Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:03

AsiaTerra: Президент қайинжияни 800 млн. долларни ўзлаштиришда айбланди


Акбарали Абдуллаевнинг яқинлари Озодликка тақдим қилган сурат
Акбарали Абдуллаевнинг яқинлари Озодликка тақдим қилган сурат

Ўзбекистонлик мустақил журналист Алексей Волосевичнинг аноним манбага таяниб иддао қилишича, президентнинг қайинжияни Акбарали Абдуллаев бир неча корхонадан "нақд кўринишда 800 миллион АҚШ долларидан ошиқроқ" маблағни ноқонуний ўзлаштиришда айбланган. Журналист қўлга киритган айбловда "Кварц" ОАЖ, "Фарғонаёғмой" ОАЖ, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи, "Қизилқумцемент" ва "Фарғона нефть базаси" унитар корхонаси номи тилга олинган.

Бу борада AsiaTerra номли блогида ёзган тошкентлик мустақил журналист Алексей Волосевич манбанинг ишончли, бироз кечикиб етказилган айблов хулосаси эса асл эканини таъкидламоқда.

20 октябрда Тошкент шаҳар прокурори томонидан тасдиқланган ҳужжатда президент қайинжияни Акбарали Абдуллаевнинг ноқонуний ўзлаштиришгани айтилган даромад миқдори кўрсатилган:

- 800 миллион АҚШ доллари миқдоридаги пул нақд кўринишда жиноий гуруҳ вакиллари томонидан биргина Акбарали Абдуллаевнинг ўзига берилгани хулосада айтилган. Бу айблов хулосасини Тошкент прокурори М.Х.Обидов тасдиқлаган, Ўзбекистон МХХ Тергов бўлимининг икки раҳбари - адлия майори Р.Х.Сиддиқов, милиция полковниги О.В.Бусигинлар имзолаган, - деди Озодлик билан суҳбатда журналист Алексей Волосевич.

Аслида президентнинг рафиқаси - Татьяна Каримованинг жияни экани айтилган Акбарали Абдуллаевнинг 2013 йил охирида ҳибсга олингани, 2014 йилнинг кузида эса судга тортилгани ҳақидаги норасмий хабарлар муқаддам матбуотга сиздирилган эди.

Норасмий манбаларга кўра, А.Абдуллаев ва унинг жиноий шериклари устидан маҳкамалар январь ойида бўлиб ўтган.

- Манбага кўра, январнинг ўрталарида жиноий гуруҳ устидан ҳукм ҳам ўқилган. Аммо, шу кунга қадар ҳукм нусхаси, ҳатто, судланганларнинг яқинларига ҳам берилмаган. Мен қўлга киритган айблов хулосасида эса ёпиқ маҳкамаларга оид тафсилотлар бор, - дейди мустақил журналист.

Журналист унга аноним манбадан келиб тушган айблов хулосасидан бир нусхани Озодликка ҳам тақдим қилди.

2014 йилнинг 20 октябрида Тошкент шаҳри прокурори М.Х.Обидов томонидан тасдиқланган 88 варақлик айбловда уюшган жиноятчи гуруҳ аъзоси сифатида 8 шахс айбланган ва бу шахсларнинг 58 киши иштирокидаги А.Абдуллаев бошлиқ жиноий гуруҳ таркибида бўлгани, бу гуруҳнинг Фарғона ва Навоий вилоятидаги йирик ишлаб чиқариш корхоналари даромадини ноқонуний ўзлаштиргани даъво қилинган.

Хулосанинг 14-саҳифасида "Кварц" ОАЖ, "Фарғонаёғмой" ОАЖ, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи, "Қизилқумцемент", "Фарғона нефть базаси" унитар корхоналаридаги жиноий фаолият орқали олинган 800 миллион АҚШ долларидан ортиқроқ жиноий даромадни у (жиноятда гумон қилинган иккинчи шахс - таҳр.) Абдуллаев А.га берган"и қайд этилган. Волосевич ҳисобича, бу маблағ Ўзбекистоннинг пахта экспортидан топадиган бир йиллик даромадига тенгдир.

Айблов хулосасида юқорида номи тилга олинган ишлаб чиқариш корхоналарида директор, директор ўринбосари, бош ҳисобчи, омбор мудири, инженер бўлиб ишлган ўнлаб шахснинг номи келтирилган ва улар Ўзбекистон ЖКнинг 167, 177, 210-моддалари асосида давлат мулкини ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш, пора олиш каби жиноятларда айбланган.

Волосевичга кўра, маҳкамаларнинг асосий қисми январь ойи ичида Тошкентда бўлиб ўтган ва судланувчиларга қамоқ ёки шартли жазо берилган:

- Аммо, жиноий гуруҳ бошлиғи, деб айбланган Абдуллаевнинг ўзига нисбатан ҳукм ўқилгани ҳақида ҳозирча менда ҳеч қандай маълумот йўқ. Мендаги маълумотга кўра, у 2013 йилнинг 10 декабрида ҳибсга олинган ва маҳкамага уни Тошкент шаҳридаги тергов изоляторларидан биридан келтиришган. Шу, бу борада менда бошқа маълумот йўқ, - деди Алексей Волосевич.

Президентнинг қайинжияни тузган ва даромад кўрган объектлардаги жиноятлар ҳақида 5 ой муқаддам Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳам қисман маълумот берган эди.

2014 йилнинг сентябрида пресс-релиз эълон қилган Ўзбекистон Бош прокуратураси президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи тузган “уюшган жиноий гуруҳ" Гулнора Каримованинг фуқаровий эри экани айтиладиган Рустам Мадумаров ва унинг собиқ ҳисобчиси Нурмуҳаммад Содиқов томонидан бошқарилганини таъкидлаган эди.

Бош прокуратурага кўра, Гулнора Каримова дохил жиноий гуруҳ “давлат активларини сунъий пасайтирилган нархларда қўлга киритиш ва бошқа усуллар билан “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАКнинг 5,5 млрд. Сўмлик, “Coca-Cola Ichimligi Uzbekistan Ltd.” МЧЖ ҚК нинг 11,9 млрд. сўмлик, “Фарғона НҚИЗ” УШКнинг 40,1 млрд. Сўмлик, шунингдек бошқа корхона ва ташкилотларнинг 102 млрд сўмлик активлари талон-тарож қилинган ва ўзлаштирилган”.

Мустақил журналист Алексей Волосевичнинг ўз манбасига таяниб айтишича, расмий баёнот ва айблов хулосасида шу ва бошқа турдаги схемалар асосида ўзлаштирилгани даъво қилинган даромад бир неча юз миллиард сўм эмас, балки бир неча юз миллион АҚШ долларини ташкил қилади.

- Президент қарори асосида бу завод ва корхоналарнинг маҳсулотлари товар хомшаё биржаларида сотилиши керак. Айбловдаги версияга кўра, бу гуруҳ турли тижорат структуралари билан тўғридан-тўғри шартнома тузиб, қўпол қилиб айтганда, маҳсулотни "левый"га сотган. Ўтган йили кузда Бош прокуратура бу гуруҳни биргина Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг нархини сунъий равишда тушириб, бир неча миллион долларга сотиб олганликда айблаган эди. Лекин, бу Ўзбекистондаги йирик заводлардан бири ва унинг нархи камида бир неча юз миллион АҚШ доллари туради, - деб ҳисоблайди Волосевич.

Шу тариқа, 4 йил ичида давлатнинг 800 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағини ўзлаштиришда айблангани иддао қилинаётган 30 яшар Акбарали Абдуллаевнинг тақдири сирлигича қолмоқда.

2013 йилнинг кузида президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг ўз онаси ва синглисига қарши "твиттер исёни" бошланганидан бироз ўтиб, номи жамоатчилик оғзига тушган бу шахснинг президент Ислом Каримовнинг рафиқаси - Татьяна Каримованинг синглиси Тамара Собированинг ўғли экани айтилади.

Яқинда овози ўчирилган Uznews.net нашри Акбарали Абдуллаевнинг ўз қариндошлик алоқаларидан фойдаланиб, Қувасойдаги "ака-ука Акрамовлар"га таянган ҳолда жиноий фаолиятини 2002 йилда бошлаганини иддао қилган эди. Озодликка келиб тушган айблов хулосасида бу ака-укаларнинг номи асосий фигурант сифатида тилга олинади.

Норасмий манбаларда даъво қилинишича, узоқ муддат давомида жиноий гуруҳ Фарғона водийси ва Навоий вилоятидаги қатор йирик ишлаб чиқариш корхоналарини ўз назоратига олган ва раҳбарлик ҳамда бошқа муҳим лавозимларни ўз схемасига бўйсунган кадрлар қўлига ўтказган.

Бу гуруҳнинг, ҳатто, Фарғона водийсидаги бензин нархига таъсир ўтказгани ва АЁҚШ раҳбарларини сунъий тақчилликни келтириб чиқаришга мажбурлагани норасмий манбалар томонидан даъво қилинган.

Қизиғи, 2002 йилда туб қўйиб, кейинги 10 йил давомида эмин-эркин палак отган бу жиноий гуруҳ фаолияти 2012 йилга келиб Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари назарига тушди ва Озодликка келиб тушган айблов хулосасида гуруҳнинг 2008 йилдан 2012 йилгача бўлган фаолияти тергов қилинган.

Яна бир муҳим жиҳат шуки, хулосада тилга олинган зарар - 800 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ жиноий гуруҳ томонидан 4 йил ичида президент қайинжиянига нақд кўринишда берилган суммадир. Айбловда айтилишича, "ноқонуний ўзлаштирилган даромаднинг яна бир қисми давлат ва тижорат ташкилотларининг раҳбарларига пора кўринишида берилган, бундан қолгани жиноий гуруҳ ўртасида нақд кўринишда тақсимланган".

Яъни, қайинжияннинг ноқонуний ҳаракатларини қўллаб-қувватлаб келган шахслар номи айбловда тилга олинмаган, аммо, уларнинг "давлат ва тижорат ташкилотларининг раҳбарлари" экани қайд этилган.

XS
SM
MD
LG