тошлар чиқяпти,- деди новвой.

Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида истиқомат қилувчи 67 яшар пенсионер Мурод ота эса бир қоп унни сотиб олиш унга 120 минг сўмга тушаётганини айтади:

- Бизда ҳам бозорда 98 минг сўмдан сотиляпти. Лекин мен бу нархда ололмайман. Чунки пенсияларимизни юз фоиз пластикка ўтказиб юборишган. Ун олай деб пластик берсангиз 115-120 минг сўм ечиб олишяпти. Бундан камига бермаяпти. Ҳам нарх ошган, ҳам пластикдан уриб қолишади,- деди Мурод ота.

Қашқадарёда 46,5 минг сўмлик ўзбек уни 98 мингдан сотилаяпти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:14 0:00
Бевосита линк

Қашқадарё вилояти дон маҳсулотлари комбинатининг исми сир қолишини сўраган мулозимига кўра, комбинатда етарлича буғдой ва ун захираси бор:

“Бизда ҳеч нарсадан камчилик йўқ. Ҳокимиятдан бизга разнарядка беради, шу бўйича биржага бериб юборамиз. Биздан уннинг чиқиш нархи 46 ярим минг сўм. У ёғи билан ишимиз йўқ. Биржа қанча нарх қўяди, сотувчилар қанчадан сотади, у томони бизга қоронғу. Унимизнинг сифатсизлиги ҳақидаги гаплар ҳам бекор”, деди мулозим.

Қашқадарё вилояти ҳокимлигидан бу масалага муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Ўзбекистондаги дон маҳсулотлари комбинатлари мамлакатда етиштирилган буғдойдан ун ишлаб чиқаради. Ўзбекистонга импорт қилинадиган қозоқ унидан сифати анча паст бўлган бу унни арзон нархда харид қилиш муаммога айланиб боряпти.

Озодлик манбаларига кўра, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ун қишлоқларда аҳоли жон бошига бир ойда бир ярим килограммдан тарқатилмоқда.

XS
SM
MD
LG