Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:23

"Ё рамазон"ни айтган Шаҳноз санъаткорларни жўровоз саловот айтишга чорлади


Қўшиқчи Шаҳноз
Қўшиқчи Шаҳноз

Рўза пайтида оқшом тушганидан бошлаб болакайлар уйма-уй юриб¸ қадимий рамазон қўшиқларини айтиши бу ой манзарасининг ажралмас қисми деб кўрилади. Эндиликда эстрада хонандасининг рамазон қўшиқларини айтиши бу манзаранинг янги қирраси сифатида намоён бўлди.

Ўзбекистоннинг катта шаҳарларида рамазон қўшиқларини айтаëтган болалар сони сийраклашган айни кунларда бу қўшиқларни катта саҳнада куйлаётган эстрада хонандаларининг сони ортмоқда.

Бу фикрни илгари сурган ўзбекистонлик бастакор Шарофат Озод қизига кўра¸ саҳнада рамазон қўшиқларини айтаётган ўзбекистонлик ашулачи Шаҳноз булардан биридир:

- Шаҳноз репертуарида рамазон ҳақида олтита қўшиқ бор. Мен бу қўшиқларни эшитиб кўрдим¸ умуман олганда, ëмон эмас. Туркия ва араб мамлакатларида рамазон ойини улуғлаб¸ пайғамбаримизга саловотлар айтилган қўшиқлар ижро қилинади. Шаҳноз мана шу анъанани Ўзбекистонга олиб кирди. Энди Шаҳноз рамазон айтибди дегани бу ҳали уни кўчама-кўча юриб, рамазон айтиб келдим эшигингизга деганини билдирмайди. Қўшиқ кўнгилдан айтилган¸ энг муҳими шу, - дейди тошкентлик бастакор.

Озодлик суҳбатлашган 36 яшар қўшиқчи, ўзини "шоира ва бастакор" деб таништирган Шаҳноз Саидқосимова бу соҳада биринчи эмаслигини айтади.

- Тўғри 2004 йилдан бери рамазон ойини улуғловчи қўшиқларни айтиб келаман. Аммо¸ Шухрат Қаюмов айтганлари бор¸ мендан олдин шу раҳматлик Ҳусниддин Ҳолиқов айтганларига ҳавас қилган эдим. Шу бўлиб мен 2004 йилда рамазонга бағишланган илк қўшиғимни айтдим. Албатта, Диний қўмита ва Ислом университетидаги домлаларга кўрсатиб, маслаҳатлашиб айтдим. Аудитория ëмон қабул қилмади¸ - дейди Шаҳноз Озодлик билан суҳбатда.

Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:14 0:00
Бевосита линк

Суҳбатдош ўз қўшиқларининг Туркия ва араб мамлакатларидаги рамазон мадҳияларидан фарқи ҳақида ҳам гапирди.

- Буни ўзи араб давлатларида саловот, нашида деб айтилади. Мен эса ҳали нашида айтмадим. Мен ашула қилиб айтаман. Масалан, кўпчилик санъаткорлар бир бўлиб, жўр бўлиб саловот айтсак бўларди. А капелла қилиб. Лекин ҳали бизда бунақа йўқ. Айни пайтда мен айтган қўшиқ ширинлик олиш учун болалар куйлайдиган ë рамазондан ҳам фарқ қилади. Бир сўз билан айтсак, рамазон ойини улуғлайдиган қўшиқ¸ - дейди суҳбатдош.

Рамазон ҳақида қўшиқлар куйлаëтган Шаҳноз Озодлик тингловчиларини 11 ойнинг султони - муқаддас рамазон ойи билан қутлади.

Шаҳноз Саидқосимова Тошкент Давлат Шарқшунослик Институтининг Халқаро Муносабатлар бўлимини тугатган бўлса ҳам, асосан бастакор сифатида фаолият кўрсатади.

Шаҳноз басталаган 346 тадан ортиқ мусиқа қўшиқчилар тарфидан ижро қилинган. Бунинг баробарида Шаҳноз яккахон қўшиқчи сифатида ҳам фаолият кўрсатади.

Хонанда бу йилги рамазон учун хам қўшиқ тайёрлаган.

- Унда Аллоҳнинг 99 исми нашида қилиб айтилади. Бу қўшиқ Рамазон учун аталган еттинчи қўшиқ. Нашида тарзида ëзилган. Бу қўшиқ матнини ҳам диний қўмитага кўрсатиб, изн олганман, - дейди қўшиқчи Озодлик билан суҳбатда.

Кўчаларда рамазон айтадиганлар кам

Рўза пайтида оқшом тушганидан бошлаб болакайлар уйма-уй юриб¸ қадимий рамазон қўшиқларини айтиши рамазон манзарасининг ажралмас қисми дея билинади.

Айни кунларда Ўзбекистоннинг катта шаҳарларида рамазон қўшиқларини айтаëтган болалар сони сийраклашган, дейди фолклоршунос олим¸ профессор Тўра Мирзаев Озодлик билан суҳбатда:

- „Ë рамазон“ қўшиқлари илгаридан барча вилоятларида кенг тарқалган эди. Халқ орасида ё рамазон, рабиман, рабигон, райвон, рамазон, раван, рабибон, ўребезон каби номлар билан аталади. Рўза кунлари ана шундай қўшиқларни куйловчилар рамазончилар ёки райванчилар деб юритилган¸ дея гап бошлаган Тўра Мирзаев рамазон айтиш ритуалининг умумий манзарасини ҳам тасвирлаб берди:

- Рамазон айтиб келдим, эшигингга¸ Xудойим ўғил берсин, бешигингга¸ деб биргалашиб айтишади. Ана шундан кейин гуруҳдаги чечан бола: “Бу уйнинг тепасида ой кўрдик¸ Бу уйнинг эгасини бой кўрдик” деган мисраларни айтади. Кейин орқадаги гуруҳ “Сўм-сўм тилло, сўм тилло, Сувга солса ботмасин. Худо берган кенг давлат, Тепкиласа кетмасин¸” деб куйлайди. Ритуал сўнгида хонадон эгаси болаларга егулик ва пул улашади. Агар хонадон эгаси ҳеч нарса бермаса¸ рамазончи болалар тарафидан ҳажв қилинган¸ дейди рамазон қўшиқларини ўрганган профессор Тўра Мирзаев.

Профессор Тўра Мирзаевга кўра¸ шаҳарлардаги баъзи "ўқимишли одамлар" рамазон айтишни тиланчиликка тенглаштириб¸ фарзандларига рамазон айтишни тақиқлашади. "Бу тўғри эмас", дейди Тўра Мирзаев Озодлик билан суҳбатда:

- Буни тиланчик билан боғлаш мутлақо нотўғри. Ўчоқда кул¸ кармонда пул¸ чиқарақолинг 10 сўм пул¸ деган баъзи шаҳар жойларида айтилаëтган ясама сатрлар бу айбловлар учун асос бўлмоқда. Аммо биз ëшлигимизда бундай мисраларни айтмасдик. Аслида уй эгаларидан ҳадя олиш райванчиларнинг асосий мақсади эмас, улар ота-боболарнинг удумига риоя қилиб савоб олиш, асрий анъаналаримизга умрбоқийлик бахш этиш ниятида “ё рамазон” айтадилар:

Рўзани уч кун тутиб келдик сизга,

Рўзанинг закотини беринг бизга.

Рамазон айтган билан тўямизми,

Бурунгининг қаъдасини қўямизми?

“Ё рамазон” қўшиқларини айтувчиларга хос энг муҳим белгиларидан бири шундаки, улар оилага фарзанд тилаш, яъни "қўш кокилли ўғил" ёки "кўнгил гули-қиз" фарзанд ато этилишига, ҳар бир хонадондан алла садолари янграб туришига бўлган эзгу умид мужассамлашган:

Ё рамазон айтиб келдик эшигингизга,

Қўчқордай ўғил берсин бешигингизга,

Қўчқордай ўғил берса бешигингизга,

Ким келиб, ким кетмайди эшигингизга".

«Ё рамазон» қўшиқлари тиланчининг зори эмас¸ балкли аждодлардан келаëтган маданият ип учларини узмасдан сақлаб¸ “бурунгиларнинг қаъдасини қўймаслик” деган фалсафа ичига жам бўлган¸ дейди суҳбатдош.

Тўра Мирзонинг айтишича Самарқанд ва Бухорода айтилаëтган рамазон қўшиқлари эса диний ривоятлар унсурлари билан йўғрилган.

Бухоронинг Жондор туманида айтилган бу қўшиқ Юсуф ҳақидаги ҳузун ҳикояни ҳам ўз ичига олади:

- Пайғамбарнинг ўн бир ўғли бор эди,

Ўн биридан шоҳ Юсуф гулзор эди.

Шоҳ Юсуфни овга олиб чиқдилар,

Чоҳга ташлаб, бўри еди, дедилар.

Онаси югуриб чиқди чоҳ бошига,

Чашмалар равон бўлди кўз ёшига.

Бу мисралар айтилганидан кейин ўн чоғли бола мана бу нақоратни куйлайди:

Рўзанинг ўн бешини тутиб келдим сизга,

Рўзанинг закотини беринг бизга.

Бу уйнинг орқасидан тутун чиқар,

Бу уйнинг қатламаси бутун чиқар.

Етти келин югуриб чиқар.

Рамазон айтиб келдим, эшигингизга,

Худойим ўғил берсин, бешигингизга.

Рамазон айтиш тарихи

Фольклоршунос олим¸ профессор Тўра Мирзаев Озодлик билан суҳбатда рамазон айтиш бугунги Марказий Осиë ҳудудларида ислом дини кириб келишидан олдин ҳам мавжуд бўлганини айтади:

- Одамларга қўшиқлар воситасида эзгу тилаклар тилаш анъанаси ислом кириб келганидан кейин бошқача мазмун касб қилди. Зардўштлардаги шамол тиндириш¸ ëмғир ëғдириш ëки фарзанд тилаш каби тилаклар ислом даврига келиб рамазон билан боғланди¸ дейди суҳбатдош.

Озодлик билан суҳбатда Тўра Мирзаев бундан юз йил олдин Туркистонда катта–катта одамлар рамазон айтишганига эътибор қаратди.

Туркистонда рамазон ойида ижро этиладиган халқ қўшиқлари ҳақида илк маълумотлар шарқшунос олим Николай Остроумовга оид.

Остроумов 1898 йили “Туркестанская туземная газета”да чоп этилган мақоласида Тошкент ва Туркистоннинг бошқа шаҳарларида рўза бошланиши биланоқ болалар рамазон ойи шарафига қўшиқлар айтишини, бу одат ўша даврда дарвешлар орасида ҳам машҳур бўлганлигини қайд қилган.

XS
SM
MD
LG