Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:52

ОzodMaktub: “Метрода Қуръону жойнамоз олиб юриш “опасный” бўлиб қолди”


Тошкент метроси станцияларидан бири.
Тошкент метроси станцияларидан бири.

Тошкент шаҳридаги давлат ташкилотларидан бирида ишлайдиган мутахассис Озодликка мактуб йўллаб, метро милицияси ходимлари унинг ёнидан Қуръон китоби ва жойнамоз топиб олишгани учун, роса “обориб – опкегани” ҳақида ёзди.

Ассалому алайкум, Озодлик.

Келинг, исмимни Абдуллоҳ деб айта қолай. Чунки, бу худобехабарлардан кўп нарса кутиш мумкин. Мусулмон бўлганим ва ёнимда Қуръон китоби олиб юрганим учун шунчалик қилишдию, агар сизларга гапирганимни билишса, яна бошимга не савдоларни солишлари мумкин.

Воқеа бундай бўлган эди:

Якшанба куни у-бу нарса харид қилиш учун Ипподромдаги бозорга тушдим. Қайтишда Олмазор бекатидан метрога тушдим. Ёнимда доим бирга олиб юрадиган кичкинагина Қуръон китобини метрода ўқиб келдим.

Метродан чиқаётганимда битта мелиса бола мени тўхтатиб, ҳужжатларимни сўради. Кўрсатдим. Кейин мени ичкарига олиб кириб, тинтув қилишди. Ёнимдан чиққан Қуръон китобию, жойнамозни кўриб, танга топган тентакдек севиниб кетишди.

Бир зумда қаёқларгадир телефон қилишди, террористни ушладик, тезкор гуруҳни юборинглар дейишди. “Ҳой одамлар, қанақа террорист, мен оддий мусулмон одамман, бу Қуръон китоби, бу тақиқланмаган”, деганимга ҳам қулоқ солишмади.

Айниқса, жойнамозимнинг қора рангда эканлиги уларнинг кўзларини ўйнатиб юборди. Улар буни ИШИД рамзи деб билишди. “Бу қора рангли жойнамоз исломий давлат байроғини эслатади, бу ИШИДчи деб, роса бошимни қотиришди.

Тахминан бир соатлардан сўнг, СНБнинг юқори лавозимли бир зобити келди. Бу зобит саводли экан чоғи, китобни кўриб, “бу Қуръон, бу тақиқланмаган китоб”, деди. Жойнамоз ҳам қора рангда бўлиши мумкинлигини анаву чаласавод мелисаларга айтди. Қўйиб юборинглар, дедию кетди.

Ана энди томошани кўринг. Боягина кўзлари шокосадай бўлиб, қовоқларидан паға-паға қор ёғаётган мелисалар бир юмалаб бошқа одамга айланиб қолишди. Уларнинг кўзлари энди тулкининг кўзларидай ўйнар эди. Нима дейди денг? Ака, биз ҳам мусулмонмиз, бу китобни истаган жойингизда ўқишингиз мумкин. Биздан хафа бўлманг, истасангиз шу ерда намозингизни ҳам ўқиб олинг, дейишди.

Бир соат олдин мени гўрга тиқмоқчи бўлган тилёғлама ва манфур мелисаларнинг бу ҳаракатидан кулишимни ҳам, йиғлашимни ҳам билмадим. Буларнинг кўзида намоз ўқиган, ёнида Қуръон китоби бор ҳамма одам террорчи. “Сизларнинг бенамоз жойингизда, намоз ўқимайман”, дедимда чиқиб кетдим.

Абдуллоҳ. Тошкент. 29 июль, 2015 йил.

XS
SM
MD
LG