Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:20

Икки ой ўқимай пахта терган талабага терим ҳақи берилмаëтир


Икки ойдан кўпроқ оғир меҳнат қилиб¸ ўқишдан қолган талабанинг иш ҳақига хиëнат қилаëтганлар¸ Озодлик манбалари таъкидича¸ анчагина.
Икки ойдан кўпроқ оғир меҳнат қилиб¸ ўқишдан қолган талабанинг иш ҳақига хиëнат қилаëтганлар¸ Озодлик манбалари таъкидича¸ анчагина.

Қўқон Давлат Педагогика институтининг Озодликка мурожаат қилган бир гуруҳ талабаси¸ ўзларининг 17 сентябрдан бошлаб Данғара туманида икки ой мажбуран пахта терганлари¸ аммо феврал ўртасига қадар ҳам пахта учун ваъда этилган ҳақ берилмаганидан шикоят қилдилар. Институт раҳбарияти вакили¸ бундай муаммодан хабари йўқлиги¸ лекин текшириб чора кўрилишини ваъда қилди. Айни пайтда¸ фермер ўқув юрти масъулларига нақд тўлайдиган талаба меҳнат ҳақининг орада йўқолиб кетиш ҳолларининг Ўзбекистондаги бошқа олийгоҳ ва коллежларда ҳам кенг тарқалгани айтилмоқда.

Қўқон Давлат Педагогика институтининг юзлаб талабаси Ўзбекистон вилоятларидаги аксар ўқув юртларида ўқиëтган тенгдошлари каби ўқув йилининг икки ойини пахта даласида ўтказди:

- 17 сентябрдан 2 октябргача терган пахтамизнинг пулини тўлиғича пахта мавсумидаги овқат учун олиб қолишди. Аммо октябрда қанча терсаларинг¸ ҳаммасининг пулини қўлларингга оласизлар¸ дейишди. Шунга қизиқиб болалар роса теришди. Юз килодан кўп терганлар ҳам бор. Ўртача ҳар бир студент бошига 40-50 килодан пахта терилди октябрда. Бизга килосига 230 сўмдан оласизлар¸ деб ваъда қилишувди. Ҳозиргача пулдан дарак йўқ¸ дейди қўқонлик талаба.

Хавфсизлик нуқтаи назаридан исмини очиқланмаëтган бу талаба ва унинг курсдошлари таъкидича¸ 1-2-курс талабалари меҳнат ҳақини сўраб пахта штаби раҳбарлари¸ шунингдек ўзлари пахтасини териб берган данғаралик фермерларга бир неча бор мурожаат қилишган.

- Фермерлар¸ пахта пулини ўша пайтдаëқ домлаларингга берганмиз¸ бизнинг қарзимиз қолмаган¸ дейишди. Институт бухгалтериясига борсак¸ бизда пулларинг йўқ¸ бўлса берган бўлардик¸ деяпти. Штаб бошлиғи¸ деканатга мурожаат қилсак¸ бизни бухгалтерга юборишади. Икки ўртада бизнинг пулимиз йўқ¸ дейди Озодлик суҳбатлашган талабалардан бири.

Қўқон Давлат Педагогика институти ректоратига қилинган қўнғироққа ўзини таништирмасдан жавоб берган расмий¸ талабаларнинг пахта пулини олиши борасида қандайдир муаммо борлигидан бехабарлигини билдирди. Унга кўра¸ пахта мавсумида ҳар бир факультетда махсус штаблар ташкил этилган ва талабалар иш ҳақини вақтида тўлаш масъулияти уларга юклатилган.

- Бизнинг бу муаммодан хабаримиз бўлганда¸ студентлар ҳақини аллақачон олган бўларди. Бу ҳар бир факультет ўзи ҳал қилиши керак муаммо. Бу масалага деканлар масъул¸ деди институт маъмурияти вакили Озодлик билан суҳбатда.

Озодлик мухбири кун давомида Қўқон Педагогика институтининг талабалар шикоят қилган факультети декани ва пахта штаби бошлиғи билан боғланиб¸ улардан изоҳ олишга уринди. Аммо иккала масъул ҳам кун давомида қилинган ўнлаб қўнғироққа жавоб бермади.

Талабалар терган пахта учун тўланиши лозим иш ҳақининг қаерда ва қандай йўқолишини ўрганиш мақсадида Озодлик ўз даласида ҳашарчи меҳнатидан фойдаланишга мажбур бўлган айрим пахтакор фермерлар билан суҳбатлашди.

Жараëндан яхши хабардор Озодлик манбаси таъкидича¸ ҳукумат босими остида фермер ўз еридаги пахтани териб берган ҳашарчи¸ жумладан ўқувчи-талабаларга иш ҳақини мавсум пайти кечи билан ҳар беш кунда беришга мажбур:

- Фермернинг жони ўнта эмас ва шунинг учун бу буйруқни бажариб бўлган. Биз терилган пахтанинг килоси учун нақд пулни ҳашарчининг ўзи ëки институтлардаги штаб бошлиқларига тўлаб берганмиз. Пул талабага тўланмаган бўлса¸ уни пахта штаби бошлиқларидан сўраш керак. Кўп институт ва коллежларда ректор ва деканлар оғиз бириктириб¸ бу пулни ўз орасида еб юборишади. Баъзи институтларда бюджетга ўқийдиган болаларнинг пули учун тепадан пул берилмайди ва шу пахта пулини бермасдан¸ шуларга ишлатишади. Лекин кўп ҳолларда бу пул еб кетарга¸ дейди ўз исми очиқланмаслиги шарти билан гапирган фермерлардан бири.

Бу манбанинг таъкидича¸ аксар ҳолларда ҳашарчи талабаларнинг яшаш жойи¸ уларнинг еб-ичиши харажатларини ҳам фермер қоплаганига қарамай¸ талаба-ўқувчидан ҳам “овқат пули” олиб қолинади.

- Пахта терими пайтида уни ташкиллаштирувчилар чўнтагига пул олиб келадиган жуда кўп схемалар бор ва талабага терган пахтасининг пулини бермаслик¸ шулардан биттаси холос. Пулини сўраган талабани ўқишдан ҳайдайман¸ сессияда йиқитаман¸ деб қўрқитишади. Шунга бечора болалар индамай кетади. Ота-оналари ҳам шу арзимаган 50-100 минг сўмни деб боласи зўрға кирган ўқишидан ҳайдалиб кетишидан қўрқади. Ҳар бир ўқувчидан шунчадан пул ўзлаштирилса¸ ҳисоблаб кўринг¸ қанча бўлади бу¸ дейди ўз талаба фарзандлари ҳам пахта териб¸ қўлига пул олмаганини таъкидлаган фермер.

Ўзбекистонда давлат тизимлари босими билан йилига миллионлаб одам пахта терим мавсумида мажбурий меҳнатга мажбурланади ва бу йиллардан бери халқаро майдонда кескин эътирозларга сабаб бўлиб келмоқда.

Бир триллион долларлик Ғарб бизнеси ўзбек пахтасини бойкот қилганидан сўнг¸ Тошкент ҳукумати пахта мавсумида болалар меҳнатидан фойдаланиш амалиëтини чеклашга мажбур бўлди. Аммо бундай чеклов ҳозирча коллеж ва институтлар талабаларини мажбурий ва кўп ҳолларда ҳақ тўланмаëтган оғир меҳнатдан қутқарганича йўқ.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG