Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:14

Истанбулда ғойиб бўлган Абдували Ғуломовни ким ўғирлади?


Абдували Ғуломов.
Абдували Ғуломов.

2011 йилда ўз ҳаëтига туғилган таҳдид ортидан Ўзбекистонни тарк этиб¸ аввалига Дубайда яшаб¸ 2013 йил ноябрида Истанбулга келган 39 яшар Ғуломов 24 май куппа-кундуз куни ўзбекистонлик таниши билан ушрашишга кетганидан бери бедарак йўқолган. На турк полицияси ва на унинг яқинларида Ўзбекистон томонидан қидирувга берилган бу йигитнинг қаерга ғойиб бўлганига оид тайинли маълумот йўқ.

Тушликка кетиб¸ дом-дараксиз йўқолди

4 июль куни Абдували Ғуломовни қидиришда ëрдам сўраб мурожаат қилган яқинлари¸ унинг 24 май куни тушга яқин Истанбулдаги Оқ марказ савдо марказига ўзбекистонлик танишлари билан кўришиш учун¸ қайтмаганини билдирдилар.

Ўтган йил охирида Араб амирликларининг нарху навоси ва об-ҳавоси менга тўғри келмади¸ деган сабаб билан Истанбулда ўринлашган Абдували Ғуломов¸ Озодлик суҳбатлашган яқинлари таъкидича¸ бу ўзбеклар билан Туркияда доимий яшаш ҳужжатини олиш масаласида гаплашмоқчи бўлган.

Ўз исми айтилмаслигини сўраган Озодлик суҳбатдошларидан бирига кўра¸ икки ўзбекистонлик Абдувалига 30 минг доллар эвазига шундай ҳужжат ваъда қилиб келган.

Яна бир манбага кўра¸ Абдувалидан 2000 АҚШ доллари қарз олиб¸ бу пулни узоқ вақт қайтармай юрган ўзбеклардан бири ўша куни уни тушликка чақириб¸ шу пулни қайтаришини билдирган ва Абдували бу учрашувдан қайтмаган.

Тушдан кейин унинг мобил телефони ўчган ва шундан бери Абдували Ғуломов дом-дараксиз йўқолган.

Бу хабар ортидан Абдувалининг Тошкентдан етиб келган онаси 31 май куни ўғли ижарада яшаб келган Шишли мавзеи маҳаллий полициясига ўғлининг йўқолиб қолгани юзасидан хабар берган ва Ўзбекистон фуқаросининг ғойиб бўлиши юзасидан расмий суриштирув бошланган.

Мазкур иш билан шуғулланаëтган полиция маъмури Фотиҳ Йилмазнинг Озодликка айтишича¸ бир ойдан кўпроқ вақтдан бери Абдували Ғуломовнинг қаерда экани¸ ким томонидан¸ нима мақсадда ўғирлаб кетилганига оид далил-маълумот йўқ.

- Полиция тахминлар эмас¸ балки аниқ фактлар асосида иш олиб боради. Шу боис¸ биз Абдувалини ким¸ нима учун ўғирлади¸ деган мавзуда фараз илгари сура олмаймиз. Бу ҳақда маълумот кўп эмас. Борларини ҳам тергов сири боис¸ сизга очиқлай олмаймиз¸ деди Озодлик билан суҳбатда турк полицияси расмийси.

Абдували Ғуломовнинг ғойиб бўлиши юзасидан ўз суриштирувини олиб бораëтган Мазлумлар номли инсон ҳақлари гуруҳи ҳуқуқшуноси Умар Юзгул¸ бу воқеада ҳали қоронғу томонлар кўплигини айта туриб¸ бир неча тахминни илгари сурди:

- Биринчиси¸ бирга бизнес қилган ўзбек шериги бор. Улар орасида айланган пулнинг аниқ миқдорини билмайман¸ балки 100 минг доллардир¸балки оз¸ балки кўпдир. Иккинчиси¸ бу ишга у Истанбулда танишган бир аëлнинг алоқаси бўлиши мумкин. Учинчиси¸ катта пул эвазига турк ҳужжатини қилиб бераман¸ деган ўзбекларнинг ҳам бу воқеада қўли бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Тўртинчиси¸ бу 17 миллион одам яшайдиган Истанбул ва бизнинг хаëлимизга ҳам келмаган воқеа бўлган бўлиши мумкин¸ дейди туркиялик адвокат.

Абдували кимга керак бўлиши мумкин?

Турк адвокати Юзгул¸ бу фаразлар ичида энг жиддийси¸ Абдували Ғуломовнинг махсус уюштирилган учрашув орқали ўзбек махфий хизматлари томонидан ўғирлаб кетилган бўлиш эҳтимоли эканини айтади:

- Туркияда бизнес ва савдо қилиб юрган ўзбеклар¸ Абдувалини пул учун ўғирлаб¸ ëки ўлдириб кетишлари мумкин¸ албатта. Лекин бу иш эртами-кечми юзага чиқиб¸ уларнинг қўлга тушиш эҳтимоли баландлигидан бундай ишга қўл уриш унча осон эмас. Лекин Абдували ўзбек махсус хизматларига керак бўлган бўлса¸ уни бу ердан бемалол ўғирлаб кетишлари мумкин. Табиийки¸ бу ишни ўзбек махфий хизматлари турк ҳамкасблари билан яширин келишув асосидагина қила оладилар ва ундай ҳолда¸ бу ишнинг ҳиди ҳам чиқмайди¸ дейди туркиялик ҳуқуқшунос Озодлик билан суҳбатда.

Асли Тошкентнинг шайхонтоҳуридан бўлган Абдували Ғуломов номи ҳам маҳаллий¸ ҳам халқаро ҳуқуқ ҳимоячиларининг диний эътиқоди учун оғир жазога тортилган ўзбекистонликлар рўйхатида кўп марта қайд этилган.

Зотан у 1998 йил 29 сентябрда ëнидан героин ва граната¸ шунингдек Ҳизб-ут-Таҳрир исломий гуруҳи вараалари топилди деган асосда ҳибсга олиниб¸ 1999 йил 14 май куни Тошкент шаҳар суди ҳукми билан давлат тўнтариши қилишга уринганлик ва ноқонуний диний гуруҳга аъзоликда айбланиб 18 йилга озодликдан маҳрум этилган. Ўша йили Ўзбекистон Олий суд шикоят аризасини кўриб чиқиб¸ жазони 18 йилдан 15 йилга қисқартирган. Ғуломов жазони Қаршидаги 64/61 колонияда ўтаган.

Ўз ҳисоботларида Абдували ҳақида ҳам тўхталган Human Rights Watch инсон ҳақлари ташкилоти унинг фақат номозхон бўлгани учун қамоқхонанинг якка ҳужрасига ташлангани¸ бу ерда оғир қийноқларга солингани ҳақида ëзган эди.

Қамоқдан чиққанидан сўнг Ўзбекистонда тижорат билан шуғулланган Абдували Ғуломов¸ 2011 йилда ўзининг яна жиддий айблар билан қамалиши ҳақидаги огоҳлантирувдан сўнг¸ Дубайга қочиб кетган.

Ўзбекистон ҳуқуқ тизимлари 2011 йилнинг 16 сентябрь куни уни қидирувга берган¸ Тошкентда қолган оиласидан унинг қаерда эканига оид маълумотни талаб қилиб келган.

Айрим тахминларга кўра¸ ўзбек махсус хизматлари Абдували Ғуломовни ҳали ҳам Ҳизб-ут-Таҳрирдан воз кечмаган шахс сифатида кузатиб келган ва яна қўлга олган бўлиши мумкин.

Абдували Ғуломов маҳкамасини кузатган ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов¸ кейинги пайтларда Ўзбекистон томонидан қидирувга берилган қочоқларни қаердан бўлса ҳам топиб келиш ҳаракатлари кучайгани ва шу жараëнда Абдувалининг ҳам Ўзбекистонга ўғирлаб келинганини эҳтимолдан соқит қилмаслигини айтади:

- Билишимча¸ кейинги пайтларда йиллардан бери қочиб юрганларни топиб келиш ҳақида жиддий кўрсатма берилган ва булар фаоллашиб қолди. Абдувалига ўхшаб қочиб юрганларнинг оиласи¸ яқинларига босимлар жуда кучайган. Уларнинг телефони мунтазам эшитувда. Қочиб юрган ўғил телефон қилганида¸ унинг номерини аниқлаб¸ ўша яшаëтган жойида уни кузатиш йўлга қўйилган. Сўнгра маҳаллий полиция билан келишув асосида бундайларни ўғирлаб келишмоқда. Бу¸ айниқса¸ Россия ва Қозоғистонда кўп учрамоқда. Ўзбек махфий хизматларининг ҳатто Россия фуқароларини ўғирлаб келганини биламиз¸ дейди Суръат Икромов.

Кўрган-билган борми?

Оиланинг якка ўғли бўлган Абдували Ғуломовнинг Тошкентда аëли ва беш фарзанди ва онаси қолган ва улар Абдувалини таниган¸ билганлардан унинг йўқолиши ва ҳозирда қаерда эканига оид маълумот беришни сўрамоқдалар.

Ҳозирча турк полицияси¸ унинг ўлдириб кетилганига оид тахминни жиддий ўрганмаëтган кўринади.

- Ўликни топиш тирикни топишдан кўра осонроқ ва жасад бу вақтгача олдимизга чиққан бўларди¸ дейди ишга алоқадор полициячилардан бири.

Абдували Ғуломовнинг Тошкентдаги яқинлари ҳам унинг қаерда бўлса ҳам¸ тирик эканига умид қилмоқдалар.

Дараги "Тоштурма"дан чиққан “бедарак”лар

Шу йилнинг 9 июнь куни Россия пойтахти Москвада номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилган ўзбек қочқини Мирсобир Ҳамидқориев айни пайтда Тошкентдаги 1-сонли тергов ҳибсхонасида – “Тоштурма”да сақланаëтгани тасдиқланди.

Шу йил май ойида суд қарори билан Россиядан қочқинлик мақоми олган ўзбекистонлик кинопродюсер ва тадбиркор Мирсобир Ҳамидқориев Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан номи ва фаолияти жамоатчиликка нотаниш бўлган "Ислом жиҳодчилари" террорчи гуруҳига асос солганликда айбланиб¸ халқаро қидирувга берилган эди.

Ўзбекистон Россиядан экстрадиция қилинишини хоҳлаётган Юсуф Қосимохунов Москва вилоятида 14 декабрь куни бедарак йўқолди ва ҳуқуқ фаоллари ишончича¸ ҳозирда Ўзбекистон қамоғида сақланмоқда.


48 ёшли асли андижонлик Юсуф Қосимохунов 2004 йилда Россияда "Ҳизб ут-Таҳрир" диний ташкилотига аъзоликда айбланиб, сал кам саккиз йиллик қамоқ жазосини ўтаб, озодликка чиққан эди.

Худди шундай¸ Amnesty International халқаро ташкилоти Азаматжон Эрмаков Россияда қамоқдан озод этилгач¸ Москва аэропортига мажбуран олиб келиниб, Андижонга ўғирлаб кетилгани ҳақида баëнот тарқатган эди.

Россия тергов қўмитаси Азаматжон Эрмаков Ўзбекистонда эканини тасдиқлаб¸ унинг ўз ихтиёри билан қайтганини иддао қилган эди.

Азаматжон Эрмаков 2011 йилнинг 1 июлида Ўзбекистон сўрови билан Нижний Новгородда ҳибсга олинган ва 18 ой ҳибсда сақлангач¸ озод қилинган ва ўша куниёқ бедарак йўқолган эди. Ўзбекистонда Азаматжон Эрмаков “исломий экстремизмда” айбланиб, қидирувга берилган эди.

XS
SM
MD
LG