Линклар

Шошилинч хабар
14 октябр 2024, Тошкент вақти: 23:50

Россияда муҳожирнинг боласи мактабга бориши мумкинми?


Ўзбекистонлик миллионлаб муҳожирлар орасида бола-чақасини ўзи билан олиб кетаётганлар кўпаймоқда.
Ўзбекистонлик миллионлаб муҳожирлар орасида бола-чақасини ўзи билан олиб кетаётганлар кўпаймоқда.

OzodJavobнинг навбатдаги сонида Россияда ишлаб, оиласи билан яшаётган ўзбек муҳожирларининг болалари қай тартибда таълим муассасаларида ўқий олиши мумкинлигини ўрганамиз.

Москвага оиласи билан ишлашга борган ўзбекистонлик ўғлини мактабга жойлаштириш тартиб-қоидалари қандайлиги билан қизиқди:

"11 ёшли ўғлим билан Москвадаман. Ўғлимни мактабга бермоқчиман. Ҳужжатлари учун кўп югуртиришди. Ўзи бу ерда ўқишига рухсат беришадими?", дея сўради муштарий.

Оиласи билан Россияда яшаётган ўзбекистонликлардан мактаб ёшидаги фарзандларининг таълимидан хавотир билдирилган бу каби мурожаатлар Озодликка кўп бўлаяпти.

***

Россия қонунларида агар чет эллик фуқаро қонуний равишда мамлакатда ишлаётган бўлса, унинг болалари ва неваралари мактабларда ўқиш ҳуқуқига эгалиги айтилган. Бироқ бу ерда фақат Россияга квота орқали ишлашга келган муҳожирлар назарда тутилган.

Шунингдек, Россия қонунлари мамлакат ҳудудида доимий яшаш ҳуқуқига эга хорижликлар ўз фарзандларини Россия мактабларига муаммосиз жойлаштириши мумкинлигига изн беради.

Айни пайтда Россияда 3 ойлик қайддан ўтиб, вақтинча яшаётган муҳожирларнинг болалари ҳам мактабга жойлаштирилиши мумкин.

Москвада яшаб муҳожирлар муаммоларини ўрганаётган журналист, "Ўзбек муҳожирлари" гуруҳи консультанти Соҳиба Ҳайитбоеванинг айтишича, Россияда вақтинча яшаётган муҳожирнинг фарзандини мактабга жойлаштириш учун болани яшаш жойида камида 1 йиллик муддатга қайддан ўтказилиши лозим бўлади:

- Болани яшаётган жойига регистрацияга қўйиш керак, миграционний учёт дейилади. Бола ота-она билан келгандан кейин уни миграционний учётга қўйиб, ана ундан кейин мактабга борилади. Ота-она билан Россияга кириб келади-ку бола. Ота-оналар истаган жойига регистрацияга қўйиб, яшайверади. Улар яшаётган жойида регистрацияда эмас. Лекин болаларда ундай эмас. Бола ўша яшаётган жойида регистрация бўлиб, ўша ҳудуддаги мактабга жойлаштирилиши керак. Ота-онасининг ҳужжати бошқа, боланики бошқа. Бола бир йилга ўша яшайдиган уйига регистрацияга қўйилиши керак. Она ҳар уч ойда регистрация қилиб, патент асосида регистрациясини узайтириб бориши керак. Бола эса яшайдиган уйига 1 йилга регистрация қилинади,- дейди Соҳиба Ҳайитбоева.

Демак, болани мактабга жойлаштириш учун:

1) Болани камида 1 йиллик муддатга қайдга қўйиш;

2) Боланинг ҳужжатлари (Туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ва бошқалар);

3) Болани тиббий кўрикдан ўтказиб, унга бир йиллик тиббий суғурта олиш лозим бўлади.

Тиббий суғуртанинг нархи ўртача 1500- 2000 рублни ташкил қилади.

Боланинг ҳужжатлари тайёр бўлгач, унинг рус тили билиш ёки билмаслигига қараб уни қайси мактаб олиш ҳал қилинади.

- Агар бола рус тилини билса, оддий мактабларга олади. Рус тилини билмаса, мигрантлар учун махсус мактаблар бор Москва шаҳри бўйича, рейионларда менимча кам. Ана шундай махсус мактабларга бериш мумкин. У ерда бир йил давомида олдин тил ўқитилиб, кейин оддий мактабларга ўтказилади, - дейди Соҳиба Ҳайитбоева.

Бола мактабда бир йил ўқиб ёзги таътилга чиққан пайти, унинг ҳужжатларини қайта тўғрилаш лозим бўлади:

1) Яшаш жойида болани камида 1 йиллик муддатга қайдга қўйиш;

3) Болани тиббий кўрикдан ўтказиб, унга бир йиллик тиббий суғуртани қайта олиш лозим бўлади.

Агар 1 йиллик муддат узайтирилмаса, муҳожирнинг боласи мактабдан четлаштирилиши мумкин.

Айни пайтда, Россияда нолегал яшаб, ишлаётган ўзбек мардикорлари ҳам анчагина. Бу каби муҳожирлар фақат ўз мақомини легаллаштирган тақдирдагина болалари мактабга олиниши мумкин.

****

Азиз муштарий агар сизнинг бугунги саволга муқобил жавобларингиз бўлса, ёки ўз тажрибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришингизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз, OzodJavobга мурожаат қилинг.

Саволларингизни скайп орқали Оzodskype ëки ErkinMikrofon га йўллашингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG