Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:05

Гулноранинг собиқ менежери "Нурик"ни яқинлари қидирмоқда


Гулнора Каримовага тегишли кўриладиган ташкилотлардан бирида менежер бўлиб ишлаган Нурмуҳаммад Содиқовни яқинлари 11 ойдан буён қидирмоқда. Озодликка Москвадан боғланган Анвар Махатов исмли шахс Нурмуҳаммаднинг "Гулнорага тегишли жанггари йигитлар томонидан ўғирлангани ва қийноққа солингани"ни иддао қилди.

Россиянинг Пенза шаҳрида истиқомат қилишини айтиб, Озодликка боғланган Анвар Махатов исмли шахс Гулнора Каримованинг қўлида менежер бўлиб ишлаган куёви – 40 яшар Нурмуҳаммад Содиқов 11 ойдан буён бедарак эканини айтди.

Мухбир билан Skype орқали боғланган Анвар Махатов куёви 2013 йилнинг январь ойида президентнинг қизига хизмат қиладиган Олег ва Рафиз исмли йигитлар томонидан ўғирлаб кетилганини иддао қилди.

- Улар уни ўғирлаб кетишган. Кейин эса Нурмуҳаммаднинг уйига бориб, синглимнинг паспортини тортиб олишган ва куёвимни соғлом қайтариш эвазига ундан товон пули талаб қилишган. Улар жуда даҳшатли жангарилар, фақат бир авторитетга бўйсунади ва уларнинг қилаётган ишлари “полный беспредел”, - деб иддао қилди Озодлик билан суҳбатда Махатов.

Унинг иддаосича, бу йигитлар ўтган 11 ой давомида куёвини ўғирлаган шахслар зўравонлик ва куч қўллаш йўли билан Нурмуҳаммаднинг уйини, автомобилини ва қўлга илингулик мол-мулкини тортиб олган, аммо унинг ўзини қайтаришмаган.
Шунингдек, Анвар Махатов 11 ой давомида куёви ўзининг қийноққа солинаётгани ҳақидаги бир хатни хотинига етказганини ҳам айтди.

- Уни Гулнорага қарашли объектлардан бирида сақлашаётгани, систематик тарзда уришаётгани ва у олмаган қанадир пулларни талаб қилишаётганини ёзган у хатида. Ҳозир Нурмуҳаммаднинг қаерда эканини ҳеч ким билмайди. Синглим ҳам ўғриларга берадиган ҳеч нарсаси қолмагач, қайсидир танишлариникига кўчиб ўтган. Унга таҳдид кўпайгани учун мен билан ҳам алоқага чиқмаяпти, - деди Анвар Махатов.

Махатовнинг сўзларига кўра, асли касби банк хизматчиси бўлган Нурмуҳаммад 2003 йилгача Тошкент шаҳридаги банклардан бирида ишлаган ва 10 йил муқаддам Гулнора Каримовага қарашли бизнес структурага ҳисобчи бўлиб ишга ўтган.

Анвар Махатов қисқа муддатда менежер лавозимини эгаллаган Нурмуҳаммадни Гулнора Каримова бизнес структураларидаги “асосий фигуралардан бири” деб даъво қилди.

Шунингдек, у Нурмуҳамад Содиқовнинг шу кунларда Швейцария, Швеция ва Францияда Гулнора Каримовага боғлаб олиб борилаётган ўзбеклар ишида номи тилга олинган Алишер Эргашев ва Шохруҳ Собировлар билан бирга ишлаганини эҳтимолдан соқит қилмаслигини ҳам айтди.

- Мен аниқ айта олмайман, лекин улар биргаликда ишлаган ва Гулнора ҳам Нурмуҳаммадни яхши таниган бўлиши керак, - деди Анвар Махатов.

Аслида, бу Гулнора Каримова бизнесидаги ҳисоб-китобларга масъул шахслар орасида “Нурик” лақаби билан танилган Нурмуҳаммад Содиқов исмли шахснинг бўлгани ва унинг январда ўғирлаб кетилганига оид биринчи мурожаат эмас.

2013 йилнинг 7 февралида Zamondosh сайтида Ғайрат Ўринов номи остида чиққан мақолада ҳам Содиқов билан бир вақтда ғойиб бўлгани айтилган яна бир шахс – Шуҳрат Акбаровнинг номи тилга олинган ва уларнинг Гулнорага қарашли шахслар томонидан ўғирланиб, қийноққа солингани иддао қилинган эди.

Бундан ташқари, Гулнора Каримованинг “яширин ҳисобчиси” деб таъриф берилган Нурмуҳаммад Содиқов номи Ўзбекистон ҳукумати режими ҳақида МХХдаги манбаларига таяниб, мақолалар бериб келадиган, Усмон Ҳақназаров деган исмли номаълум муаллиф чиқишларидан бирида ҳам тилга олинган.

2013 йилнинг 28 мартида эълон қилинган: “Хайр Америка ёҳуд Каримов Кремль шартларини қабул қилмоқда” деган сарлавҳали мақолада ёзилишича, Нурмуҳаммад гўёки Ўзбекистон Молия вазири Рустам Азимовнинг одами бўлгани ва ўз вақтида Ўзбекистондаги кланлар тўқнашувида ишга солинган фигуралардан бири экани айтилган.

"Ҳақназаров"нинг иддаосича, Гулнора Каримова ва Рустам Азимов ўртасида шу йилнинг апрелда низо пайдо бўлиши билан президентнинг қизи Нурмуҳаммадни ишдан бўшатган ва қисқа муддат ичида бу йигит Ўзбекистон МХХ хизмати тергов изоляторига ташланиб, Молия вазирига қарши компроматлар беришга мажбурланган.

Шунингдек, бу мақолада МХХ босими остида қийноқларга солинган Содиқовнинг МХХ Хавфсизлик хизмати бошқармаси бошлиғи Ҳаёт Шарифхўжаевга қарши компромат бергани, шундан сўнг уни шахсан президент Каримов қабул қилгани ҳам даъво қилинган.

Анвар Махатов унинг 11 ойдан бери бедарак қолаётган куёви айнан юқоридаги мақолаларда тилга олинган “Нурик” – Нурмуҳаммад Содиқов эканини тасдиқлаш учун Озодликка бир неча суратни тақдим қилди.

Унинг иддаосича, 3 фарзанди – икки қизи ва бир ўғли ҳамда рафиқаси билан оилавий тушган суратдаги йигит айнан Нурмуҳаммад Содиқовдир.

- Нурмуҳаммадни Тошкентда Гулнора Каримовага қарашли исталган идорага боғланиб, аниқлашингиз мумкин. Шундай одам бор ва у менинг куёвим, - деб даъво қилди Анвар Махатов.

Аммо Озодлик Махатовнинг бу даъвосини бошқа манбалар орқали тасдиқлашга ҳозирча муваффақ бўлгани йўқ. Озодлик Махатов тақдим қилган суратлардаги йигитнинг айнан Гулнора Каримова идорасида ишлаган Нурмуҳаммад Содиқов эканини тасдиқлайдиган далилларга ҳам эга эмас.

Лекин, Махатов иддаосининг айнан шу кунларда — Гулнора Каримовага қарашли бизнес империя қулаб, президент қизининг ўзи эса Twitter орқали Ўзбекистон МХХсига қарши компроматлар сиздириш билан овора бўлиб турган вақтда янграгани диққатга сазовордир.

“Балки сиз Гулнорага қарши сиздирилаётган навбатдаги компромат воситаси бўлаётгандирсиз?” дейилган саволга жавобан Анвар Махатов аниқ-тиниқ қилиб шундай жавоб берди:

- Нимага айнан ҳозир? Чунки, кейинги кунларда Гулнора Каримованинг телевидениелари ёпилиб, ўзи қисувга олинаётгани ҳақидаги хабарларни сайтларда ўқиб ўтириб, мурожаат қилишга қарор қилдим. Зора, бу мурожаатимиз кимнидир қизиқтириб қолар ва шу баҳонада бу жиноий гуруҳни жавобгарликка тортиб, адолатга эришармиз, - деди Анвар Махатов.

Унинг сўзларига кўра, айни дамда Нурмуҳаммаднинг қаерда экани яқинларига қоронғу қолаётганидан ташқари Тошкентдаги кекса ота-онаси ва синглисининг ҳаёти ҳам ҳавф остида экани, куёвини ўғирлаб кетган гуруҳларнинг доимий боиси ва кузатуви боис Ўзбекистонни тарк эта олмаётганини ҳам қўшимча қилди.
XS
SM
MD
LG