Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:28

OzodlikOnline: Ўзбек тилидаги саводингиз қандай?


2 апрель куни Тошкент шаҳар ҳокими Ўзбекистон пойтахти кўча-кўйларини тўлдирган хато ëзувларни “тартибга солиш” ҳақидаги қарорини эълон қилди. Тилшунослар фикрича¸ ўзбек тилида ëзилган расмий ҳужжатлардан то оддий кўча ëзувларига қадар хатолар билан “безалаëтгани”¸ ўзбекистонликларнинг давлат тилидаги савод даражаси пасайиб кетгани билан боғлиқ.

Тошкентни давлат тилида турли хатолар билан ëзилган минглаган эълон¸ реклама ва хабарлардан тозалашга бел боғлаган пойтахт ҳокимининг ўз номи ўзбек тилидаги давлат матбуоти¸ қолаверса¸ ҳокимлик расмий сайтида¸ ҳатто президент фармонида "Рахманбек Джахангирович Усманов" деб ëзилади.

Айни пайтда¸ Усманов буйруғи билан Тошкентдаги ëзувларда кузатилаëтган хатоликларни тартибга солиш вазифаси юклатилган туман ҳокимлари ҳаммасининг расмий сайтлардаги исм-шарифлари бир эмас¸ бир неча хато билан ëзилганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Тилшунос олим Бахтиëр Исабеков Озодлик билан суҳбатда¸ аслида бу муаммонинг бирламчи сабаби ўзбекистонликларнинг ўз тилига давлат тили мақоми берилганидан 25 йилдан кўпроқ вақт ўтиб ҳам¸ Ўзбекистонда ўзбек тилининг истиқболига ишончи кучли эмаслигига бориб тақалишини айтади.

Олимга кўра¸ ўзга тилларда¸ хусусан¸ рус ва инглиз тилларида савод чиқариш учун вақт ва маблағини аямаëтган ўзбекистонликларнинг кўпчилиги¸ шунча вақт ва меҳнатни ўз тилини мукаммал ўрганиш учун сарфлашни лозим топмаëтир. Мустақил Ўзбекистон давлат ва бизнес тизимларида ҳали-ҳамон ўзбек эмас¸ рус тилидаги саводхонлик муҳимроқ бўлиб қолмоқда¸ деган фикрда миллий мутахассислар.

Муаммонинг иккинчи илдизи¸ кузатувчилар таъкидича¸ ўзбек мактабларидаги таълим сифатининг кескин тушиб кетгани ва болаларга савод ўргатиши лозим бўлган ўқитувчилар саводининг ўзи савол остида қолгани билан боғлиқ.

Сиз ўзингиз¸ қолаверса¸ атрофингиздаги ўзбекларнинг ўз тилидаги савод даражасини қандай баҳолайсиз?

Савод даражасини ҳаминқадар деб баҳоласангиз¸ бунинг учун асосий масъулиятни кимнинг зиммасига юклайсиз?

Ўзбек тилининг ҳақиқий давлат тили даражасига чиқиб¸ ўзбекистонликларнинг (фақат ўзбеклар эмас¸ мамлакатдаги бошқа этник гуруҳлар вакилларининг ҳам) ўзбек адабий тилини ўрганишга жиддий қунт қилиши учун нималар қилиниши керак?

Бу саволлар хусусидаги кузатишларингиз билан душанба¸ 6 апрель куни Тошкент вақти билан оқшомги соат 7 дан 8 га қадар бўладиган жонли суҳбатимизда бевосита иштирок этинг.

Жонли суҳбатга Озодликнинг Skype манзиллари орқали қўшилишингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG