Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:29

Зоминда пахтага чиқарилган 16 яшар ўқувчи ток уришидан ўлди


Беҳзод Қаҳҳоров автомобил ташийдиган вагоннинг устига чиққанида уни ток урган.
Беҳзод Қаҳҳоров автомобил ташийдиган вагоннинг устига чиққанида уни ток урган.

Жиззах вилояти Зомин тумани Қишлоқ хўжалик ва маиший хизмат касб-ҳунар коллежининг пахта теримига чиқарилган биринчи босқич ўқувчиси Беҳзод Қаҳҳоров пахта мавсумининг навбатдаги қурбони бўлди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган зоминлик манбага кўра, воқеа поездлар тўхтаб турадиган разъездда содир бўлган:

“Коллежнинг биринчи курс талабалари ҳам пахта теримига чиқарилган. Зоминнинг Тўрттом деган қишлоғида разъезд бор. Коллеж ўқувчилари шу разъездга яқин жойда пахта терган. Маҳалламизда яшаган 16 ёшли Беҳзод деган бола кеча тушдан кейин вагоннинг устига чиқиб расмга тушаман деган. Лекин тепадан ўтган электр токи симига тегиб кетганми, ток уриб йиқилиб тушган. Бола шу жойнинг ўзида ўлиб қолган. Бугун жанозаси бўлди. Ғайратли, спортсмен бола эди, самбо билан шуғулланарди”, деди зоминлик манба.

Зомин тумани Ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими воқеа темир йўл ҳудудида содир бўлгани боис, бу иш билан Сирдарё вилояти транспорт милицияси шуғулланаётганини билдирди.

Ховос тумани транспорт милициясининг ўзини таништирмаган мулозими пахта теришга чиқарилган коллеж ўқувчиси Беҳзод Қаҳҳоров темир йўлдаги электр токининг уриши оқибатида ҳалок бўлганини тасдиқлади:

“1998 йилда туғилган, Зомин касб-ҳунар коллежининг биринчи курс ўқувчиси Беҳзод Қаҳҳоров олтинчи разъезднинг биринчи йўлида автомобил ташишга мўлжалланган вагоннинг устига ўйинқароқлик қилиб чиққан. Вагон устидан ўтган юқори кучланишли электр токига тегиб кетиши оқибатида тан жароҳати олиб, воқеа жойида вафот этган”, деди ички ишлар мулозими.

Зоминлик манбанинг айтишича, терим мавсуми бошланганидан буён аввал коллежнинг учинчи курс ўқувчилари, бир ҳафтадан буён эса биринчи ва иккинчи курс ўқувчилари теримга сафарбар этилган:

“Бугун жанозада ҳам одамлар шу пахта одамлар бошига битган бало бўлди, деб гапиришди. Айтишларича, коллеж директорига туман ҳокими Баҳриддин Сафаров ҳаммани пахтага чиқаргин¸ деб буйруқ берган экан. Эшитишимизча, ҳоким ишдан олинибди бугун”, деди манба.

Озодликнинг Зомин туман ҳокимлиги телефон рақамлари ва ҳокимнинг мобил телефонига қилган қўнғироқлари кун давомида жавобсиз қолди.

Зомин туманидаги Қишлоқ хўжалик ва маиший хизмат касб ҳунар коллежининг телефонлари ҳам жавоб бермади.

Пахта теримига мажбурий сафарбар этилган талаба ва ҳашарчилар орасида Озодликка маълум бўлган пахта қурбонлари сони бу йил ўтган йилгига нисбатан кўпайди.

Беҳзод Қаҳҳоров фожиаси билан Озодликка маълум бўлган пахта мавсумидаги қурбонлар сони 14 нафарга етди.

XS
SM
MD
LG