Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:18

Шукрулло: Мамадали Маҳмудов сўзидан қайтмайдиган ёзувчи


Сталин қатағонларини бошидан кечирган таниқли ўзбек адиби Шукрулло 14 йиллик қамоқ муддатини ўтаб чиққан ёзувчи Мамадали Маҳмудов ҳолидан хабар олди. Озодлик билан суҳбатда Шукрулло касбдоши Эврил Туронни "сўзидан қайтмайдиган, чўртсўз" ёзувчи дея атади.



Сталин қатағонларидан омон қолган 92 ёшли ўзбек адиби Шукрулло душанба куни Эврил Турон адабий тахаллуси билан танилган ёзувчи Мамадали Маҳмудов хонадонида бўлди. Адиб ўз қисматдоши ва касбдоши билан юз кўришгач кўзига ёш олганини айтади.

- Кўзга ёш келадида, қувонч ёшлари. Мени ўзим ҳам қамоқ азобларини, ҳуқуқсизликни, тутқунликни азобини бошдан кечирган одамман. Пичоқни олдин ўзингга ур, оғримаса бошқага, дейди. Мамадали бошдан кечирган нарсани бундан олдинроқ мен бошдан кечирганман. Уни кўриб, жуда ҳурсанд бўлдим, замонни яхши томонга кетишидан хурсанд бўлдим,- дейди Шукрулло.

Ёзувчи Шукрулло эллигинчи йилларда Сталин қатағонларининг иккинчи тўлқинида шўроларга қарши фаолиятда айбланиб, Сибирдаги ГУЛАГ қамоқхоналарига ташланган, шўро ҳукумати лагерларида оғир азоб-уқубатларни ўз бошидан кечирган.

Унинг қисматдоши, 72 яшар Мамадали Маҳмудов эса 14 йилдан ортиқ вақт давомида халқаро ҳисоботларда энг даҳшатли деб тасвирланувчи ўзбек қамоқхоналарида жазо муддатини ўтади.

Бу давр ичида Маҳмудовнинг қийноққа солингани ҳақида кўп бора айтилди.

- Шунча йил ўтирган бўлса ҳам тетик. Соғлиги яхши эмас, лекин руҳан тетик, фикрлари яхши, шундан мен хурсанд бўлиб келдим. У талантли ёш ёзувчи эди. Лекин, сўзидан қайтмайдиган, чўртсўз эди. Лекин, нимага қамашди, бундан бехабарман,- дейди Шукрулло.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:57 0:00
Бевосита линк

Эврил Турон адабий тахаллуси билан танилган Маҳмудов 1999 йилда Тошкентда юз берган портлашларга алоқадорликда айбланиб, 14 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилганди.

Совет даврида "Ўлмас қоялар" номли романи билан танилган адиб мустақиллик йилларида мухолифатдаги "Эрк" демократик партияси ва унинг раҳбари Муҳаммад Солиҳ билан алоқалари учун озодликдан маҳрум этилгунига қадар ҳам икки марта қамоққа ташланган.

- Мен Эврил Турон билан улфат эмас эдим, лекин “Ўлмас қоялар”ини ўқиган эдим. Ўша романи учун мен бу йигитга ихлос қўйганман. Чунки, ўша мустамлака тузумига қарши биринчи роман ёзган ёзувчи чамамда Абдулла Қодирийлардан шу бўлса керак. Ёш ёзувчи, ватанни, халқни, озодликни ўйлаб ёзганидан мен хурсанд бўлганман,- дейди 92 ёшли адиб Шукрулло.

2000 йиллар бошида бир гуруҳ ўзбек зиёлилари қатори Шукрулло ҳам Мамадали Маҳмудовни озод қилиш талаби билан кўп бора Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат қилган.

Озодлик мухбири Мамадали Маҳмудовнинг ўзи билан ҳам суҳбатлашишга муваффақ бўлди.

Суҳбатда ёзувчи ўзи ҳақда қайғурганларнинг барчасига миннатдорчилик билдириб, саломларини йўллади.

Эврил Турон яқин кунларда, бироз ўзига келиб олганидан сўнг интервью беришини ваъда қилди.
XS
SM
MD
LG