Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:15

Ўзбекистонлик диссидент тунни Гулноранинг уйида ўтказди


Швейцариядан бошпана топган ўзбекистонлик мухолифатчи Сафар Бекжон ўтган тунни Гулнора Каримовага тегишли кўриладиган Женевадаги бир неча миллион долларлик виллада ўтказди. 52 яшар диссидент 23 декабрь куни виллага изнсиз ва мавжуд қонунларга зид тарзда кириб олган эди. Воқеадан хабардор бўлган полиция фаолнинг ҳаракатларини тафтиш қилмоқда.


52 яшар сиёсий қочқин, мухолифат фаоли Сафар Бекжон 23 декабрь куни ишғол қилган Женева кантони, 1223 ch Chemin de la Prévôté 7 кўчасидаги виллада биринчи тунни ўтказганини айтди.

- Тунни шу уйда ўтказдим. Ўйлашмасин Гулноранинг пар тўшагида ётибди, деб. Тўғриси, умуман ухлолмадим. Салонда устига целлофан қопланган оддий диванда тунадим. Мен бу ерга Гулноранинг ётоғини эгаллаш, оёқ-ости қилиш учун келганим йўқ. Бу уй мен оид бўлган халқнинг мулки бўлгани учун, ўзбек халқи пулига қурилгани учун кириб олдим. Каримова керак бўлса, судлашсин мен билан. У мени маҳкама орқалигина чиқариб юбориши мумкин, - демоқда Сафар Бекжон.

23 декабрь куни Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримовага тегишли кўриладиган бу "виллани ишғол қилиш акцияси"да Швейцарияда рўйхатга олинган “Ўзбекистон демократик жамғармаси”нинг Сафар Бекжон доҳил бошқа тўрт аъзоси иштирок этди.

Ўша куниёқ бу воқеадан хабар топган Женева полицияси виллага келган ва Сафар Бекжонни бундай ишғоллар оқибатидан огоҳлантирган.

Ҳуқуқ фаолининг сўзларига кўра, у бу виллага эшикларини бузиб эмас, балки калит билан қулфини очиб киргани боис ҳозирча чора кўрилмаган.

Сафар Бекжон Гулнора Каримова вилласининг калитини қаердан олганини Озодликка очиқлашни истамади.

- Келишди, ҳужжатларимнинг фотонусхаларини олишди. Калитларни ҳам кўришди. Бу ҳаракатимнинг қонуний оқибатларидан огоҳлантиришди ва ҳуқуқларимни ҳам тушунтиришди. Бунинг сиёсий акция эканини кўришди, зеро бу демократик давлат. Лекин, уйнинг кўча томондаги деворига осилган плакатни олиб ташлашни сўради. Бугундан сиёсий акциямни уйнинг ичида туриб, давом эттираяпман, - деди фаол.

Аммо, Бекжон сўнгги ойларда қаровсиз қолган ва Швейцария полицияси бир неча марта тинтув ўтказган тўрт қаватли вилла калитини қаердан олганини очиқ айтишдан бош тортди.

- Бу вилла — халқнинг мулки. Мен бу уйга халқ номидан келдим. Калитни халқ номидан халқдан олдим - шу менинг жавобим, - деди Сафар Бекжон.

Унинг айтишича, 24 декабрь куни ишғол қилинган вилланинг ёнида қўриқчилар пайдо бўлган ва буни у ўз ҳаётига хатар сифатида баҳоламоқда.

- Бу қўриқчиларнинг қаердан келгани, уларни Гулнора ёллаганми ёки йўқми - бу ҳақда менда маълумот йўқ, адвокатларимда ҳам маълумот йўқ, - деди Бекжон.

"Ўзбекистон демократик жамғармаси" раиси Сафар Бекжон токи, бу вилланинг эгаси пайдо бўлиб, уни уйдан чиқаришга уринмагунича, виллада қолишини айтмоқда.

Айни пайтда Гулнора Каримовага қарашли кўриладиган Твиттердаги микроблогда Женевадаги виллада бораётган воқеаларга муносабат билдирилди ва бу уйнинг Каримовага тегишли эканини билвосита тан олинди.

“... Лекин СНБ-Тиллаев гуруҳи нима учун ҳозир менинг уйимда? Бунга бирор аниқ жавобингиз борми? Тахмин қиламанки, йўқ!” мазмунида твит қолдирди @GulnaraKarimova.

Яна бир твитда синглиси Лоланинг турмуш ўртоғи Тиллаев Ўзбекистон МХХ билан ҳамкорликда Женевадаги уйнинг ишғолини уюштирганлигини иддао қилди.

Бундан ташқари @GulnaraKarimova вилласидан сал нарида Тиллаевга қарашли 50 миллион долларлик уй борлиги ҳақида яна бир иддаони илгари сурди.

Бироз олдин @GulnaraKarimova Женевадаги виллага кириб олган одам Туркиядаги "Бўзқурт террорчилари"га яқин бўлган турк миллатига мансуб шахс эканини аниқлагани ҳақида ҳам ёзган эди.

@GulnaraKarimova ёзишича, Осиё мамлакатлари дипломатик каналлари орқали келиб чиқиши турк бўлган бу шахснинг "Бўзқуртлар террор тармоғи" орасида кўрингани аниқланган.

Туркияда парламентдаги асосий уч партиядан бири бўлган Миллатчилар ҳаракати партияси аъзолари ўзларини "Бўзқуртлар" деб атайдилар.

Сафар Бекжон Озодлик билан суҳбатда Бўзқуртларга алоқадорлигини рад этди.

- Биринчидан, Бўзқуртлар Туркияда қонуний фаолият қилади. МҲП, яъни Миллатчилар ҳаракати партияси аъзолари Туркияда парламентда ўтирибди. Европада ҳам улар қонуний иш олиб боради. Иккинчидан, мен бу гуруҳга аъзо эмасман, - дейди Бекжон.

Озодлик радиоси Каримовага тегишли уйга ўзбек фаоллари кириб олгани ҳодисаси юзасидан изоҳ сўраб Женева полициясига мурожаат этди.

Полиция вакилларидан бири бу юзадан изоҳ беролмаслигини айтди. Лекин, полиция вакилига кўра, Швейцарияда эгаларининг руҳсатисиз уйни ишғол қилиш бўйича қонуний чоралар мавжудлигини эслатди.

Гулнора Каримовага тегишли экани айтиладиган бу уй жорий йилда бир неча марта матбуот диққатини тортди.

Швейцария прокуратурасининг матбуотга билдиришича, августнинг охирларида мамлакат полицияси Гулнора Каримованинг Женевадаги вилласида тинтувлар ўтказган.

Швейцария прокуратураси матбуот хизматига кўра, тинтувлар 2012 йилнинг июлида пул ювиш ва коррупцияда гумон қилинган тўрт нафар Ўзбекистон фуқаросига қарши очилган иш асосида ўтказилган.

Халқаро Ёзувчилар Парламенти аъзоси Сафар Бекжон 1996 йилдан буён Швейцариянинг Лозан шаҳрида сиёсий қочқин сифатида яшаб келади.

Ўзбекистон "Эрк" демократик партияси Марказий кенгаши аъзоси бўлган Бекжон 1993-96 йилларда Ўзбекистон қамоқ жазосини ўтаган.

У Ўзбекистон қамоғида кўрган-кечирганлари ҳақидаги “Нариги дунё дарчаси олдида” номли китоб муаллифидир.

Ғаоб мамлакатларида диктатор оилаларига тегишли уйларнинг ишғол қилиниши биринчи марта бўлаётган ҳодиса эмас.

2011 йилда Ливия диктатори Муаммар Қаддафийнинг ўғли Сайфул Исломга тегишли бўлган 16 миллион АҚШ долларилик Лондондаги уй ливиялик фаоллардан иборат “Мустабидни ағдарайлик” деб номланган гуруҳ тарафидан ишғол қилинган эди.
XS
SM
MD
LG