Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:04

Аҳолининг мева-сабзавотни оз истеъмол қилиши семизликка сабаб бўляпти


Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолининг мева-чева ва сабзавот истеъмол қилиши камайгани сабаб одамларда ўртача вазн ошмоқда, деб баёнот тарқатди. Вазирликка кўра, сўнгги йилларда аҳолининг гўшт, сут ва тухум истеъмол қилиши яхшиланган. Бироқ, ўзбекистонлик баъзи шифокорлар, аксинча, учма-уч тирикчилик боис озғинлашаётганлар ҳам ошаётганини айтмоқда.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, сўнгги йилларда аҳоли жон бошига гўшт ва гўшт маҳсулотларини истеъмол қилиш 1,3 баробарга, сут ва сут маҳсулотлари 1,6, тухум 2,2, сабзавот 2,6 ва мева 4 баробарга ортган.

Бироқ, 2014 йил давомида олиб борилган таҳлилларга кўра, ўзбекистонликларнинг 67,2 фоизи Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларидан анча оз мева-сабзавот истеъмол қилган. Аҳолининг 37 фоизи таркибида туз кўп бўлган озиқ-овқат истеъмол қилган. 16,4 фоиз аҳоли эса пассив жисмоний фаолият олиб борган. Ҳукжжатда бу ҳолатлар катта ёшдаги 20,2 фоиз аҳолининг ортиқча семиришига ва 33,9 фоиз аҳолининг қон босими касалликлари кўпайишига сабаб бўлгани айтилади.

Наманганлик шифокор Баҳодир Салимов вазирлик берган бу маълумотларда жон борлигини айтади:

- Бу гапларда ҳақиқат бор. Биз ўзи мева билан сабзавотни кам еймиз. Бунинг иккита сабаби бор. Биринчиси, менталитет, иккинчиси камбағалчилик. Масалан, ҳовлимизда уч-тўрт туп олма бўлса, шуни яхшисини сотамиз. Майда-чуйдаси, пачоқ-мачоғи болаларга бўлаверади, деймиз. Биласизми, яхшисини, витамини кўп бўлганини ўзимизга олиб қолмаймиз, балки тирикчилик учун сотамиз. Пул бўлсин, деймизда, дейди шифокор.

Баҳодир Салимовга кўра, ўзбекларнинг оддий сабзавотларни кам истеъмол қилиши, унли ва ёғли маҳсулотларга ўч бўлгани ҳам семизликка сабаб бўляпти:

- Биз ҳақиқатан ҳам нонни жуда кўп еймиз, қаерга борсак қўй ёғига ош еймиз. Ёғли сомсалару кабобларга эса суягимиз йўқ. Кейин охири қоннинг ивувчанлиги ошиб кетиб, томирлар тромбоз бўлади, босим ошади, касалликлар кўрибсизку келиб турибдида, дейди Баҳодир Салимов.

Шифокор аҳолининг гўшт ва тухум истеъмол қилиши бир оз яхшиланганини тасдиқлар экан, бироқ сут ва сут маҳсулотларини истеъмол қилиш 1,6 бараварга кўпайганини ҳақиқатдан узоқ рақамлар, дейди:

- Тухум билан гўшт ейиш яхшиланди, деганида жон бор. Лекин сут маҳсулоти оз. Масалан, бизнинг туманда 90 йилларда бир кунда 30-33 тонна сут қайта ишланарди. Ҳозир эса битта цех бор, бир кунда 2-2,5 тонна сутни қайта ишлайди. Бу етмайди, бори ҳам қиммат. Айниқса, мактаблар ва боғчалар ҳозир сутсиз қолган. Ҳаммани ҳам соғин сигир олиб боқишга кучи етмайди, деди шифокор Баҳодир Салимов.

Исми сир қолишини сўраган сирдарёлик шифокор эса, ўзбекистонликларнинг 20 фоизи ортиқча вазнга эга деган фикрга қўшилмаслигини айтади:

“Мен одамлар семириб кетяпти деб айтмаган бўлар эдим. Табиий, семизлар ҳам бор, лекин аҳолининг 20 фоизини ортиқча вазни бор деганига қўшилмайман. Чунки, "пичоқ мой устида" бўлган шароитда семириш кўп бўлади. Аксарият аҳолиси маошини зўрға учма-уч қилиб оиласига етказаётган, тирикчилик учун эртадан-кеч ўзини ҳар томонга ураётган одамлар семириш учун эмас, одатда, яшаб қолиш учун ҳаракат қилади”, деди шифокор.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси жорий йилнинг 25 апрелида “Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг соғлом овқатланиш соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирларни янада такомиллаштириш тўғрисида” қарор қабул қилган эди.

Бу қарор мамлакат аҳолиси саломатлигини мустаҳкамлаш, касалликларнинг олдини олиш, шунингдек, соғлом овқатланиш соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирларни янада такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, сўнгги 10 йилда Ўзбекистонда ўртача умр кўриш олти ярим йилга, 67 ёшдан 73,5 ёшгача узайган. Аёлларнинг ўртача умр кўриш даражаси эса 75,8 ёшга етган.

XS
SM
MD
LG