Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:07

“UzGazOilдаги рейдлар МХХ генералининг ишдан олиниши билан боғлиқ”


UzGazOilга қарашли АËҚШларда прокуратура ва солиқ инспекцияси томонидаан ўтган жумада бошланган кенг кўламли тафтишлар сешанба куни МХХ зобитлари иштирокида давом этди.

Озодлик манбаларига кўра, текширувда қатнашган “Ўздавнефтгазинспекция”нинг салбий хулосалари UzGazOil бошқарувчиларини қамоққа элтиши мумкин.

29 май куни бутун мамлакат бўйлаб UzGazOil шохобчаларида ўтказилган рейд айни ширкатга оид АËҚШларни фалаж қилган.

“Ўзбекнефтгаз”даги Озодлик манбасининг айтишича, аввалига рейдда прокуратура ва солиқ инспекцияси ходимлари иштирок этган:

“Айни пайтда АËҚШ операторлари ва кассирлари сўроқ қилинмоқда. Текширувларда 2 миллиард сўмлик камомад аниқланди. Ҳозир давлат бюджетида нақд пул етишмаëтган пайтда “UzGazOil кассаларидан катта миқдордаги кирим қилинмаган нақд пул чиқди. Шунингдек, арзон бензинни қимматга сотиб давлат пулини ўзлаштириш схемасига асосланган молиявий ҳуқуқбузарликлар аниқланди¸ дейди суҳбатдош.

Тирноқ остидан кир қидириш ëки оддий жойнамоздан "масжид ясаш"

UzGazOil бошқарувига яқин Озодлик манбасининг айтишича¸ текширувчилар барча соҳаларда, кичик бўлса ҳам, камчилик топишга чандон уринишган:

- Заправкадаги баъзи болалар номоз ўқиши рост. Лекин битта жойнамоз ва бўш баклашкани топиб, АËҚШ ларда мини-масжидлар мавжуд, деб баëннома тузиш инсофдан эмас. Билишимча мини-масжидлар мавжудлиги ҳақидаги баëнномалар UzGazOilнинг аксар шохобчаларида тузилган. Яъни бу ишдан буюртманинг ҳиди келмоқда. Бундан ташқари кассирлар ярим тунгача уйига қўйиб юборилмай, сўроқ қилинди. Бу энди "служебнийое раследование" деган рамкадан чиқади. Кассирларни ҳудди жиноятчилар каби уч тарафдан саволга тутиб гангитишмоқда¸ дейди Озодлик манбаси.

Ушбу рейдлар “Ўзбекнефтгаз” Миллий холдинг компанияси таркибидаги UzGazOil ширкати бош директори Ботир Тўраевга нисбатан танқидлар кучайган бир пайтга тўғри келди.

Озодлик манбасининг айтишича, ўтган жума Миллий холдингда бўлиб ўтган йиғилишда Ботир Тўраев UzGazOil ширкатининг иқтисодий кўрсаткичлари тушиб кетгани учун танқид қилинган. Шунингдек, ширкатда коррупцион схемалар воситасида давлат пули ўмарилаëтгани масаласи муҳокама қилинган.

Миллий холдингдаги “дахлсиз ширкат” нега муаммолар гирдобида қолди?

Бу саволга “Ўзбекнефтгаз”даги Озодлик манбаси жавоб берди. Унга кўра¸ "UzGazOilдаги рейдлар МХХ генералининг ишдан олиниши билан боғлиқ”:

- UzGazOilга МХХ генерали Ҳаëт Шарифҳўжаев ва унинг укаси МХХ полковниги Жавдат Шарифҳўжаевлар криша бўлган - акаҳонлик қилган. UzGazOil муаммоларини асосан Жавдат Шарифхўжаев ечиб берар эди¸ у ечолмаган тақдирда унинг генерал акаси ҳал қилар эди. Шокир ака Файзуллаев (“Ўзбекнефтгаз” раҳбари) ҳал қилмаган муаммони улар ҳал қилар эди. Шу тариқа бу катта даромад келтирадиган ширкат дахлсиз ҳолатда уч йилдан зиëд ишлади. Аммо МХХ даги ака-укаларнинг иши тескари бўлганидан кейин UzGazOil муаммо ичида қолди. Олдин бемалол қилинадиган схемаларни бажариш қийинлашди. Биласиз, левий бензин сотиш ва октани кам бензинни қимматга сотишдан катта пул келар эди. Ҳозир ана шу даромад бошқалар кўзига кўриниб қолди¸ дейди суҳбатдош.

Эслатиб ўтамиз: UzGazOilга акахонлик қилгани иддао қилинган МХХ генерали Ҳаëт Шарифҳўжаев ўтган ойда ишдан олинган, унинг укаси Жавдат Шарифхжаев давлат мулкини ўзлаштирганликда ва коррупцияда айбли, деб топилиб ўтган йилдан бери Бекободдаги қамоқхонада жазо ўтамоқда.

Банкрот қилиб хусусий қўлга ўтказиш “режаси”

Баъзи иддаоларга кўра, бир неча йил илгари давлат тасарруфига ўзлаштирилган UzGazOil қайта ҳусусий қўлларга ўтказилмоқчи.

“Ўзбекнефтгаз”даги Озодликнинг яна бир манбасига кўра, UzGazOilни яна хусусий компанияга айлантириш ҳаракатлари кетмоқда:

- Олдимиздаги уч-тўрт йил ичида бу ширкат самарасиз, деб топилиб ҳусусий қўлларга ўтиши режаланган. Балки бу жараëн тезроқ бўлар. Ҳозир билганимиз: бу ширкат банкротликка қараб етакланмоқда. Тўғри, ҳар бир ширкат банкрот бўлиши мумкин. Лекин давлатнинг кафолатли бензинини сотадиган ва ўта замонавий инфратизимга эга бўлган UzGazOilнинг самарасиз бўлиши мумкин эмас. Такрорлайман: мумкин эмас. Ҳозирги жараëнни бошқарилаëтган жараëн, деб айтган бўлар эдим¸ дейди Озодлик манбаси.

“Ўзбекнефтгаз”даги манба бу режани амалга ошириш учун яқин келажакда UzGazOil раҳбари Ботир Тўраевнинг ишдан олинишини эҳтимолдан соқит қилмайди.

Озодликка ўтган ҳафта сўнгида келган хабарлардан бирида UzGazOil ширкати бош директори Ботир Тўраевнинг ишдан олингани ва унинг мамлакатдан қочиб кетгани иддао қилинган эди.

Бирок Озодлик маълумотни қушимча мустақил манбалар билан ҳозирча тасдиқлай олмади.

“Ўзбекнефтгаз” ва UzGazOil раҳбариятига яқин манбалар бу маълумотни тасдиқламади.

UzGazOil раҳбариятига яқин манбанинг Озодликка билдиришича¸ “Ботир Тўраевнинг устида қора булутлар пайдо бўлгани рост гап”.

Унга кўра¸ бир пайтлар самарали ишлаган ширкат “Ботир Тўраевнинг самарасиз бошқаруви боис путурдан кетган”:

- 2012 йилдаги кўрсаткичлар билан таққосласак, бензин сотишдан келадиган тушумнинг 30 фоизга камайганини кўрамиз. Оддий мисол: Қоратошдаги UzGazOilга қарашли АËҚШ ҳувиллаб ëтибди. Унинг ëнидаги тижорий АËҚШда эса ишлар ривож¸ дейди манба.

Манбанинг таъкидича¸ UzGazOilга қарашли АËҚШларда 80лик бензин 91 нархида сотилаëтгани муштарийларни бездирган.

Ботир Тўраев UzGazOil ширкати бош директори лавозимига, мазкур ширкатнинг эгаси ҳисобланган "Зеромакс" ширкати касодга учраши ортидан тайинланган эди.

Озодлик UzGazOil ходимларининг ўз ҳуқуқлари Ботир Тўраев томонидан топталаётгани ҳақида шикоят қилгани тўғрисида бир неча марта хабар қилган эди.

Ботир Тўраев Ўзбекистондаги энг йирик банклардан бири "Ипотекабанк" бошқарув кенгаши аъзоси ҳамдир.

"Давлат"га ўтиб¸ айниган UzGazOil...

UzGazOil корхонаси билан боғлиқ муаммолар илгари ҳам бир неча марта Озодликда ёритилган эди.

UzGazOil ишчиларни ноҳақ ишдан бўшатаётгани, ишчиларни кўп ишлатиб кам ҳақ бераётгани, кадрлар бўлими мулозимларининг янги ишга кираëтганлардан пора олаётгани ҳақида битилган шикоятларни Озодлик ўтган йилнинг сентябр ойида ўрганган эди.

UzGazOil президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовга тегишли бўлгани иддао қилинган Швейцарияда рўйхатга олиниб, фаолиятини Ўзбекистонда олиб борган “Зеромакс” ширкати таркибига кирар эди.

2010 йилда UzGazOil асосан нефть, газ ва олтин қазиб олиш, қишлоқ хўжалиги ва текстил саноати билан шуғулланган “Зеромакс” таркибидан чиқарилиб давлат корхонасига айлантирилган.

Кузатувчиларга кўра¸ UzGazOil давлат тасарруфига ўтганидан кейин ширкатда коррупция аломатлари кўпайган.

XS
SM
MD
LG