Гувоҳ айбланувчи билан рус тилида суҳбатлашганини айтди. Аммо суҳбат тафсилотини эслай олмаслигини билдирди. Прокурор икки шахс ўртасида бўлиб ўтган телефон суҳбатлари ва СМС алоқаларига тўхталди.
Прокурор гувоҳга Латвиядаги кўплаб инсонлар билан кўплаб телефон суҳбатлари қилгани ва СМС йўллагани ҳамда олганини айтди. Улар кимлар эди, деб сўради прокурор.
Гувоҳ фақат қиз дўсти номери борлиги ва фейсбук орқали қиз дўстининг танишлари билан алоқада эканини айтди.
Прокурор гувоҳдан: Швеция миграция қонунларини биласизми? Юрий Жуковскийга миграция ҳақида маълумот берганмисиз?
Гувоҳ: Ҳозир биламан. Аммо у пайт билмасдим. Унга маълумот берганимни эслай олмайман.
Прокурор айбланувчи телефонидан келгуси кунларда яна бир неча бор телефон қўнғироқлари бўлганини маълум қилди. Нима ҳақда суҳбатлашдингиз, деб сўради прокурор гувоҳдан. Гувоҳ эслай олмаслигини айтди.