Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:25

ИШИД билан боғлиқ оммавий ҳибслар ортидан Тошкентда ваҳима кучаяяпти


Тошкентда ИШИДга алоқадорлик айблови билан ҳисбга олинганлар сони кун сайин ошаётган бир пайтда аҳоли орасида ваҳима кучаяпти. Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, сўнгги бир кун ичида пойтахтнинг "учта жойида бомба топилган" ва иккита бинога "ИШИДнинг қора байроғи осиб кетилган". Ҳукумат бу каби хабарларни на тасдиқлаяпти ва на инкор қилаяпти.

"Бомба ва қора байроқ" ҳақидаги иддаолар

17 ноябрь куни кечқурун Тошкентнинг Миробод туманида жойлашган Тиббиёт коллежи яқинида мина ўрнатилган Нива машинаси топилгани иддао қилинган хабар Озодликка етиб келди.

“Ҳозир Боровский коллежи ёнидаги остановкада бир тўда сапёрлар ва ментлар тўпланган. Йўллар ёпилган, остановкада мина ўрнатилган Нива турибди. Агар кимки ишонмаса, вазиятга шахсан ўзи гувоҳ бўлиши мумкин. Суратга олмоқчи эдим, сал қолди телефонимни олиб қўйишларига, зўрға қочиб қутилдим. Бу ҳазил эмас, шу атрофда яшовчилар бориб, ўзлари кўриши мумкин. Корзинка тўғрисидаги остановкада”, дейилади Озодликка йўлланган хабарда.

Хабарга илова қилинган суратда тўртта милиция машинаси йўл ўртасида тургани акс этган. Бироқ суратнинг қаерда олингани номаълум. Унда бирор бино акс этмаган.

Тиббиёт коллежи ёнидан мина топилгани ҳақидаги иддаоли хабар деярли барча ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Шунингдек, 18 ноябрь куни тармоқларда тарқалган бошқа бир хабарда Тошкентдаги Автомобиль-йўллар институти ёнида ҳам портловчи модда ўрнатилган машина топилгани иддао қилинган.

Жумладан, ВКонтакте тармоғига жойланган бу ҳақдаги хабарга сурат ҳам илова қилинган.

“Ҳамма жойда ментлар ва итлар билан кинологлар юрибди”, дейилади тармоқдаги хабарда.

Хабарга изоҳ ёзганлар бу суратда институт рўпарасида жойлашган Амалий санъат музейи ёнидаги жой акс этганини айтган.

Ушбу тармоқдаги бошқа бир хабарда шаҳарнинг Навоий кўчасидаги кутубхона ёнида ҳам портловчи модда ўрнатилган машина топилгани айтилган.

Тошкентликлар орасида тарқаган бошқа бир миш-мишли хабарларда Олий Мажлис ва МегаПланет савдо маркази биноларига ИШИДнинг қора байроғи осиб кетилгани айтилаяпти.

Озодликнинг мобил мухбирлари Тошкентнинг юқорида тилга олинган жойларига 18 ноябрь куни вазиятни ўрганиш учун боришди. Уларнинг айтишича, бу иддаоли хабарларни тасдиқловчи бирор маълумотга эга бўлишмаган.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси масъуллари ушбу иддаоли хабарлар ҳақидаги Озодликнинг саволларини жавобсиз қолдиришди.

ИШИД билан боғлиқ оммавий ҳибслар

Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг 18 ноябрь куни Озодликка берган маълумотига кўра, мамлакат бўйича ИШИДга алоқадорлик айблови билан ҳибсга олинганлар сони 200 нафарга етган.

Ҳибс этилганларнинг камида 160 нафари Тошкент шаҳри ва вилоятида яшовчи фуқаролар экани айтилаяпти.

Оммавий ҳибслар ИШИД жангарилари Ўзбекистонга киришга ҳаракат қилаётгани ҳақидаги хабар чиққанидан сўнг бошлангани айтилмоқда.

Сўнгги 20 кун давомида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари аҳоли орасида тушунтириш ишлари ўтказиб, аҳолини ҳушёрликка чорламоқда.

Маҳаллий матбуот маълумотига кўра, Сурия, Ироқ ва Афғонистондаги ҳарбий тўқнашувларда иштирок этиб, сўнг қочишга мажбур бўлган айрим жангарилар Ўзбекистон ҳудудига кириб, яширинишга уринмоқда.

Нечта жангари Ўзбекистонга ўтган ёки ўтишга урингани ҳақидаги маълумотлар шу пайтгача очиқланмаган. Лекин ҳушёрликка чақирувчи тадбирлар бутун мамлакат бўйлаб ўтказилмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси раиси ўринбосари Абдулазиз Мансур Озодлик билан суҳбатда пойтахтда радикаллашаётган мусулмонлар борлигини қайд этди.

Тошкент казарма ҳолатида

Ноябрь бошидан буён казарма ҳолатида бўлган Тошкентда Парижда амалга оширилган террористик ҳужумлардан сўнг назорат янада кучайтирилгани кузатилаяпти.

3 ноябрдан бошлаб Тошкентдаги барча хавфсизлик кучлари - милиция, Миллий хавфсизлик хизмати ва Тошкентдаги ҳарбий гарнизон - кучайтирилган ҳолат (казарма ҳолати)га келтирилган.

Пойтахтдаги милиция бўлимларидан олинган маълумотга кўра, терроризмга қарши кураш мақсадида бир пайтнинг ўзида бир нечта тадбир амалга оширилмоқда.

Тошкентдан йўлланган хабарларга кўра, кечки пайтлари паспортсиз юриш тақиқланган, паспорти йўқлар эса милиция идораларига олиб кетилиб, шахси тасдиқлангач қўйиб юборилмоқда.

Милиция ходимлари уйма-уй юриб, ҳар бир фуқаронинг паспортини текшириб, қайдга олмоқда.

Аsiaterra нашрига кўра, пойтахтнинг катта савдо марказларида одамлар металл детекторлар ёрдамида текширилиб, рюкзак, портфель ва сумкалар тинтилмоқда.

Фарғона.ру агентлиги маълумотига кўра, 14 ноябрь куни камида 6 соат давомида Тошкентга кириш-чиқиш йўлларига бетон блоклар қўйилиб, ҳар бир машина синчиклаб текширилган.

Uzmetronom нашри эса хориждан қайтган ҳар бир фуқаронинг террорчилик ташкилотларига алоқаси бор ёки йўқлигини текшириш учун участка нозирлари сўроқ қилаётгани ҳақида ёзди.

Ижтимоий тармоқлардан олинган хабарга кўра, пойтахтдаги барча Интернет кафелар қаттиқ назоратга олинган ҳамда Интернет трафиги текширилаяпти.

Ҳозирча на ҳукумат, на маҳаллий матбуотда бўлаётган оммавий ҳибслар, пойтахтнинг казарма ҳолатига ўтказилиши ва кузатилаётган текшир-текширлар сабаблари ҳақида бир маълумот берилганича йўқ.

Кузатувчиларга кўра, расмий Тошкентнинг бўлаётган воқеалар борасида сукунат сақлаётгани боис аҳоли орасида ваҳима ва миш-мишлар урчимоқда.

XS
SM
MD
LG