Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:42

Ҳолландия терговчилари: МН17 рейсини "Бук" ер-ҳаво ракетаси уриб туширган


15 ой давом этган терговнинг якуний ҳисоботи 13 октябрь куни Ҳолландиянинг Гилзе-Рийен ҳаво базасида тақдим этилди.
15 ой давом этган терговнинг якуний ҳисоботи 13 октябрь куни Ҳолландиянинг Гилзе-Рийен ҳаво базасида тақдим этилди.

Ўтган йили Украина осмонида 298 йўловчи билан ҳалокатга учраган МН17 самолёти "Бук" русумидаги ракетадан уриб туширилган. Ҳолландия 15 ойлик тергов хулосаларини 13 октябрь куни эълон қилди. Россия расмийлари ҳисобот ҳали эълон қилинмасдан уни инкор қилишга шошилишди.

Ҳолландия хавфсизлик кенгаши сешанба куни эълон қилган хулосаларига кўра, ўтган йили Украина осмонида Малайзия Ҳаво йўлларига қарашли МН17 йўловчи рейсини "Бук" русумидаги ер-ҳаво ракетаси уриб туширган.

Ҳолландиялик мутахассилар MH17 рейси ҳалокатига Boeing 777 самолёти экипаж кабинасининг чап томонида ракета портлаши сабаб бўлган, дея хулоса қилди.

Терговчилар: МН17 йўловчи рейсини Бук ер-ҳаво ракетаси уриб туширган
Терговчилар: МН17 йўловчи рейсини Бук ер-ҳаво ракетаси уриб туширган

МН17 рейси бўйича парвоз қилган Boeing 777 йўловчи самолёти 2014 йил 17 июль куни Украина шарқида, россияпараст айирмачилар назоратидаги минтақа осмонида уриб туширилган эди. Самолёт олиб кетаётган 283 йўловчи билан 15 экипаж аъзосининг барчаси ҳали ерга қуламасданоқ ҳалок бўлганини хулоса қилишди, терговчилар. Ҳалок бўлганларнинг аксари Ҳолландия фуқаролари бўлган.

15 ой давом этган терговнинг якуний ҳисоботи 13 октябрь куни Ҳолландиянинг Гилзе-Рийен ҳаво базасида тақдим этилди. Ҳисоботда самолётни уриб туширган ракетани ким отгани ҳақида хулоса берилгани йўқ.

Амстердам-Куала Лумпур йўналиши бўйича 298 одамни олиб кетаётган самолёт Украина ҳукумат кучлари ва россияпараст айирмачилар ўртасида жанглар айни авжига чиққан пайтда уриб туширилган эди. Расмий Киев ва Ғарб давлатлари самолёт ҳалокатида айирмачиларни айблаб келади.

Айни пайтда, Ҳолландия терговчилари хулосалари очиқланишидан бир неча соат аввалроқ Россиянинг давлат назоратидаги жанговар ракеталар ишлаб чиқарувчи “Алмаз-Антей” ширкати ҳам МН17 рейси ҳалокати юзасидан ўз тергов ҳисоботини эълон қилди. Ҳолландия тергови натижаларини олдиндан инкор қилиш уриниши ўлароқ кўрилаётган ҳисоботда рус ширкати Boeing 777 йўловчи самолёти қулашига "Бук" ракетасининг алоқаси йўқ, деган иддаолар келтирилган.

"Алмаз-Антей" раҳбари Ян Новиков 13 октябрь куни Москвада ўтказилган матбуот анжуманида ширкат мутахассисларининг самолёт уриб туширилган жой ва унинг қулашига сабаб бўлган ракета тўғрисидаги хулосалари ҳолландиялик терговчилар хулосаларидан фарқ қилишини баён қилди.

Лекин, ҳали ҳолландиялик терговчилар ҳисоботи чиқмасдан, унда қандай хулосалар келтирилганини қаердан билишини "Алмаз-Антей" раҳбари аниқлаштирмади.

Новиковнинг иддао қилишича, ширкат мутахассислари ўтказган синовлар натижаларига кўра, “агар Малайзия Ҳаво Йўлларига қарашли Boeing 777 "Бук" ракета тизимидан уриб туширилган бўлса, демак бу ракета Донецк вилоятининг Зарочшенск қишлоғидан отилган бўлиши керак”.

Украина шарқидаги Россияпараст айирмачилар Зарошченск қишлоғи ҳалкоат рўй берган пайтда ҳукумат қўшинлари назоратида бўлганини иддао қилиб келади.

Лекин ракета қаердан ўтилгани тўғрисидаги бу хулосалар Ҳолландия терговчилари қўлга киритган далилларга зиддир. Уларнинг хулоса қилишича, "Бук" ракетаси Снежне қишлоғидан отилган.

XS
SM
MD
LG