Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:32

Путин россияликларни бирликка ва урушқоқ бўлишга чақирди


Россия президенти Владимир Путин 3 декабрь куни Россия Федерацияси Федерал Мажлисига анъанавий Номасининг бу йилгисини йўллар экан, ўз нутқини мана бу гап билан якунлади: “Тарқоқ бўлсак, бизни дарҳол йўқ қилишади, кучимиз бирлигимизда, урушқоқлигимизда, бир оила аъзоларидек бир-биримизга халқимизни кўпайтирадиган меҳримизда. Кучимиз ички бойлигимизнинг табиий ўсиши ва тинчликни севишимизда”.

Путин Номасининг баъзи жиҳатларига тўхталамиз.

Нефть нархи узоқ, жуда узоқ паст бўлади

Иқтисодиётдаги вазият мураккаб, бироқ аянчли эмас. Лекин бу хотиржам бўлишимизга изн бермайди. “Биз хом ашё нархлари пастлиги даври чўзилиб кетишига, узоқ вақтга чўзилиб кетишига тайёр бўлишимиз лозим”, деди Владимир Путин Федерал мажлисга йўллайдиган ҳар йилги Номасининг бу йилгисида.

Путиннинг фикрича, ташқи санкцияларга тадбиркорлик эркинлиги билан жавоб бериш керак. Россия президентига кўра, мамлакатда ҳалол бизнес юритишга назоратчилар армияси тўсқинлик қилмоқда.

Россия 2020 дан бошлаб фақат ўзи ишлаб чиқарганни ейди

Россия президентига кўра, у бошқариб турган мамлакат 2020 йилгача ички бозорни маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўла таъминлаши лозим.

Айни пайтда Путин нотўғри фойдаланилаётган ер майдонларини олиб қўйишни талаб қилди.

“Она капитали” яна 2 йил тўлайдилар

Путин Федерал мажлис олдида қилган чиқиши давомида давлатнинг ижтимоий ва демографик сиёсатига ҳам тўхталди. Президент “Она капитали” дастурини яна 2 йилга чўзишни таклиф қилди.

Асосий мавзу – ташқи сиёсат

Владимир Путиннинг ўтган йилги Номаси асосан иқтисодий бўҳрон ва рублнинг қадрсизланишига қаратилган бўлса, бу йил асосий эътибор ташқи сиёсатга қаратилди.

Федерал мажлисга йўллайдиган ҳар йилги Номасининг бу йилгисини бугун бошлар экан, Путин жаҳонда терроризм хавфи кучайгани ҳамда кучларни унга қарши “бир муштга тугиш” зарурлиги тўғрисида гапирди.

Россиянинг Суриядаги амалиётларига тўхталган Путин, бу мамлакатда рус ҳарбийлари энг аввало Россия учун жанг қилмоқда деди.

Путин яна Туркияни айблади

Россия президенти яна бир бор Туркияни “Исломий давлат” гуруҳи террорчиларини қўллаб-қувватлаётганликда айблади.

Путинга кўра, Туркия ҳукумати Россиянинг Су-24 ҳарбий учоғини 24 ноябрь куни уриб туширгани учун ҳали “кўп афсус чекади”. Унинг айтишича, Россия Туркияга қарши қурол ишлатмайди, лекин “нима қилиши кераклигини билади”.

Сўнгги гап замирида қандай ҳаракат ётганини Россия президенти очиқламади.

Кимёгардан олинган иқтибос

Федерал мажлисга йўллайдиган ҳар йилги Номасининг бу йилгисини Путин рус кимёгари Дмитрий Менделеевнинг мана бу гапи билан якунлади:

“Тарқоқ бўлсак, бизни дарҳол йўқ қилишади, кучимиз бирлигимизда, урушқоқлигимизда, халқимизни кўпайтирадиган бир оила аъзоларидек бир-биримизга меҳримизда. Кучимиз ички бойлигимизнинг табиий ўсиши ва тинчликни севишимизда”

XS
SM
MD
LG