Линклар

Шошилинч хабар
13 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:35

Хоразмда фермерлар кўсак чувдириб пахта топширмоқда


Хоразм вилояти ҳокими фермерлардан, режаси тўлган-тўлмаганидан қатъий назар, далада бир дона ҳам пахта қолдирмасдан териб давлатга топширишни талаб қилмоқда. Фермерларнинг айтишларича, далада пахта қолмаган ва улар кўсакларни ёриб, пахтасини ҳўллигича қабул пунктларига топширмоқда. Бу ишга яна бюджет ташкилоти ишчилари, ўқитувчию шифокорлар сафарбар қилинган.

Хоразм вилоятида пахта теримига қайтадан сафарбарлик эълон қилинди. Туманлар ҳокимлари тиббиёт ходимларини, ўқитувчиларни ва бошқа ташкилотлар ишчи-хизматчиларини мажбуран пахта тердиришда давом этмоқда.

Шовот туманида истиқомат қиладиган Қаҳрамоннинг айтишича, ҳоким бешинчи ноябргача пахта терими давом этиши ҳақида кўрсатма берган:

- Мана бугун бизда ёмғир ёғди. Далага борган ҳашарчилар пахтанинг ичи лой бўлганлиги учун киролмасдан қайтиб келди. Касалхона ходимлари, ўқитувчилар, бошқа ташкилотлар ишчилари яна мажбурий теримга чиқариляпти. Масалан, бизга ҳам ҳар куни маҳалладан 75 одам олиб чиқасан, бир ярим тонна пахта терасан, деб айтишади. Бунча одамни биз қаердан оламиз, уриб олиб чиқмайсизку ахир, дейди суҳбатдош.

Қаҳрамонга кўра, пахта терадиганлар арзон ёғ ва ун бериш билан рағбатлантириляпти:

- Ўттиз кило терганларга 2 кило ёғ берилади, ҳозир арзон ун проблема бўлиб қолган, уларга навбатсиз ун берилади, дейди Қаҳрамон.

Янгибозор туманидаги кекса деҳқонлардан бирининг айтишича, фермерлардан пахтаси очилмаган кўсакларни тердириб олиш ва унинг пахтасини топшириш талаб қилиняпти:

- Кеча ҳоким ҳар бир фермерга ернинг тагидан бўлса ҳам топиб, ҳар куни 200 килодан пахта топширасан, деган буйруқ берибди. Далада пахта деган нарсанинг ўзи кўринмайди. Кўрак териб келишяпти ҳашарчилар. Биз уни таёқ билан уриб ёриб, ичидаги пахтасини суғуриб оляпмиз. Фермерлар пахтани шундай ҳўллигича обориб, топшириб келяпти. Хлоппунктда илгари бундай пахта бўлса қайтариб юборарди, энди эса кўзига суртиб оляпти, деди деҳқон.

Хоразм вилояти ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими пахта терими 5 ноябргача давом этиши ҳақида ҳоким буйруғи борлигини тасдиқлади. Мулозимнинг айтишича, бюджет ташкилотлари ишчи хизматчилари учун ҳам терим ўша кунга қадар давом этади.

Озодлик манбалари берган хабарга кўра, аксарият вилоят туманларида ҳам худди шундай манзара кузатилмоқда.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 22 октябрь куни ўзбекистонлик пахтакорларни 3 миллиону 350 минг тонналик пахта териб олгани билан табриклаган ва шундан сўнг мажбурий пахта теримига сафарбар этилган бюджет ташкилотлари ишчи-хизматчилари, олийгоҳ ва коллежлар талаба-ўқувчилари теримдан қайтган эди.

Аммо орадан уч-тўрт кун ўтмай маҳаллий ҳокимлар текин ҳашарчиларни яна теримга сафарбар қилишни бошлади.

XS
SM
MD
LG