Линклар

Шошилинч хабар
23 сентябр 2019, Тошкент вақти: 17:09

Ўзбекистон

АҚШ Ўзбекистонга ИДга қарши ҳамкорликда курашишни таклиф қилди

Даниэль Розенблюм.

АҚШ Ўзбекистонни “Исломий давлат”га қарши курашиш учун тузилган халқаро коалицияга қўшилишга таклиф қилди.

АҚШ давлат котибининг Марказий Осиё давлатлари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Даниэль Розенблюм 27 августь куни Тошкентга қилган сафари чоғида Ўзбекистон раҳбарияти билан бу борада сўзлашувлар олиб борганини билдирди.

Розенблюмнинг айтишича, “Исломий давлат”га қарши кураш усулларидан бири жангариларни молиялаштириш йўлларини беркитиш ва разведка маълумотларини тўплашдир. “Ўзбекистоннинг бу борадаги ҳиссаси кераклидир”, деди Розенблюм.

АҚШ расмийси Тошкентда журналистлар билан учрашуви чоғида Ўзбекистоннинг пахта далаларида болалар меҳнатини бартараф этиш йўлидаги ҳаракатларини олқишлади. У,шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати пахтазорларда катталарни мажбурий меҳнатга жалб қилинишини тўхтатиш йўналишида кўп ишларни амалга ошириши зарурлигини ҳам алоҳида таъкидлади.

Халқаро ташкилотлар Ўзбекистон далаларида аҳоли мажбурий меҳнатга жалб қилинишини бир неча йиллардан бери танқид қилиб келади.

Кун янгиликлари

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купер билан шартнома бекор қилинди

Эктор Купер

Ўзбекистон футбол ассоциацияси Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купер билан шартномани ўзаро келишувга асосан бекор қилди. Бу ҳақда Ассоциация ўз расмий сайтида хабар қилди.

Аргентиналик мутахассис Эктор Купер 2018 йилнинг августида Ўзбекистон миллий терма жамоаси бошқарувига келган эди. У жамоага 1 йилдан ортиқроқ муддат давомида устозлик қилди.

"Ўзбекистон футбол ассоциацияси Эктор Купер ҳамда унинг бошчилигидаги мураббийлар штабига Ўзбекистон миллий терма жамоасидаги фаолияти учун миннатдорчилик билдиради ва уларга келгуси фаолиятида омад тилайди", дейилган Ўзбекистон футбол ассоциацияси баёнотида.

Доллар 9425.54 сўмга чиқди, евро 10383.02 сўмга тушди

Марказий банкнинг хабар қилишича, 24 сентябрдан бошлаб 1 АҚШ доллари 9424.54 сўм этиб белгиланди. Бу ўтган ҳафта белгиланган қийматдан 13.24 сўмга қимматроқ деганидир.

Евро 16 сентябрдаги кўрсаткичдан 38.11 сўмга арзонлади ва 10383.02 сўм этиб белгиланди.

Россия рубли 76 тийинга қимматлаб, 147.27 сўмга тенг бўлди.

Марказий банк мазкур валюталарни ушбу қийматда сотиш ёки сотиб олиш мажбуриятини олмаган.

Давлат тили тўғрисидаги қонуннинг 30 йиллиги муносабати билан давлат тили ўн кунлиги ўтказилади

Тошкентдаги супермаркетдаги ёзувлар рус тилида.

Ўзбек тилининг нуфузини жамиятда янада мустҳкамлаш мақсадида Ўзбек тили ва адабиёти университети, “Юксалиш” умуммилий ҳаракати, «Миллий тикланиш» демократик партияси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика маънавият-маърифат маркази ва бошқа қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда давлат тили ўн кунлигини ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ тузилди.

Бу ҳақда хабар қилган ЎзА ахборот агентлигига кўра, ўн кунлик доирасида бир қатор тарғибот тадбирлари ўтказиш режалаштирилган.

21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 30 йил тўлади.

Ўтган йили турмушга чиққан бекободлик бирданига 2 ўғил ва 2 қиз туғди

Иллюстратив сурат

Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида яшовчи Жўраевлар хонадонида бир йўла 4 нафар эгизак фарзанд - икки ўғил ва икки қиз туғилди.

Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматига таяниб маҳаллий нашрлар хабар қилди.

Врачларга кўра, Шоира Жўраева унинг 4 чақалоғи учун туғруқнинг асоратсиз ўтиши учун жарроҳлиқ амалиёти сўнгги перинатал технологиялар бўйича олиб борилган. Салкам бир соат давом этган операция муваффақиятли кечган. Ҳозирда чақалоқларнинг уч нафари интенсив болалар бўлимида. Бир нафарининг аҳволи эътиборталаб бўлгани учун чақалоқлар реанимацияси бўлимида кузатув ва интенсив даволаш жараёнида.

Онанинг аҳволи анча яхши. Болаларни парваришлашда бевосита ўзи иштирок этмоқда.

Ўтган йили турмуш қурган Шоира Жўраева Бекобод шаҳридаги фармацевтика заводида кичик ходим, Бекзод Жўраев эса Ўзбекистон металлургия комбинатида инженер.

"Чорсу" меҳмонхонаси қайта савдога қўйилди, нархи 1 сўм

Тошкентдаги "Чорсу" меҳмонхонаси.

Тошкентдаги"Чорсу" меҳмонхонаси 1 сўм бошланғич нархда ким ошди савдосига қўйилди.

Электрон онлайн аукционларни ташкил этиш марказининг хабар беришича, меҳмонхона 21 октябрда ўтадиган ким ошди савдосида сотилади.

Меҳмонхонани сотиб олган шахс уни ривожлантириш учун икки йил давомида 25 миллион доллар маблағ ётқизиши, 150та янги иш ўрни ташкил этиши шарт. Бундан ташқари меҳмонхона камида уч юлдузли мақомига эга бўлиши лозим.

2017 йилнинг сентябрида “Чорсу”ни туркиялик ишбилармон Аҳмад Демир сотиб олгани ва у меҳмонхона базасида “Эски шаҳар” савдо-сайëҳлик мажмуаси қуришга киришгани хабар қилинган эди.

Бироқ 2 июль куни иқтисодий масалалар бўйича Тошкент туманлараро суди Аҳмад Демир ўз мажбуриятларини бажармаган, деган қарорга келиб, у билан имзоланган шартномани бекор қилган эди.

Аҳмад Демир меҳмонхонани ноль қийматида сотиб олган эди. Шартнома бўйича у 33 миллион доллар инвестиция киритиши лозим бўлган.

Афғонистонга ўн йил электр қуввати етказиб бериш бўйича шартнома имзоланди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон Афғонистонга ўн йил давомида электр қуввати етказиб бериши бўйича шартнома имзоланди.

Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг билдиришича, шартнома Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё энергетика инвестицион форуми доирасида имзоланган.

"Сурхон - Пули-Хумри" электр узатиш линияси бўйича “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” ширкати ва Афғонистоннинг «Da Afghanistan Breshna Sherkat» компанияси ўртасида тузилган шартнома “ол ва тўла” тамойилига асосланади.

Электр энергияни етказиб бериш ҳажми дастлабки босқичда 4,2 миллиард кВт.с ни ташкил этади ва келгусида 6 миллиард кВт.с. га етказилади.

Бундан ташқари Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва Саудия Арабистонининг «ACWA Power» компанияси ўртасида иссиқлик электр станциялари ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича асосий шартлар тўғрисидаги битимлар имзоланди.

Шартномада Ўзбекистонда Давлат хусусий шерикчилик шартлари асосида қуввати 1250 МВт га тенг иссиқлик электр станциялари ва қуввати 1000 МВт га тенг шамол электр станцияларини қуриш режаси ҳақида гап боради.

ШҲТ саммити ўтказиладиган Самарқандни ободонлаштириш учун 25 миллион доллар қарз берилди

Самарқандда бўлаëтган янги қурилишлар.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити муносабати билан Самарқанд шаҳрини ободонлаштириш ва янги қурилишларни амалга ошириш учун 25 миллион доллар ажратилди.

Вазирлар Маҳкамаси қарорига асосан, 25 миллион доллар Ўзбекистон Тикланиш ва Тараққиёт жамғармаси томонидан Самарқанд вилоят ҳокимиятига 5 йил муддатга 2 йил имтиёзли даврни инобатга олган ҳолда 2 фоиз йиллик ставка билан қарзга берилади.

Қарорда айтилишича, мазкур маблағ ҳисобидан давлат ва жамоатчилик эҳтиёжи учун ери олинадиган фуқаролар ва ташкилотларга товон пули ҳам тўланади.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити Самарқандда 2022 йилда ўтказилади. Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Ўзбекистон, Ҳиндистон ва Покистон ташкилотга аъзо давлатлардир. Афғонистон, Беларус, Эрон ва Монголия ташкилотда кузатувчи давлат мақомига эга.

Ўтган йилнинг июнь ойида Ўзбекистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири Владимир Норов Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Бош котиби лавозимига тайинланган эди.

Бокс бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон биринчи ўринни эгаллади (ФОТОГАЛЕРЕЯ)

Боксчилар Тошкент аэропортида тантанали кутиб олинди. Миллий Олимпия қўмитаси фотосурати.

Россиянинг Екатеринбург шаҳрида ўтказилган бокс бўйича Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон жамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.

Жаҳон чемпионатида қатнашган 8 нафар ўзбек боксчисидан беш нафари медалларга сазовор бўлди.

Шаҳобиддин Зоиров, Миразиз Мирзаҳалилов, Баҳодир Жалолов олтин медалларни, Дилшодбек Рўзметов кумуш медални, Бобоусмон Батуров бронза медални қўлга киритди.

Мана шундай натижа ортидан Ўзбекистон жаҳон чемпионатинининг умумжамоа ҳисобида биринчи ўринга сазовор бўлди.

Россия жамоаси иккинчи, Қозоғистон боксчилари учинчи ўринларни эгалладилар.

Екатеринбургда жаҳон чемпионати 7 сентябрдан 21 сентябргача бўлиб ўтди.

Боксчиларнинг Тошкент аэропортида тантанали кутиб олиниши (МОҚ сайтидан олинган фотосуратлар)

1917 йилгача бўлган махфий тарихий ҳужжатлар жамоатчилик учун очилади

СССР архивида сақланган совет армияси махфий хариталари (иллюстратив сурат)

Президент Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикасида архив иши ва иш юритишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

ЎзА агентлиги эълон қилган фармонда “Ўзархив” агентлигини ташкил этиш ва 2020 йилнинг 1 январигача архивга оид қатор янги чоралар кўзда тутилган.

Янги ташкил қилинган агентликка берилган асосий вазифалардан бири Давлат хавфсизлик хизмати билан бирга 1917 йилгача бўлган архив ҳужжатларини 2020 йилнинг 1 январигача ўрнатилган тартибда махфийликдан чиқаришдир.

Бундан ташқари, 2020 йил 1 июнигача ватандошларнинг маълумоти, иш стажи, иш ҳақини тасдиқлаш ҳақидаги маълумотномаларни бериш хизматини Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари порталига ўтказиш кўзда тутилган.

Фармонда араб алифбосида яратилган туркий, форсий ва арабча ҳужжатлардаги ахборотлар бўйича аннотация маълумотларини тайёрлаш ва архив ҳужжатлари, китоблар ва қўлёзмаларни рақамлаштириш (электрон нусха олиш) ҳам шу икки идорага ўтказилиши айтилган.

Шунингдек, 3 ой ичида Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисмини доимий сақлаш ҳуқуқи берилган вазирликлар, идоралар, тармоқ давлат фондлари ва ташкилотлар рўйхатини қисқартириш назарда тутилган.

Мирзиёев декабрда олий даражадаги учрашувлар учун Японияга сафар қилади

Мирзиёев Япония элчиси Ёшинори Фужиямага ишонч ёрлиғини топширмоқда, 20 сентябрь, 2019 йил

Шу йилнинг декабрида президент Мирзиёевнинг Японияга сафар қилиши маълум қилинди.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, Мирзиёевнинг сафари давомида олий даражадаги учрашув ва музокаралар режаланмоқда.

20 сентябрь куни Мирзиёев Афғонистон, Ҳиндистон, Буюк Британия, Япония ҳамда Франциянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди.

Жумладан, ЎзА агентлигига интервью берган Япония элчисининг айтишича, томонлар ўртасида кутилаётган олий даражадаги учрашув иккитомонлама алоқаларда туб бурилиш ясайди.

Элчи ўзаро ҳамкорлик алоқаларида асосий эътибор Япония компаниялари инвестициясини жалб этиш, парламентлараро алоқани мустаҳкамлаш ва туризм соҳасида қўшма лойиҳаларни изчил давом эттиришга қаратилишини таъкидлади.

Олий ўқув юртларига супер-контрактнинг тасдиқланган якуний нархи эълон қилинди

Абитуриент тест натижаларини текширмоқда (Иллюстратив сурат)

Ўзбекистондаги олий ўқув юртларида 2019/2020 ўқув йили учун табақалаштирилган тўлов-контракт - супер-контракт миқдори бўйича якуний нархлар эълон қилинди.

Edu.uz Телеграм каналида берилишича, ўқишдан йиқилиб, контрактнинг кириш чизиғига 4 баллдан ортиқ етмай қолган ҳамда 56,7 баллдан кўп балл тўплаган абитуриентлар учун супер-контрактнинг минимал миқдорлари тасдиқланган.

Расмий маълумотга кўра, энг кўп тўлов ҳануз юриспруденцияда. Бу йўналишдаги супер-контракт нархи одатдаги контракт тўловининг 25 баробари, яъни 229 млн 184 минг сўмга (қарийб 24 ярим минг АҚШ доллари) тенг.

Кейинги ўринда эса тиббиёт йўналиши - одатдаги тўловнинг 20 баробари, яъни 170 млн 649 минг сўм (18 минг АҚШ долларидан ошиқроқ).

Қолган йўналишларда эса супер-контракт миқдори белгиланган тўловнинг 10 ва 15 баробарига тенг қилиб белгиланган.

Бундан ташқари, бу йилдан бошлаб, олий ўқув юртлари мустақил равишда супер-контрактга нарх белгилаши мумкин. Аммо, бу нарх расман белгиланган минимал миқдордан паст бўлиши мумкин эмас.

Шунингдек, бу йилдан бошлаб, талабалар контрактни стипендиясиз (арзонлаштирилган нархда) тўлаши мумкин.

Ўзбекистонда "Қаҳрамон она" ордени қайтадан таъсис этилиши мумкин

Совет Иттифоқи даврида кўп фарзанд туққан аёлларга бериб келинган "Қаҳрамон она" ордени Ўзбекистонда қайтадан жорий этилиши мумкин.

"Кун.уз" нашрининг хабар қилишича, 20 сентябр куни Ўзбекистон Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси қарор чиқариб, бу ҳақда аҳоли фикрини ўрганиш учун "Оила" илмий-амалий маркази, Хотин-қизлар қўмитаси, "Ижтимоий фикр" маркази, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашига топшириқ берган.

Унга кўра, санаб ўтилган ташкилотлар 2 ой муддатда мазкур масала бўйича жамоатчилик фикрини ўрганиб чиқишлари лозим.

Қарорга асосан, "Қаҳрамон она" ордени давлат ва жамият ҳаётида фидокорона меҳнат қилган, одоб-аҳлоқли ва юқори маънавиятли фарзандларни тарбиялаган оналар хизматини юксак эътироф этиш ва тақдирлаш мақсадида таъсис этилиши таклиф қилинмоқда.

Шунингдек, кўп болали оилаларга нисбатан манзилли давлат сиёсатини юритиш мақсадида уларни ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш масаласини ҳам ўрганиш бўйича қатор идораларга вазифа юклатилди.

Унга асосан, эндиликда Ўзбекистонда:
– кўп болали оилаларнинг электрон реестри шакклантирилиши ва доимий равишда юритиб борилиши,
– бундай оилаларга кўрсатилаётган ижтимоий кўмаклар ҳажми таҳлил қилиб борилиши,
– кўп болали оилаларга кўрсатилиши зарур бўлган кўмаклар тўғрисида маълумот йиғиш масалаларига кўпроқ этибор қаратила бошланиши мумкин.

"Қаҳрамон она" ордени собиқ СССРда 1944 йилда, демографик инқирознинг олдини олиш мақсадида таъсис этилган бўлиб, 10 ёки ундан кўпроқ болани дунёга келтирган оналар ўнинчи фарзанди 1 ёшга тўлган ва қолган болалари ҳаёт бўлган тақдирда мазкур орден билан тақдирланган.

Мукофот эгаларига қатор имтиёзлар жорий этилган.

1944-1991 йиллар давомида Ўзбекистонда юз мингга яқин онага "Қаҳрамон она" ордени берилган.

Ўзбекистон якка сайёҳлар учун энг хавфсиз беш давлатнинг бири бўлди

Wegoplace онлайн-сервиси 2019 йилда якка сайёҳлар учун энг хавфсиз ҳисобланган давлатлар рейтинги Solo Travel Safety Report 2019’ни эълон қилди.

Ўзбекистон ушбу рейтингнинг етакчи бешталигидан жой олди.

Ҳисобот 142 та давлат вакилларидан бир неча мезон бўйича сўровнома асосида тузилган.

Уларга тунги шаҳар бўйлаб сайр вақтида ўзларини қанчалик хавфсиз ҳис қилишлари, маҳаллий полицияга қанчалик ишонишлари ва бирор ҳужум ёки талончиликка учраганлари ҳақида саволлар берилган.

Энг юқори хавфсизлик индексига Сингапур эришди. Ундан кейинги ўринларни Норвегия, Исландия ва Финляндия эгаллади

5-ўрин эса 91 бирлик билан Ўзбекистонга берилди.

Ундан кейинги ўринлардан Ҳонгконг (91), Швейцария (91), Канада (90), Индонезия (89) ва Дания (88) жой олди.

Давлатлар ҳисоботда 4 даражали хавфсизлик схемаси бўйича баҳоланган: 1-гуруҳга сафар уюштириш энг хавфсиз бўлган, 4-гуруҳга эса бориш қатъиян тавсия қилинмайдиган давлатлар киритилган.

Ўзбекистон 1-гуруҳга, яъни якка сайёҳлар ўзларини хавфсиз ҳис қиладиган давлатлар қаторига киритилган.

Автобус-боғчалар ташкил этилади - Ҳукумат қарори

Болалар боғчалари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар айрим туманларида, қайта жиҳозланган ISUZU автобусларида ташкил этилади.

18 сентябрда мобил гуруҳлар базасида мактабгача таълим хизматларини кўрсатиш бўйича тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида ҳукумат қарори қабул қилинди.

Бу ҳақда хабар қилган Адлия вазирлига кўра, қарорга биноан, 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб, мактабгача таълим мобил гуруҳлари тажриба тариқасида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар айрим туманларида, қайта жиҳозланган ISUZU HC 40 автобусларида ташкил этилади.

"Мобил гуруҳнинг асосий вазифаларидан бири мактабгача таълим билан қамраб олинмаган болаларнинг ҳар томонлама етук, интеллектуал камол топишига шароит яратишдан иборат", дейилади хабарда.

Мобил гуруҳларга 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган, мактабгача таълим муассасаларига бормайдиган болалар қабул қилинади.

Қабул учун қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади:
ариза;
ота-она паспорти нусхаси;
боланинг туғилганлик гувоҳномаси нусхаси;
боланинг 2 дона фотосурати;
боланинг саломатлиги тўғрисида тиббий хулоса.

Мобил гуруҳларда хизматлар бепул кўрсатилади.

Бунда, овқатлантириш мажбурий эмас, таълим бир кунда 3-4 соатни ташкил этади.

Президент чет эллик инвесторлар учун “Investment visa” жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзолади

Президент Мирзиёев 19 сентябрда Ўзбекистон Республикасига келувчи хорижий фуқароларнинг айрим гуруҳлари учун қўшимча кириш визалари тоифаларини жорий этиш рўйхатига қўшимча киритиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Бу ҳақда хабар қилган Адлия вазирлигига кўра,
фармонга мувофиқ, рўйхатда мавжуд бўлган “Vatandosh”, “Student visa”, “Academic visa”, “Medical visa”, “Piligrim visa” лар қаторига энди “Investment visa” ҳам қўшилади.

“Investment visa” – Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётига белгиланган БҲМнинг 8 500 баравари миқдорида инвестиция киритган хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга расмийлаштирилади. Ушбу визанинг амал килиш муддати уч йил.

Ипотека бундан буён 20 йилга берилади, ёши 60дан ошганлар ипотека ололмайдилар

Иллюстратив сурат.

Ипотека кредитлари бундан буён ёши 60дан ошган шахсларга берилмайди. Адлия вазирлигининг 19 сентябрда маълум қилишича, ҳукумат бу борада айрим қарор ва низомларга ўзгартишлар киритди.

Янги тартибга асосан ипотека кредитлари 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган фуқароларга берилади. Бунга қадар ипотека олиш ҳуқуқига эга бўлганларнинг ёши чегараланмаган эди.

Бундан ташқари, эндиликда ипотека 6 ойлик имтёз муддати билан 15 йилга эмас, балки икки йиллик имтиёз муддати билан 20 йилга берилади. 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб имтиёз даври 1 йил қилиб белгиланади.

Ипотека кредити арзон уй-жой лойиҳавий қийматининг 90 фоизидан юқори даражада бўлмаган миқдорда белгиланади.

Ўзбекистон ҳукумати 2016 йилнинг октябрида қишлоқ ва шаҳарларда уй-жой қурилиши юзасидан 2017-2021 йилларга мўлжалланган дастурни қабул қилган эди. Мазкур дастур асосида ипотека кредитлари соҳасини ривожлантириш ҳам назарда тутилганди.

Расмий статистиканинг билдиришича, 2016-2018 йилларда ипотека ҳисобидан 82 мингта янги уй-жой қурилди ва 400 минг одам уй билан таъминланди.

Ўзбекистонлик муҳожирлар олти ойда Россиядан 2 миллиард доллар пул жўнатди

Иллюстратив сурат.

Россия Марказий банки 2019 йилнинг биринчи ярмида ўзбекистонликлар ватанларига 2 миллиард доллар пул жўнатганини маълум қилди.

Расмий маълумотда айтилишича, бу 2018 йилнинг шу даврига солиштирганда 200 миллион долларга кўпдир. Ўтган йилнинг биринчи ярмида Россиядан Ўзбекистонга 1 миллиард 800 миллион доллар пул ўтказилган эди.

Россиядан пул жўнатиш бўйича Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида биринчи ўринни эгаллади.

Бу кўрсаткич бўйича иккинчи ўринда Тожикистон (1,1 миллиард доллар) ва учинчи ўринда Қирғизистон (935 миллион доллар) турибди.

Гайдар институти ва Россия халқ хўжалиги академияси ҳисоботида таъкидланишича, уч йилдан бери Россияда Ўзбекистондан келган муҳожирлар сони кўпайиб бораётгани кузатилмоқда.

2017 йилда 1 миллион 900 минг, 2018 йилда 2 миллион ўзбекистонлик Россияда ишлаган бўлса, 2019 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, уларнинг сони 2 миллион 100 минг нафарга етган.

Петербургда ўзбекистонликни пичоқлаган миллатчилар қамоққа олинди

Иллюстратив сурат.

Санкт-Петербург шаҳрининг Красногвардейск туман суди Ўзбекистон фуқаросини ўлдиришга ҳаракат қилган икки нафар россияликни қамоққа олиш тўғрисида қарор чиқарди.

Санкт-Петербург судлари бирлашган матбуот хизматининг 19 сентябрда билдиришича, Роман Кулев ва Владислав Смоликов эҳтиёт чораси сифатида 16 ноябргача ҳибсда сақланади.

Терговнинг билдиришича, Кулев ва Смоликов 16 сентябрь куни Среднеохтинск проспектида Ўзбекистон фуқаросига уч марта пичоқ урган. Ўзбекистонлик муҳожир оғир аҳволда касалхонага ётқизилган. Бу воқеа тўғрисида Озодлик радиоси 18 сентябрь куни хабар берган эди.

Тергов Кулев ва Смоликов мазкур жиноятни миллий нафрат асосида амалга оширган, деб ҳисобламоқда. Айбланувчилар ўзларига билдирилган айбловни тан олмади.

“Сова” ахборот-таҳлилий марказининг билдиришича, 2019 йилнинг январидан августигача Россиянинг 14 минтақасида миллатчилар ҳужумлари қайд этилган. Ҳужумлар оқибатида беш одам ҳалок бўлган, 26 одам жароҳатланган.

Сув хўжаликларини ислоҳ қилиш мақсадида “Ақлли сув” тизими жорий этилади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда сув сарфини онлайн кузатиш имконини берувчи “Ақлли сув” тизими жорий этилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 19 сентябрда сув ресурсларини бошқариш тизимини ислоҳ қилиш масаласида ўтказилган йиғилишда қайд этди.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, бугунги кунда 3 миллион 200 минг гектар ерни суғориш учун 46 миллиард куб метр сув сарфланади. Бу сувнинг фақат 60 фоизи экинларга етиб бормоқда холос.

Бундай ҳолат жами 180 минг километр суғориш тармоқларининг 23 фоизигина бетон қопламга эга экани, улар ҳам сўнгги 30 йил ичида янгиланмагани ортидан пайдо бўлмоқда.

“Сув хўжалиги вазирлигига Жанубий Кореянинг 7 миллион долларлик гранти ҳисобидан 61 та сув хўжалиги объектида сув сарфини онлайн кузатиш имконини берувчи “Ақлли сув” тизимини жорий этиш вазифаси юклатилди”, - дейилади хабарда.

Келгуси йили 120 та ва 2023 йилгача 300 та объектда ушбу тизим татбиқ этилади.

Сенат раиси Норбоева депутатларни ижро ҳокимиятидан ҳисоб сўрашга чақирди

Сенат раиси Танзила Норбоева

18 сентябрь куни халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокамасига бағишланган сессияси селектор шаклида ўтказилди¸ деб хабар берди Ўзбекистон Сенати матбуот хизмати.

Селекторда қатнашган Сенат раиси Танзила Норбоева¸ маҳаллий матбуотга кўра¸ қонунчилик ва ижроия ҳокимияти фаолиятидаги жорий вазиятни танқид қилган.

Kun.uz нашри келтирган иқтибосда Норбоева бир-бирини инкор қилувчи қонунлар кўплиги¸ вазирлик ёки идоралар чиқарадиган қонуности ҳужжатлари амалда қонунни ишламайдиган қилиб қўйишини айтган.

“Бундай қонунларнинг ҳаммасини бекор қилиб, битта яхлит кодекс ҳолига келтириш керак”¸ деган Норбоева мазкур нашрга кўра.

Айни йиғилишда Сенат раиси депутатларни ижроия ҳокимиятидан ҳисоб сўрашга ҳам чақирган.

“Вазирларни олиб келтириб, ҳисобот сўранглар, ижрони талаб қилингалар. Айтилган ишни қилсин, уддасидан чиқа олмаса, нега қилолмаслигини тушунтириб, ёзиб берсин. Талаб этилса, уларга ишончсизлик вотумини билдиришимиз ҳам мумкин. Вотум билдириш ваколатини балки маҳаллий кенгашларга ҳам берармиз, шунда уларнинг кучи билинади”, деган Норбоева.

Мазкур учрашув ҳақида хабар берган Сенат матбуот хизмати Танзила Норбоеванинг бу гапларини умуман тилга олмаган.

Суд ва адвокатлар мустақиллиги бўйича БМТ маърузачиси Тошкентга келди

БМТ махсус маърузачиси Абдулазиз Комилов билан.

БМТнинг суд ва адвокатлар мустақиллиги бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян 19 сентябрь куни Тошкентда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашди.

Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Расмий баëнотга кўра¸ суҳбат чоғида Ўзбекистоннинг БМТ тузилмалари билан ҳамкорлиги муҳокама қилинган.

Айтилишича¸ Диего Гарсия-Саян 25 сентябргача суд, прокуроратура, адлия ва фуқаролик жамияти фаоллари билан учрашувлар ўтказади.

БМТ намояндаси ташриф арафасида «Ўзбекистон ҳукумати билан суд ислоҳоти масаласида конструктив мулоқот ўрнатиш» ниятида эканини билдирди.

Диего Гарсия-Саян ўз ташрифи якунлари ва дастлабки хулосаларини 25 сентябрда Тошкентда ўтадиган матбуот анжуманида эълон қилади. Якуний ҳисобот эса 2020 йилнинг июнида Женевада ўтадиган Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг навбатдаги йиғилишида тақдим этилади.

Бензин ишлаб чиқариш ва нефть қазиб олиш янада озайди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда жорий йилнинг саккиз ойида бензин ишлаб чиқариш ўтган йилга нисбатан 11,1 фоизга озайди.

Статистика қўмитасининг билдиришича, ўтган йилнинг январь-август ойлари оралиғида 764 минг 100 тонна бензин ишлаб чиқарилган бўлса, жорий йил 8 ойида бу кўрсаткич 679, 5 минг тоннани ташкил қилди.

Қўмита февраль ойида бензин ишлаб чиқариш жорий йил январида 2018 йилнинг январидагидан 31,8 фоизга камайиб кетгани ҳақида хабар берганди.

Дизел ёқилғисини ишлаб чиқариш ҳам 2018 йилнинг шу даврига солиштирганда 4 фоизга қисқарган ва 701,2 минг тонна бўлган.

Нефть қазиб олиш ҳажми 2018 йилнинг январь—августида деярли 500 минг тонна бўлса, жорий йилда 467,2 минг тонна, яъни 6,5 фоиз кам нефть қазилди.

“Автомобилсиз кун” умумжаҳон ҳаракати доирасида Тошкентда 19 сентябрь куни метро бепул бўлади

Ҳабиб Абдуллаев метро бекати.

Тошкентда 19 сентябрь куни биринчи марта ўтказилаётган “Автомобилсиз кун” умумжаҳон ҳаракати доирасида бепул метро тадбири ўтказилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Темир йўллари ширкати маълум қилди.

Метро бекатлари ва ўтиш жойлари мусиқачилар, актёрлар ва бошқа кўнгилочар дастурлар саҳнасига айланади.

Акция ташкилотчилари пойтахт аҳолиси шу куни ўз машиналарини қолдириб, ишхоналарига метрода боришга умид қилмоқда.

Дунёнинг 50 мамлкатида ҳар йили ўтадиган “Европа ҳаракатланиш ҳафтаси”да Тошкент биринчи марта иштирок этмоқда. Жорий йилда мазкур ҳафталик 16 сeнтябрдан 22 сентябргача давом этади.

«Бепул метро куни тадбири 2019 йил 19 сентябрда Тошкент метросининг барча станцияларида амал қилади. Тошкент метроси умумий узунлиги 37 кмдан узунроқ бўлиб, у 29 та станцияга эга. Тошкентда метро хизматидан кунига ўртача 200 минг киши фойдаланади. Бу дунёнинг бошқа пойтахт шаҳарларига нисбатан жуда паст кўрсаткич», дейилади расмий хабарда.

Номинал қиймати 25 сўм ва ундан кам бўлган пуллар 2020 йил 1 мартдан муомаладан чиқарилади

Ўзбек сўми.

Номинал қиймати 25 сўм ва ундан оз бўлган тангалар расман 2020 йилнинг 1 мартидан муомаладан чиқарилади.

Адлия вазирлигининг билдиришича, 18 сентябрь куни тангаларни ва банкнотларни муомаладан қайтариб олиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган ва давлат рўйхатидан ўтказилган.

Низомга асосан 1, 3, 5, 10, 20, 50 тийинлик, 1, 5, 10, 25 сўмлик тангалар, шунингдек 1, 3, 5, 10, 25 сўмлик эски намунадаги банкнотлар 2020 йилнинг 1 мартидан тўлов воситаси сифатида ўз кучини йўқотади.

Ушбу танга ва банкнотлар ҳеч қандай монелик, чекловларсиз, тўлов ёки воситачилик ҳақи ундирилмаган ҳолда 1 мартгача Ҳисоб-китоб касса марказлари, тижорат банклари ва уларнинг филиаллари томонидан, 2020 йилнинг 1 мартидан 2021 йил 1 январга қадар эса фақат Ҳисоб-китоб касса марказлари томонидан алмаштириб берилади.

Шу йилнинг 1 июлидан бошлаб Ўзбекистонда 2001−2002, 2004 ва 2009 йиллар намунасидаги 50 сўмлик, 100 сўмлик тангалари ҳамда 1994 йил намунасидаги 50 сўмлик ва 100 сўмлик банкнотлари муомаладан чиқарилган эди.

Футбол бўйича U-19 Осиё чемпионати финали илк маротаба Ўзбекистонда ўтказилади

U-19 чемпионати доирасида Эрон-Ўзбекистон ўйини 10 август куни Душанбеда ўтказилган.

Футбол бўйича 19 ёшгача бўлган болалар ўртасидаги Осиё чемпионатининг финал босқичи илк бор Ўзбекистонда ўтказилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Футбол ассоциацияси маълум қилди.

Хабарда айтилишича, Осиё футбол конфедерацияси Мусобақалар қўмитасининг 17 март куни Малайзиянинг Куала Лумпур шаҳрида ўтган йиғилишида U-19 Осиё чемпионати баҳсларини қабул қилиш учун ариза берган мамлакатлар ичида Ўзбекистон номзоди маъқулланди.

Мазкур чемпионатнинг финал босқичи 2020 йилнинг 14 октябридан 31 октябригача ўтказилиши режалаштирилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG