Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:57

2014 йилда чақалоқларга янги вакцина берилади


Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ротавирусга қарши эмлашни миллий дастурга киритишга қарор қилди. 2014 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб Ўзбекистонда туғиладиган чақалоқлар 2-3 ойлигида ўткир ич кетишни келтириб чиқарадиган ротавирусга қарши эмланадиган бўлди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра¸ ротавирус жаҳон бўйлаб 5 ëшгача бўлган болалар ўртасидаги оғир ич кетиш касалликларининг асосий сабабларидан бири. Ташкилот ҳисобича¸ ҳар йили ротавирус қўзғаган сурункали ич кетиш оқибатида дунë бўйлаб 5 ëшгача бўлган 527 минг бола ҳаëтдан кўз юммоқда.

Бу ўлим кўрсаткичини биргина эмлаш билан бартараф қилиш мумкинлигини таъкидлаб келаëтган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти¸ ҳукуматларга ротавирусга қарши вакцинани миллий эмлаш дастурига киритишни тавсия қилади.

Ана шу тавсия асосида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2014 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб 2-3 ойлик чақалоқларнинг барчасини ротавирусга қарши эмлаш ҳақида қарор қабул қилди.

Бу ҳақда расмий матбуотга хабар қилган вазирлик қошидаги Санитария-эпидемиология назорати бошқармаси вакили Озодлик билан суҳбатда ротавирусга қарши эмлаш харажатлари давлат бюджетидан молиялаштирилишини билдирди:

- Ротавирусга қарши вакцинани киритмоқчи бўлганимиз сабаби¸ ëш болалар ўртасидаги ич кетишнинг кўп қисмини айнан шу вирус қўзғайди. Бу вакцина мажбурий эмлаш календарига киритилади. Мажбурий эмлаш харажатлари давлат томонидан маблағлаштирилади. Ротавирус кўп учрамаса ҳам¸ унга қарши эмлаш ëш болалар ўртасида анча ичак инфекцияларини олдини олишга ëрдам беради¸ деди бошқарма расмийси.

Тошкентдаги 1-сонли болалар касалхонаси врачи ҳозирга қадар бундай вакцинанинг қўлланилмаганини айтар экан¸ мажбурий эмлаш дастурига киритилган бошқа вакциналарни тилга олиб ўтди:

- Шу пайтгача ротавирусга қарши эмланмаган болалар. Ҳозир полиэмилитга¸ силга¸ кўкйўталга¸ қизамиққа қарши эмланади. Чақалоқлигидан бошлаб секин-секин ҳар хил вакциналар кўпайиб борилади. Шахсан ўз тажрибамда ротавирусдан ич кетма бўлган болаларни кўрганман¸ аммо унақа кўп эмас¸ дейди тошкентлик педиатр.

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги қишлоқ врачлик пункти педиатри Абрураҳим Бозоров ҳам ротавирус оқибатида ич кетиш ҳолатлари ва бунинг ўлимга сабаб бўлгани ҳолларига ўз тажрибасида гувоҳ бўлмаганини айтади:

- Ротавирусга қарши вакцина ишлаб чиқарилаëтгани¸ унга оид маълумот бизга юборилди. Лекин мен бундай вакцина қилиш шарт эмас¸ деб ўйлайман. Менинг участкамда ҳар йили 180 та чақалоқ туғилади. Бу чақалоқлар орасида оддий диаррея ҳолатлари учрайди ва биз уларни орално-дегидратация деган усул билан даволаймиз¸ ўлим йўқ. Айрим малакасиз врачлар капелница қуйиб¸ болага азоб бериб¸ ҳар хил антибиотик бериб гентомицин¸ пентомицин¸ керомицин деган нарсаларни қилиб¸ болаларнинг ўлимига кўп сабаб бўлган. Болалардаги ич кетмани оддийгина даволаса бўлади ва бизнинг ҳудудда чақалоқлар ўлими 0 фоизга тушган¸ дейди самарқандлик врач.

Расмий рақамларга кўра¸ Ўзбекистонда 2011 йил давомида 626 900 чақалоқ дунëга келган ва уларнинг 98 фоизи соғлом деб қайд этилган.

Халқаро ташкилотлар ҳисоб-китобича¸ Ўзбекистонда ҳар минг чақалоқдан 20 таси 5 ëшга бормай нобуд бўлмоқда.
XS
SM
MD
LG