Линклар

Шошилинч хабар
03 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:25

Металлоломга пул бермагани учун коллеж ўқувчисини ўқишдан ҳайдамоқчилар


 Рухсора Абдураҳимова.
Рухсора Абдураҳимова.

Жиззах вилояти Зарбдор тумани маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг 2- босқич ўқувчиси Рухсора Абдураҳимова металлолом учун пул бермагани сабабли дарсдан ҳайдаб чиқарилди. Икки кундан буён дарсга қўйилмаётган ўқувчи қизга металлолом учун пул бермасанг, коллеждан ҳайдаймиз, деб таҳдид қилмоқдалар.

Зарбдор тумани маиший касб-ҳунар коллежининг 2- босқичи раҳбари Баҳриддин Хадямов ўқувчиларига металлолом “солиғи”ни солди.

Ҳар бир ўқувчига 50 килограммдан темир-терсак олиб келиш, агар металлолом топа олмаса, 25 минг сўмдан пул бериш мажбурияти юклатилди.

Шу босқич ўқувчиси Рухсора Абдураҳимова эса металлолом учун пул беришдан бўйин товлагани учун синф раҳбарининг тазйиқига учради.

Рухсоранинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, синф раҳбари унга босим қилиб, агар метоллолом учун пул бермаса, коллеждан ҳайдалишини айтиб, таҳдид қилган:

- Дарсда ўтирган эдим, кураторим келдида металлолом билан обунанинг пулини сўради. 25 минг сўм пул ёки бўлмаса, 50 кило металлолом. Бутун коллеж ўқувчиларидан ўша нарса талаб қилинмоқда. Ўқиш бошланганидан бери ўша нарса талаб қилинмоқда. Мен ҳали бермагандим, бошқа ўқувчилар бергани учун мени ўқувчилар ёнида камситди. Мен қаерда ёзилган ўша қонун дедим. Ўқувчилардан пул талаб қилиш дедим. Ўша қонунни олиб келиб, менга кўрсатинг, мен ўша пулни бераман дедим. Кураторим айтди, сени коллеждан ҳайдаб

Рухсора Абдураҳимова
Рухсора Абдураҳимова

юбораман. Агар пул бермасанг, чиқиб кет дарсдан, умуман қайтиб келма, деди. 3 кун келмасанг сенинг фамилиянгни прокуратурага ошириб юбораман. Кейин сен ҳайдаласан коллеждан деди. Мана 2 кундан бери коллежга бормаяпман. Боя телефон қилсам, кураторим айтди, уже сени чиқариб юорганман деди. Фақат пул олиб келсанг кел, бўлмаса, келма деди,- дейди 4 ноябрь куни Озодлик билан суҳбатда Рухсора Абдураҳимова.

Ўқувчи қизнинг айтишича, турли баҳоналар билан ўқувчилардан пул йиғиш коллежда одатга айланган ва бундан аксар ўқувчилар норози бўлишмоқда:

- Металлолом, обуна ва бошқа нарсаларга ўқувчилардан пул олиш мумкин эмаску?! Тепадан келадиган компьютер, китоблар учун пул сўралади. Назорат камералари учун. Ҳар нарсага сўрайверади. Суғуртага ҳам, обунага ҳам. Йилнинг бошланишидан йилнинг тугашигача тўлиқ пул сўралади. Масалан, ўтган йили ҳам 25 минг сўмга метололом, 25 минг обуна, суғурталари яна майда-чуйда ремонтига, индамай 150 минг сўм кетди. Бу нарсага, пул сўрашига лекин кўпчилик қарши, -дейди Рухсора.

Озодлик Рухсоранинг синф раҳбари Баҳриддин Хадямов билан боғланганида, у юзага келган вазият бўйича телефон орқали гапиришдан бош тортди.

Жиззах вилоят коллежлар бошкармаси директор ўринбосари Бахтиёр Шомирзаев Озодлик билан суҳбатда Рухсора Абдураҳимовага металлолом учун пул бермагани сабаб коллеждан ҳайдаш билан таҳдид қилингани қонунга зид эканлиги ва вазият бўйича назоратни ўз зиммасига олишини билдирди.

Ўқувчилардан металлолом, макулатура ёки обуна учун пул талаб қилиниши мамлакатнинг барча коллеж, лицей ва мактабларида мунтазам давом этаяпти.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг металлолом жамғариш ҳақидаги қарорини бажариш масъулияти, асосан, мактаб-коллежлар ўқитувчию ўқувчилари, тиббиёт муассасаларининг шифокору ҳамширалари зиммасига юкланган.

Кейинги пайтда ҳатто боғчаларга қатнайдиган болаларнинг ота-оналарига ҳам металлолом солиғи солинмоқда.

XS
SM
MD
LG