Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:42

М.Нур: Ҳазрат сўнгги 500 йилда чиққан энг катта уламо


Шайхнинг муфтийлик фаолияти ҳақида Озодликка интервью берган ўзбекистонлик тадқиқотчи Муҳаммад Нур Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ўзбекистон мусулмонлари учун сўнгги 500 йилда қилинмаган улкан хизматни қилди, деган хулосасини тилга олди. У сўнгги кунларига қадар шайхнинг ёнида бўлган тадқиқотчилардан биридир.

Муҳаммад Нур шайх қолдирган 100 дан ортиқ, илмий-маърифий, фиқҳий ва сиёсий адабиётнинг қарийб ҳаммасини мутолаа қилган илм аҳлидан бири.

Шайхнинг муфтийлик давридаги фаолияти хусусийда билдирилаётган танқидларни Муҳаммад Нур "нохолис" деб баҳолади.

Хусусан, 1992-93 йиллар оралиғида Ўзбекистонда Исломий партия тузишга уринишларини шайхнинг қувватламаганини хотирлаган тадқиқотчи бу ҳаракатларга шайх ҳазратларининг ўзи берган изоҳни хотирлатди:

- Ҳазрат ва шу кишининг атрофидаги айни фикрдаги одамлар: “Ҳозир сиëсий партиялар тузишлик айнан исломнинг оëғига болта уриш билан бир хил. Ҳозирги кунда тарбия билан шуғулланиш керак, мусулмонлар савиясини исломий маънода юксалтириш керак”, деганлар. Ўзларидан менинг шахсан эшитганим: "Бир кун муфтиятда турсам, келиб айтишганки: "Биз қайсидир қўмитага бордик, сизга жўнатишди. Сиз рухсат берсангиз, кейин биз ислом партиясини тузарканмиз", дейишди. Шунда мен уларга: “Ҳозир сизларни менга жўнатган одамлар устингиздан кулиб ўтирибди. Сизлар исломий партия тузадиган бўлсанглар, менинг қанақа рухсатим керак бўлади? Партия тузишликнинг ўзига яраша конституцион йўл-йўриқлари бор” ,дедим. Исломий партия, тузамиз деганларнинг савияси шу даражада эди ўша пайтда" деган эдилар. Ҳазрат албатта биз бу партияга қўшилмаймиз, дедилар. Чунки бу партияни тузаман деган одамларни савиялари динга, миллатга хизмат қилишлик савиясида бўлмаганини сезган у киши.

Озодлик: Нимага ўзлари тузмаган унда?

- Ҳазрат сиëсатни мақсад қилмаганлар. Ҳазратнинг мақсадлари диний саводсизликни барҳам топтириш, коммунистик тузумдан қутулиб, мустақил бўлган давримиздаги янги бир авлодга исломни соф маънода, толерантлик, яъни бағрикенглик маъносидаги тушунчаларни беришни биринчи ўринга қўйганлар.

Озодлик: Ўша пайтда шайхнинг атрофида ҳам, бошқа диний жамоаларда ҳам диний-сиëсий партияни бошқаришга, уни ҳимоя қилишга қодир пешволар бор эди. Мана Тожикистонда рамзий, дея танқид қилинса-да, исломий партия бор. Бунга жамият ҳам, ҳукумат ҳам кўникди. Ўзбекистонда бунга йўл берилмагани катта хато бўлмаганми?

- Бу ишни хато ëки тўғри бўлганини натижага қараб белгилаш керак. Расмий, қўлидан ҳеч нарса келмайдиган сиëсий партиядан кўра, ҳазрат қолдирган мадраса, ҳазрат қолдирган мактаб уммат учун жуда катта фойда бўлди. Буни аҳли илмлар шундай тушунади. Мен тарихга назар солиб кўрдим, у киши ўзбек миллатининг ичида бизнинг Моварауннаҳр юртида 500 йил ичида қилинмаган хизматни қилдилар, - деб ҳисоблайди ўзбекистонлик ёш тадқиқотчи Муҳаммад Нур.

У киши бу хулосасига далил тарзида ўзбек тилида Қуръони карим маъноларининг таржимаси чоп этилиши, Олий Маҳатга Қуръони карим, ҳадисга оид бир неча йўналишдаги фанларнинг киритилиши ва 100 дан ортиқ номдаги китобларнинг чоп этилишини мисол келтирди.

Дарвоқе, Муҳаммад Нур сўнгги 10 йил ичида Ўзбекистонда, асосан, шайх Муҳаммад Солиҳ Муҳамад Юсуфнинг китоблари чиққани, у кишига рухсат берилганию, қолганларнинг чекланганига оид хулосаларга ҳам муносабат билдириб ўтди:

- Бу - Ўзбекистон ҳукуматининг узоқни кўра билиши ва энг ақлли қарорлардан бирини қилганидан далолат. Сабаби ҳазратга ўхшаган уламога рухсат бериш, албатта, ҳар қандай ақлли сиëсатчининг иши ҳисобланади. "Ҳазрат сиëсатга хизмат қилди ва бунга мазҳабни қурол қилди", деган одамлар мантиқнинг "иккита зиддият жамланмайди" деган қоидасига кўра мантиқсизлик қилишаяпти. Чунки мазҳабнинг сиëсатга алоқаси йўқ, сиëсатнинг мазҳабга алоқаси йўқ, - деб таъкидлади Муҳаммад Нур.

Муҳаммад Нур билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:46 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG