Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:26

Тошкентда "кийиниш маданияти"ни бузган рўмоллилар имзоси йиғиляпти


Тошкентдаги маҳалла қўмиталари рўмолини ечмаган аёлларни жамоат жойларида рўмолда юриш қонун билан тақиқланганидан огоҳлантириб, сўнгра огоҳлантирилгани ҳақидаги ҳужжатга қўл қўйдирмоқда. Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидан Озодликка йўлланган ҳужжатда бу тоифа аёллар "кийиниш маданиятига риоя этмаётган хотин-қизлар" деб қайд этилган. Расмийлар рўйхатни раҳбарият талаб қилаётганини айтмоқда.

Пойтахтнинг Шайхонтоҳур ва Мирзо Улуғбек туманларидан йўлланган мурожаатларда маҳалла қўмиталарининг маданий ва маърифий масалалар бўйича масъуллари рўмолли аёлларни қайтадан рўйхатга ола бошлагани айтилди.

"Kuni kecha yaqinlarimizni chaqirishgan edi... Mahallada ma'naviy va ma'rifiy Ishlar bo'yicha mas'ul (ro'molni ich.ichidan yomon ko'radigan) opa ro'mol o'ramaslikka targ'ib qilib, ogohlantiruv qog'ozlariga Qo'l qo'ydiryapti. U yerda har doimgi eski gaplar. Ya'ni ro'mol o'ramanglar. Agar o'rasangizlar o'zilarga minus boladi va hokozo", деб ёзди исмини сир сақлаган шайхонтоҳурлик ​манба.

У маҳалла қўмитасига кекса онаси билан боргани ва онаси йиллардан буён рўмолни орқадан ўраш ҳақида қилинаётган огоҳлантирувларнинг навбатдагисига ҳам қулоқ солмаганини айтмоқда.

Натижада, онасига Ўзбекистонда рўмол ўрашнинг тақиқланганига далил ўлароқ келтирилган икки қонундан парча келтирилган ҳужжатга имзо чекиш сўралган.

Ҳужжатда ​"Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонуннинг 14-моддаси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 184-модда, 1-қисми келтирилган.

1998 йилда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддасида: “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг (диний ташкилотларнинг хизматидагилар бундан мустасно) жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмайди” дейилган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 184-модда, 1-қисмида: "Фуқароларнинг жамоат жойларида ибодат либосларида юриши — энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади", дейилган.

Ўзбекистонда рўмол ўраш қонун билан тақиқлангани конкрет моддалар асосида тушунтирилса-да, рўмолини ечишни истамаган аёллар номи "Кийиниш маданиятига риоя этмаётган хотин-қизлар жадвали"га тиркалиб, имзолар олинмоқда.

Озодлик шу иш билан шуғулланаётган маҳалла қўмитаси ходимларидан бирига боғланишга муваффақ бўлди.

Мирзо Улуғбек туманидаги Сайрам маҳалласида Маънавий-маданий ишлар бўйича масъул бўлган Зайнаб исмли ходим рўмолли аёллардан имзолар йиғилаётгани, улар билан тушунтириш-огоҳлантириш ишлари олиб борилаётгани, аёллардан рўмолни "ўзбекона миллий русумга мос тарзда орқадан ўраш" сўралаётганини тасдиқлади. Аммо, бу аёлларнинг кейинги тақдири нима бўлади, имзолар ким учун йиғилмоқда, каби саволларга телефонда жавоб беришдан бош тортди.

Тошкентда рўмолли аёллардан имзолар йиғилаётганига оид хабарларни тасдиқлаган ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов бу каби аёлларга бирор босим ёки тазйиқ кузатилмаётгани, аммо уларнинг янгиланган рўйхати Ўзбекистон куч ишлатар тузилмаларида йиғилаётганини айтмоқда.

- Бизда рўмолли аёллар маҳалла қўмиталарига чақирилаётгани ҳақида маълумотлар бор. Лекин уларга босим бўлаётгани ҳақида маълумот йўқ. Уларни чақириб, рўйхатга олиб, огоҳлантириб, кейин юқорига отчёт беришяпти - шунақа-шунақа аёллар бор, деб. Бунинг ҳаммаси ИГИЛга ("Исломий давлат" - таҳр.) қарши қилинаяпти. Ҳаммаси битта кампания доирасида кетаяпти, - дейди Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов.

Қуйида ҳуқуқ фаоли билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Суръат Икромов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:42 0:00
Бевосита линк

Ўтган ҳафтада Тошкент шаҳар МХХ кузатуви натижасида ижтимоий тармоқлар, хусусан, Telegraмдаги аватарларига ўранган суратини қўйган ва диний мазмундаги саҳифаларга кирган коллеж ўқувчиларидан ўндан ортиғи билан прокуратура ходимлари суҳбат ўтказгани маълум бўлган эди.

Озодликнинг Тошкент Педагогика касб-ҳунар коллежидаги манбаларининг айтишича, бу ўқув юрти талабалари билан “ижтимоий тармоқлардаги диний радикализмнинг зарари ҳақида” тарбиявий соат ўтказилган. Айни мазмундаги суҳбатлар Чилонзор Тиббиёт коллежи ва Паркентдаги Саноат-иқтисодиëт ва Сервис касб-ҳунар коллежларида ҳам ўтказилган.

XS
SM
MD
LG