Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:47

“Бобоназарова музей талон-тарож қилинишига 31 йил қарши тура олди”


Мариника Бобоназарова
Мариника Бобоназарова

"Савицкийниг нодир коллекцияси" дея Ўзбекистонни дунëга танитган Нукусдаги Қорақалпоқ Давлат Санъат Музейи директори Мариника Бобоназарова ишдан бўшатилиши нафақат музей жамоасининг 86 ходими¸ балки бу жамлама қадрини билган кўплаб санъатшунослар норозилигига сабаб бўлди. 31 йилдан бери музейга раҳбарлик қилган Мариника Бобоназарова Савицкий коллекциясининг ташкил топганига 100 йил тўлиши арафасида ишдан олинди.

Мариника Бобоназарова 24 август куни Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг у билан меҳнат шартномасини бекор қилиш қарори ортидан ишдан олинди. Бобоназарова жаҳонга машҳур Савицкий коллекциясининг 100 йиллик санасини дунë бўйлаб нишонлаш ташаббуси билан чиққан эди.

Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлигидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ раҳбарларга Бобоназарованинг ана шу ташаббуси ëқмаган.

- Муаммо шундаки¸ ҳозирги раҳбарлар барча ютуқлар мустақиллик даврида президент шарофати билан қилинди деган мазмундаги тадбирларни ўтказишга мойил. Бобоназарова эса жамламанинг (Савицкий коллекцияси-таҳр.) 100 йиллиги ҳақида таклиф киритди. Унга маблағ йўқ деган сабаб кўрсатилди. Бобоназарова бўлса халқаро донорлар кўмагида ўтказамиз деб туриб олди¸- дея таъкидлайди Озодлик манбаси.

Тасвирий санъат билимдонлари ва мунаққидлар назарида Нукусдаги санъат музейи рус авангард расмлари жамланган дунëдаги иккинчи катта музейдир. Британиянинг Guardian нашри Нукус музей жамламасини дунëдаги энг нодир коллекциялардан бири, деб атаган. Британиянинг Telegraph газетаси Нукус музейини саёҳат учун экстраординар манзиллар рўйхатига киритиб жамламани “саҳро ичидаги гавҳар”, деб атаган.

Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасида маданият ишларини мувофиқлаштирган ва кўп нарсадан ҳабардор мулозимнинг исми сир қолиниши шарти билан Озодликка айтишича¸ Савицкий коллекцияси деб аталадиган бу хазинани хазинабонидан айириб талон-тарож учун йўл очиш жараëни кетмоқда:

- Мариника бўлмаганида эди, у музейдаги авангард асарлар аллақачонлар талон-тарож бўлиб тугаб кетган бўлар эди. У ўзининг фидокорлиги ва музейга садоқати билан ажралиб турди. Хўжайинларнинг ноўрин талабларини бажармаслиги, принципиаллиги¸ виждонлилиги¸ компромиссга бормаслиги билан анча йиллардан бери мулозимлар кўзига кўканак бўлиб қолган эди¸- дейди манба.

Ўзбекистон музейларидаги талон-тарож ва коррупциядан яхши хабардор бўлган мулозим “Бобоназарова музей талон-тарож қилинишига 31 йил қарши тура олган фидокордир”, дея таъкидлайди. Агар Мариника бўлмаганида музей таназзулга юз тутар эди¸ дея давом этади суҳбатдош:

- Унинг даврида музей фақат сақлаб қолинди¸ беном асарлар авторлиги тикланди. Коллекцияни асраш ва хавфсизлик масаласи ҳал қилинди. Давлатимизда биронта музей ҳали бу музей билан ҳеч қанақа шароитда рақобатлаша олмайди ҳам. Аввало у ердаги асарларга конкрет харидорлар борлигини ҳамма билади. Асарларга эгалик қилишга қаратилган қўпол ҳаракатларга қарши айнан Мариника тўғон бўлиб турди¸- дейди суҳбатдош.

Озодликнинг Мариника Бобоназарова билан боғланиш уринишлари натижасиз қолди.

Тўрт томондан ҳамла

Озодликка маълум бўлишича¸ Мариника Бобоназарова тўқсонинчи йиллардаги иқтисодий таназзул пайтида “Нукус музейи дўстлари” деган жамғарма тузиб, музей фаолиятининг давомийлигини таъминлаган. Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасидаги Озодлик манбаси бугунги кунда музей ғанимлари кўпайгани ва Ўзбекистондаги камида учта давлат ташкилоти Мариникага қарши “тиш қайраб келган”ини таъкидлайди:

- Бу ташкилотлар Савицкий музейида ўз одами бўлишини исташади. Масалан, Бадиий академиянинг янги раиси унга тиш қайраб ўрнига янги одам бўлишини истаб келган. Вазирликда ҳам шундай кайфият мавжуд. 12 йилча аввал қурилган музей биносининг ҳамма ëғи дабдала бўлгани учун Мариника ҳозиргача қабул қилиш актига имзо чекмаган. Музей биноси ҳозиргача давлат комиссияси тарафидан фойдаланишга қабул қилинмади. Оқибатини тасаввур қилаверинг¸ Мариника кетса, музей талон-тарож бўлади. Ҳаммасини сохта копиялар билан алмаштириб қўйишади¸- дейди суҳбатдош.

Қорақалпоқ Давлат Санъат Музейи директори Мариника Бобоназарова ишдан бўшатилиши арафасида МХХ назоратида экани айтиладиган нашрлардан бирида аноним мақола эълон қилинди.

Мақола муаллифлари Мариника Бобоназаровани талончиликда айблашган. Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасидаги мулозим ва Нукусдаги музей муҳофизларидан бири бу мактубни “исбот-далилга эга бўлмаган провакация”, деб аташди. Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасидаги мулозим ҳам бу мактубни “тухмат” деб малакалади.

Кўза кунда эмас кунида синди

Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасидаги мулозим Бобоназарованинг ишдан олинишига Савицкий коллекцияси 100 йилигини нишонлаш ташаббуси сабаб бўлди деган фикрга қўшилмайди:

- Манба ҳамма жойда қўлланиладиган клишега таянибди холос. Ваҳоланки, Мариника ҳеч қачон давлат идоралари қаршилигига тескари борган эмас. Муаммо анча аввалдан бери сасиб-тутаб келаëтган эди. Буни 10 йилдан бери биламан. Ҳар сафар Мариникани ишдан олмоқчи бўлишганида нимадир сабаб бўлиб орқага сурилар эди. Мариника буларни билгани боис эҳтиëткорлик билан, муаммога заррача асос бермай ишлаб келар эди. Аммо шунга қарамай Мариника энди кетди. Уни қайтаришмайди. Афус¸- дейди суҳбатдош.

Ҳазинабон садоқати

"Музей директори Мариника Бобоназарова 1984 йилда ноёб коллекцияни Савицкийнинг ўзидан қабул қилиб олганидан бери уни кўз қорачиғидек асрашга уриниб келганини кўриб билганимиз учун ҳам у кишининг кетишини истмаймаиз", дейди Озодлик билан суҳбатлашган музей ходимаси Муҳаббат.

Исми айтилишини истамаган музей муҳофизларидан бири эса Мариникани санъат ғоясига содиқ қолган садоқатли ҳазинабон сифатида қадрлашини айтади:

- Унга барибир бошингга етишади, иссиғида обрў билан кет дейишганида, қайсарлик қилиб битта гапни такрорлар эди. “Бу жамлама нафақат меники¸ балки устозим менга ишониб қолдирган омонат. Ташлаб кетсам ҳиëнат қилган бўламан. Чунки кетсам бу асарлар бу ерда қолмайди. Бу миллат мулки. Ўзимни эмас шу етимларни ўйлайман кўпроқ. Уларни бир марта ҳақорат қилиниш ва йўқ бўлишдан Игор Савицкий қутқариб қолди. Иккинчи марта қандай қилиб бу етимларни ташлаб кетиш мумкин. Менинг ҳеч қандай айбим йўқ. Ҳеч нарсани менга тўнкай олишмайди. Мени ҳамма яҳши билади¸ жамоа ҳам¸ халқ ҳам¸ санъат шайдолари ҳам¸ тепадагилар ҳам” деган эди дея Мариникадан иқтибос келтиради суҳбатдош.

Коллекция тақдири нима бўлади?

Озодликка маълум бўлишича, Бобоназарованинг ишдан олиниши ортидан “Туркистон авангарди” дея қадрланадиган Савицкий коллекциясини Тошкентга ташиб кетиш режаланган.

Айни пайтда Нукус музейи мутахассислари Савицкий коллекциясининг Нукусда сақланиши зарур деб билишади.

Айрим мутахассислар Қорақалпоғистондаги қуруқ ҳаво мой бўëқ расмларга салбий таъсир қилиши боис коллекцияни Тошкентга олиб кетиш керак деган фикрда.

Таниқли ўзбек санъатшуноси профессор Тилаб Маҳмудов Савицкий коллекцияси Нукусда қолиши керак деган фикрда собит.

- Нима учун Савицкий йиққан Нукусда қорақалпоқ халқининг нодир хазинаси бўладию, уни Тошкентга олиб келиш керак? Тошкентликларнинг ақли бўлса, ўз вақтида ўзи тўплаши керак эди. Савицкийдай одам Нукусда шунақа бир музей ташкил қиладию, бутун дунë Нукусда шунақа асарлар борлигини биладию уни Тошкентга олиб келиш ахмоқона иш эмасми,- дейди Тилаб Маҳмудов.

Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин мамлакат музейларида ўғирлик ва талон-тарож эпидемия каби тарқалгани эсланади.

2001 йил охирида Ўзбекистон Давлат Санъат музейидан рус рассомларининг бешта машҳур асари ўмарилган эди.

Айвазовскийга оид “Даштда кун ботиши”¸ Тропинин чизган “Оболенская портрети”¸ Брюлловнинг “Турк қизи”¸ Крамскойнинг "Қизил дуррали қиз" ва Суриковнинг “Мерган қиз” асарлари ўғирлаб кетилган эди.

Нукус музейидаги Қорахон асари
Нукус музейидаги Қорахон асари

Кейинги икки-уч йилда Ўзбекистон Давлат Санъат музейидан итальян рассоми Томазо Солари чизган “Олма ушлаган Венера” ва машҳур рассом Беллони мўйқаламига мансуб “Чўмилаëтган аëл” асарларини ўғирлашга уриниш бўлган.

Ўзбекистон музейларидаги кўп асарларнинг оригиналлари пулланиб¸ ўрнига қўлбола нусхаларини қўйиш амалиëти ҳам урчигани айтилади.

Ўтган йили Жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани суди Ўзбекистон давлат санъат музейи бош муҳофизи Мирфайз Усмоновни 9 йилу 3 ойга озодликдан маҳрум қилган эди. Музей мансабдори 1999 йилдан 2014 йилга қадар музейнинг кўплаб нодир асарларини сотиб юбориб, давлатга жуда ката миқдорда зарар келтирган.

Бош муҳофиз Мирфайз Усмонов музейнинг бошқа ходими – реставратор Абдураҳмон Мурановга картиналарнинг қалбаки нусхасини чиздириб, оригинал нусхани сотиб юборган. Шу тариқа Александр Николаевнинг “Рисунок мальчика”, “Девушка с фруктами”, Оганес Татевосьяннинг “Чайхана”, “Бухара”, “Море”, Николай Караханнинг “Девушки у хауза”, Рихард-Карл Зоммернинг “Мост через горную реку”, “Шашличная” картиналари пулланган.

Шунингдек, Усмонов музейнинг экспонатларни таъмирлаш лабораторияси мудири Бахтиёр Ботиров билан тил бириктириб, европалик рассомларнинг 25га яқин асарини ҳам сотиб юборган.

Ўзбекистон музейларида Пабло Пикассо¸ Василий Кандинский каби машҳур рассомларнинг асарлари мавжуд. Бу асарларнинг жаҳон бозоридаги нархи миллионлаб долларга баҳоланади.

1984 йили Савицкий тўсатдан оламдан ўтганидан сўнг унинг коллекциясига кўз олайтирувчилар кўп бўлган. Бироқ музей коллективи ва Бобоназарова хонимнинг сайъ ҳаракатлари билан асарлар шу кунгача сақланиб келган. Бу коллекцияни пулга чақиб бирор бир рақамни айта оласизми, дея сўрадик санъатшунос Тилаб Маҳмудовдан.

- Бу коллекциянинг нархи ҳақида саволни эшитишни ҳам истамайман. Зеро, бу хазинани ўлчайдиган тарозининг ўзи йўқ. Ахир Эркин Воҳидов айтганку “меҳрни ўлчаб бўлурму зар билан, зебо билан” деб. Тасвирий санъат асарини пул билан, нарх билан ўлчаб бўладими? Пулга чақиб пул билан ўлчаб бўлмайди. Пул ҳақида гап бўлиши мумкин эмас бунақа ишлар ҳақида гап кетаëтганда,- дейди Тилаб Маҳмудов.

Озодликка маълум бўлишича шу кунларда Ўзбекистон Маданият вазирлиги авангард услубидаги Нукус жамламаси намойиши, қолаверса унинг кўргазма учун хорижга олиб чиқилишини тақиқлаб қўйган.

Музей директори Мариника Бобоназаровага ҳам хорижга чиқиш тавсия қилинмагани айтилмоқда.

XS
SM
MD
LG