Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:55

Тошкент масжидларида илк бор катта ифторликлар берилмоқда


Тошкентдаги "Минор", "Кўкча", "Имом Бухорий", "Камолон" каби йирик масжидларда бир неча юз кишилик ифторликлар ташкил қилинмоқда. Дастурхонлар масжид жамоаси, намозхон ва аҳоли эҳсонлари ҳисобига ёзилмоқда. Тошкент масжидларида ўтган йилларда ҳам ифторлик берилган, аммо уларга масжидларнинг 30-50 кишилик хос жамоат даъват қилинар эди.

22 июнь куни пойтахтликлар орасида "Оқ масжид" номини олган "Минор" масжидида 500 кишилик ифторлик берилди.

Масжид ҳовлисида ёзилган дастурхонлар ва ифторлик учун йиғилган юзлаб рўзадорлар жамоати акс этган суратлар ижтимоий тармоқларда қўлма-қўл бўлиб кетди.

Минордаши ифторликда иштирок этган тошкентлик намозхонлардан бирининг ёзишича, рўзадорлар масжидда катта ифторликлар берилишини олқишламоқдалар:

"Жамоат бўлиб, ифторликка йиғилиши жуда яхши нарса. "Минор" масжиди салқин, биринчидан. Ифторга хурмо, сув, мева-чева, қанд-қурс, иссиқ сомса, ҳар хил пишириқлар қўйилди.

Иссиқдан борган рўзадорга кифоя қиладиган даражадаги ифторлик бўлди. Таровиҳгача мазза қилиб салқинлаб ўтирдик. Масжидни ичига кириб, китоб ўқиганлар қанча бўлди, яхши бўлди", деди Озодликка микрофонсиз сўзлаган тошкентлик рўзадорлардан бири.

"Минор" масжидининг ўзидан бу хайрли тадбир юзасидан бирор расмий изоҳ олишнинг имкони бўлмади. Аммо, бу тадбир ҳақида хабар қилган qadriyat.uz сайтининг ёзишича, ташаббус намозхонлардан чиққан.

Сайтда берилган мақолада масжид имоми Раҳматуллоҳ қори Ҳабибуллоҳ ўғлидан бундай иқтибос келтирилди:

"Минор" масжиди имоми Раҳматуллоҳ қори
"Минор" масжиди имоми Раҳматуллоҳ қори

"Ушбу ифторликлар худди Ҳарами шарифдаги ифторликларни эслатиб юборди. Мусулмонларнинг мана шундай гўзал тадбирларига кўпчилик хавас қилмоқда... Ҳозирги қисқа кечаларда ифторликка хонадонларга бормасдан, шу ерда биргалашиб ифтор қилсак-да, кейин шошилмасдан масжидга келсак қандай яхши".

Пойтахтлик намозхонларнинг айтишларича, шу кунда юздан ортиқ рўзадор йиғилаётган ифторликлар пойтахтнинг "Кўкча", "Имом Бухорий", "Камолон" каби масжидларида ҳам ташкил қилинмоқда.

Жумладан, "Имом Бухорий" масжидидан олинган маълумотга кўра, бу масжидда 30 кишилик жамоат ифторга келмоқда:

"Бизда энди шу масжиднинг ўзидагиларга кичкина ифторликлар берилаяпти. 30 киши йиғилаяпти", деди масжид қавми аъзоларидан бири.

Пойтахт масжидларидаги издиҳомларни кузатаётган тошкентлик ёш тадбиркорлардан бирининг айтишича, ифторликлар масжид ва аҳоли эҳсонлари ҳисобига ёзилмоқда:

- Масалан, кимдир ифторга бораркан, бир блок сув обораяпти. Кимдир бир неча кило мева, бирови 10-15 та нон, қовун-тарвуз - шунақа қилиб, яхшигина дастурхон бўлаяпти. Ҳамма эҳсон қилганлардан Оллоҳ рози бўлсин, эҳсонини қабул қилсин! Ҳар йили ҳам ўзи шунақа масжидга кирган рўзадорларга сув, хурмон, мева-чева улашиларди. Лекин, бу йил жуда файзли бўлаяпти, - дейди тошкентлик намозхон.

"Минор" масжидида берилган ифторлик Тошкент масжидларида ўтказилган Озодликка маълум илк катта ифторликдир.

Маълумки, Ўзбекистонда аҳоли уйлари, маҳалла гузарларида кўп кишилик ифторларни ўтказиш кескин чекланган. Ифторлик бермоқчи бўлган шахслар маҳалла қўмиталарини огоҳлантириши ва улардан бир вакил иштирокида, имкон қадар, кичик жамоалар учун ифтор бериши мумкин.

Бундан ташқари, сўнгги бир неча йиллардан буён Тошент ва бошқа йирик шаҳарлардаги умумий овқатланиш муассасаларида ҳам кўп кишилик ифторликлар берилиши тақиқлаб қўйилган. Мамлакатда Рамазон ойида гавжум бўладиган ҳалол ошхоналар эса 2011 йилда оммавий тарзда ёпилган.

Сўнгги йиллар ичида илк бор 500 намозхонга ифтор берилган "Минор" масжиди Тошкентдаги энг муҳташам масжидлардан биридир ва у ўтган йили қуриб битказилган.

Унинг очилиш маросимида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов иштирок этган ва ўшанда имом-хатиб Раҳматуллоҳ қори президентнинг чап ёнида ўтириб, Қуръон тиловат қилган эди.

Асли сурхондарёлик 40 яшар имом нафақат пойтахт, балки ўзбекистонлик намозхонлар орасида ҳам танилган имомлардан биридир. 2012 йилда у Ўзбекистондаги энг фаол имом, деб тан олинган.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий сайтида берилган маълумотга кўра, 2012 йилда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ўша пайтларда Тошкент шаҳридаги “Хўжа Аламбардор” жоме масжиди имом-хатиби бўлган Раҳматуллоҳ Сайфуддинов энг кўп чиқиш қилган.

Бундан ташқари, "Минор" масжиди имоми Париждаги ҳужумларни фитна, деб қоралаган ва бу мавзуни тилга олган Озодликка маълум ўзбекистонлик иккинчи дин пешвосидир. Бунга қадар Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансур Париждаги Charlie Hebdo сатирик журналига бўлган ҳужумни “катта фожеа” деб қоралаган ва у киши ҳам бу ҳужум ортида "фитна қўзғовчилар" турганига оид тахминларини илгари сурган эди.

XS
SM
MD
LG