Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:34

Ўзбекистон Жанубий Кореяга кўпроқ ишчи жўнатади


Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги Жанубий Кореяга юборилаётган ишчилар сонини оширмоқчи. Агентлик ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича агентлик расмийлари муҳожирлар сони айнан қанчага оширилишини маълум қилмади.

Ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича агентлигининг ўз исмини айтмаган ходимга кўра, ўзаро ҳамкорлик доирасида Жанубий Кореяга кўпроқ ўзбекистонлик меҳнат мухожири юбориладиган бўлган.

- Ҳозир Кореяга кетувчилар имтиҳондан ўтказиляпти. Муваффақиятли ўтганлар икки мамлакат ўртасидаги келишув доирасида, қонуний йўл билан ишлагани кетишади, - деди агентлик расмийси.

Айни пайтда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов “Корея Республикаси билан меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорликни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга ҳам имзо чеккан.

Айни қарорга мувофиқ Ўзбекистондаги тегишли вазирлик ва идоралар Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигига Жанубий Кореяга борадиган ишчиларни тест синовидан ўтказиш ҳамда меҳнат қобилиятини баҳолашда кўмаклашиши кераклиги қайд этилган.

Қарорда айтилишича, тест синовларида қатнашиш учун ўзбекистонликлар тўлайдиган пул Корея меҳнат ресурслари хизматининг даромадидир ва Ўзбекистон ичида солиққа тортилмайди.

Бундан ташқари, тест синовлари учун Ўзбекистонга келтириладиган материаллар учун божхона тўловлари олинмайди.

Агентлик расмийларига кўра, бундай чоралар ўзбек фуқароларининг Жанубий Кореяга қонуний йўл билан ишга кетишини рағбатлантириш ва ноқонуний йўллар билан четга чиқиб кетиб, одамфурушлар домига тушиб қолиши олдини олиш мақсадида қилинаяпти.

Ўзбекистонлик ишчилар Жанубий Кореяга “Эркин ёллаш тизими” деб аталувчи дастур доирасида жўнатилади.

Кореянинг “Эркин ёллаш тизими” бўйича ишга жойлашиш бир неча босқичлардан иборат. Бунда номзод асосий босқичлардан бири корейс тили ва ихтисослиги бўйича тест синовидан муваффақиятли ўтиши лозим.

Мутахассисларни танлаб олиш учун Жанубий Кореянинг Меҳнат вазирлиги ходимлари Ўзбекистонга келиб вақти-вақти билан тест синовлари ўтказиб туради.

Тест синовлари Ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича агентлик тарафидан ташкиллаштирилади.

Агентлик веб-саҳифасида жорий йилнинг 21-24 июн кунлари ўтган синовлар асосида Кореяга кетмоқчи бўлган 800дан зиёд яқин ўзбекистонлик рўйхати чоп этилган.

Расмий маълумотга кўра, 2007 йилдан буён Жанубий Кореянинг "Эркин ёллаш тизими" орқали 20 мингга яқин ўзбек фуқароси Кореяда ишга жойлашган.

Жанубий Кореяга ўтган йили“Эркин ёллаш тизими” орқали ишлагани кетган хоразмлик муҳандис Ихтиёр шуларнинг биридир.

- Келганимга бир йилдан ошди. Ҳозир Пусандаги бўёқ заводида ишлаяпман. Бошида озгина қийин бўлди. Ҳозир кўникиб кетдик. Қаерда, кимга ишлашингни билиб келган бошқача барибир. Иш берувчи билан шартномам бор. Ишимга яраша ойлик оламан. Налогларини ҳам тўлаймиз. Завод ётар-турар билан таъминлаган. Ҳар хил одамларни гапига учиб келадиганлар ҳам бор. Қийналиб, қаерга боришни билмай, кўчада қолганларни ҳам кўрганман, - дейди Ихтиёр.
XS
SM
MD
LG