Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:46

Гулноранинг "жазмани" Мадумаровнинг қаердалиги номаълум қолмоқда


Сентябрь ойи бошида Тошкентдаги Nirvana аудио ва видео маҳсулотлари тармоқ дўконларида рейдлар ўтказилиши ортидан бу ширкат эгаси Рустам Мадумаровнинг қаерда экани номаълум қолаяпти. Президентнинг тўнғичи Гулнора Каримованинг фуқаровий эри экани айтиладиган Мадумаровга қарашли Nirvana дўконлари фаолияти ҳозирда Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан текширилмоқда.


Nirvana эгаси қаерда?

Тошкентдаги аудио ва видео маҳсулотлар ҳамда қўл телефонлари билан савдо қиладиган Nirvana тармоқ дўконлари 9 сентябр кунидан бери ёпиб қўйилган. Ширкат фаолияти эса ҳозирда прокуратура томонидан текширилмоқда.

Рейдлар давомида Nirvana дўконларида қароқчилик йўли билан ишлаб чиқилган контрафакт аудио-видео дискларнинг катта партияси мусодара қилингани хабар қилинди.

Тошкентдаги Озодликнинг уч манбаси Nirvana дўконлари жойлашган бир қанча манзилларни бориб кўришди. 4 ноябрь куни уларнинг барчаси ёпиқ эканлиги маълум бўлди.

Озодлик мухбири Тошкентдаги Nirvana дўконларининг ўнга яқин телефон рақамига қўнғироқ қилди. Бироқ уларнинг бирортасидан жавоб бўлмади.

Тошкент шаҳар солиқ қўмитасидан олинган маълумотга кўра, Nirvana дўконлари билан боғлиқ тергов шаҳар прокуратураси томонидан ўтказилмоқда.

Манбаларимизга кўра, кейинги икки ой мобайнида Nirvana эгаси Рустам Мадумаровнинг қаердалиги ҳам номаълум қолмоқда.

Озодликнинг бир-биридан мустақил икки манбаси Рустам Мадумаровнинг рейдлар бошланиши биланоқ Ўзбекистондан чиқиб кетгани ва ҳозирда Лондонда эканини айтишди.

“Рустамнинг Лондонда уйи ва тижорати ҳам бор. Унинг шу ерга кетганини эшитдик”, деди манбамиз.

Иккинчи манба эса, Мадумаров Гулноранинг Ўзбекистондан қочган қўриқчиси билан бирга Лондонда эканлигини айтди.

"Гулнора қўриқчиларининг бошлиғи анча аввал Лондонга қочган эди. Рустам у билан жуда яқин алоқада эди. Мендаги маълумотларга кўра, Рустам ҳозир ўша қўриқчи ёнида", деди манбамиз.

Айни пайтда Озодлик буни тасдиқлатиш имконига эга бўлмади.

Озодлик мухбири Твиттер орқали @GulnaraKarimovaдан Рустам Мадумаровнинг қаерда экани борасида сўради. Ҳозирча бу саволга жавоб олганимизча йўқ.

“Nirvanaдан қўлингни торт!”


@GulnaraKarimova Twitter лентасида эълон қилинган видеода жорий йилнинг 19 октябрь куни Тошкент шаҳридаги "СD-PROFI" корхонасига қарашли иккита дўконга қилинган рейд иштирокчилари номаълум аёл томонидан "сўроқ" қилинади.

Видеодаги ҳужжатларга ишонилса, рейдлардан бири Тошкент шаҳри Ҳамза тумани, Тўйтепа кўчасидаги 1-уйда жойлашган "СD-PROFI" корхонасига қарашли дўконда ўтказилган. Видео ортидаги овоз соҳибига кўра, рейдда ниқоб кийган "Бургут" махсус гуруҳи, солиқ идораси, прокуратура, божхона, Ўзбекистон интелектуал мулк агентлиги ходимлари - жами 35 киши иштирок этган.

4 ноябрь куни Озодликнинг Тошкентдаги манбаси ушбу манзилга бориб, бу ерда Nirvana дўкони жойлашганини аниқлади. Манба олган суратда Nirvana дўконининг эшигига “Закрито” (Ёпиқ) деган ёзув илинганини кўриш мумкин.

Nirvana дўконларида ўтказилган рейдлар ҳақидаги “Кто посмел защитить от маски-шоу в Узбекистане" сарлавҳали видео Youtube порталига 3 ноябрь куни жойланиб, орадан саноқли дақиқалар ўтиши биланоқ @GulnaraKarimova Twitter лентасида пайдо бўлди.

Видеода номаълум аёл Nirvanaга текширишга келган гуруҳни “сўроққа тутиб”, уларни мобил телефонига тасвирга олади.

Рейдлар ҳақидаги ушбу видео монтаж қилинган ҳолда эълон қилинган. Яъни рус тилида гапирган номаълум аёлнинг овози ўзгартирилиб, унинг сўзлари видеода субтитр шаклида пайдо бўлади.

Рейд иштирокчиларини суратга олаётган номаълум аёл дўконнинг унга умуман алоқаси йўқлиги, рейд ҳақида Интернет орқали хабар топиб келганини айтади.

Лекин видеони томоша қилганлар номаълум аёл Гулнора Каримованинг ўзи эканлигини тахмин қилишмоқда.

Жумладан, @uoyevoliaranlug “Маски шоу” ролигидаги овозни қайта тикланганимизда, овоз 98 % сизнинг овозингизга ўхшаш экани маълум бўлди”, деб ёзди.

Айни мазмундаги твитларни Каримова хоним бирор марта инкор қилмади, фақат табассум белгиларини қўйиш билан кифояланмоқда.

Видеодаги текширувчилар ҳам номаълум аёлдан қўрқишларини илғаш қийин эмас. Яъни видеога олаётган аёл таъсирга эга шахслардан бири эканини тахмин қилиш мумкин.

Айниқса, ниқоб кийган “Бургут” гуруҳининг икки йигити аёл “таъсиридан пусиб қолишади".

Шу пайтгача мамлакатда “Қора ниқоблилар” томонидан йилига ўнлаб рейдлар ўтказилган пайтда “миқ” этмаган Каримова Nirvana мўлжалга олинган пайти “тилга кирди”.

Nirvana дўконлари Гулноранинг фуқаровий эри Рустам Мадумаровга тегишли эканини инобатга олсак, Каримова хонимнинг бу қадар “ёниб-куйиши”ни тушиниш мумкин.

Гулнора & Рустам


Рустам Мадумаров PanTerra овоз ёзиш студиясига ҳам эгалик қилади. PanTerra эса Гулнора Каримовага тегишли Terra Group медиа ширкатига киради.

Каримова Интернетдаги кейинги пайтдаги чиқишларида нафақат ўз жазмани экани айтилаëтган Рустам Мадумаров¸ балки ўз бизнес манфаатларини ҳам ҳимоя қилаётгани кузатилаяпти.

Айни пайтда Nirvana тармоғининг биринчи марта рейд нишонига айланмаëтганини ҳам айтиш лозим. Фақат бу галгидан фарқли¸ тахминларга кўра¸ ўтгандаги текширув ташаббусчиси Каримованинг ўзи бўлган.

2008 йилда Тошкент Солиқ бошқармаси ва муаллифлик ҳуқуқлари идораси қўшма амалиёт ўтказиб, Nirvanaга тегишли 100 мингдан ортиқ DVD, VCD ва MP3 дискларни мусодара қилган эди.

Озодлик суҳбатлашган Тошкент ижодий элитасининг ўз исмини айтмаган вакили иддаосига кўра¸ 2008 йилдаги бу текширув Рустам Мадумаров ва Гулнора Каримова ўртасидаги ишқий муносабатлар совуқлашган пайтига тўғри келган.

Бу совуқлашув ва текшир-текширдан сўнг¸ Мадумаровнинг бир муддат Москвага кетиб қолгани айтилади.

Айни манбанинг айтишича¸ Рустам Мадумаров Москвадан қайтиб келиб Каримова билан алоқаларини тиклаганидан сўнг¸ Nirvanaга оид муаммолар барҳам топган ва бу дўконлар Ўзбекистон ҳуқуқ идоралари назоратидан устун бўлган тармоққа айланган.

Nirvana дўконларига қарши куни-кеча амалга оширилган рейд амалиëти моҳиятан Мадумаров эмас¸ унинг асос ҳомийси Каримова хонимга қарши қилинган ҳаракат экани айтилмоқда.

Манбанинг айтишича¸ бу тадбир Ўзбекистон бошқарув элитасидаги Гулнора Каримовага қарши кучларнинг рамзий ишорасидир.
XS
SM
MD
LG