Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:37

"Ил-476"ни Ульяновскда тошкентликлар қурмоқда


Эндиликда Тошкентда Чкалов номида метро станцияси ҳам, завод ҳам йўқ...
Эндиликда Тошкентда Чкалов номида метро станцияси ҳам, завод ҳам йўқ...

Россия Бош вазири муовини Дмитрий Рогозинга кўра, Россиянинг Ульяновск шаҳридаги авиация заводида Ил-476 самолётларининг янги модификациясини яратишга Тошкентдан кўплаб мутахассислар жалб қилинган. Тошкент авиация заводида эса, кундалик эҳтиёж анжомлари ишлаб чиқарилмоқда.

Россия Бош вазири муовини Дмитрий Рогозинга кўра, Россиянинг Ульяновск шаҳридаги авиация заводида Ил-476 самолётларининг янги модификациясини яратишга Тошкентдан кўплаб мутахассислар жалб қилинган. Тошкент авиация заводида эса, кундалик эҳтиёж анжомлари ишлаб чиқарилмоқда.

18 апрел куни Москвада Россия Бош вазири Дмитрий Медведев парламент олдида қилган ҳисоботи юзасидан йиғилиш ўтказди.

Унда сўзга чиққан Бош вазир муовини Дмитрий Рогозин Ульяновск авиация заводида Ил-476 самолётлари ишлаб чиқариш Чкалов номидаги Тошкент авиация заводи мутахассисларини жалб қилиш эвазига амалга ошганини маълум қилди.

- Ярим йил олдин биз биринчи Ил-476 ни ҳавога кўтараётганимизда Ульянов заводида олий тоифали инженер, конструктор, мутахассисларга катта эҳтиёж юзага келганди, бироқ уларни биз Тошкент авиация корхонасидан топдик. Ўшанда битталаб, агар мумкин бўлса шундай дейиш, тезлаштирилган тартибда ҳар бир одам бўйича зарурий қарорлар қабул қилинди – фуқаролик, уларнинг Ульяновскка кўчиши масаласи бўйича. Худди шунинг учун бу самолёт ҳавога кўтарилди. Бизда ҳозир бундай лойиҳалар кўпаймоқда, деди Дмитрий Рогозин.

Унинг айтишича, ўсиб бораётган Россия ҳарбий ва космик авиасозлиги катта миқдорда юқори малакали илмий-техник кадрларга эҳтиёж сезмоқда. У бу етишмовчиликни собиқ "иттифоқдош республикаларда яшаётган ватандошлар" ҳисобига тўлдиришни таклиф қилди.

Бунинг учун эса, Рогозин Россияга ватандошларни кўчириш дастурини қайта кўриб чиқиш ва иқтисодиёт талабларига мослаштиришни таклиф этди.

Бунга қўшимча тарзда, Минтақалар тараққиёти вазирлиги раҳбари Игор Слюняев кўчириш дастури асосида 2013 йилда камида 25 минг одам Россиянинг турли минтақаларига кўчириб келиниши, 2014 ва 2015 йилларда эса бу кўрсаткич 50 минг кишига етишини маълум қилди. Слюняев "ҳозирга қадар бу дастур ёрдамида Россияга 125 мингдан зиёд одам доимий яшашга кўчиб ўтди", деди.

Бош вазир муовини Дмитрий Рогозин авиамутахассисларга бўлган эҳтиёжнинг ошишига яқинда қурилиши бошланган “Восточний” космодромини ҳам сабаб қилиб кўрсатди. Бу космодром биқинида янги барпо этилаётган Циолковский шаҳарчаси асосан ҳорижлик мутахассислар, жумладан Ўзбекистондан келган авиасозлар ҳисобига тўлдирилиши режалаштирилмоқда.

Бу маълумотга жавобан Россия Бош вазири Дмитрий Медведев Россияга таклиф қилинган мутахассисларга барча шароитлар яратилиши кераклигини алоҳида таъкидлаб, бундай деди:

- Кўчиб келганлар билан минтақа ҳукуматлари шуғулланиши керак. Улар бизнинг таклифимиз асосида кўчиб келганларга одамларга хос шароитлар яратиб беришлари керак. Бу бизнинг маънавий бурчимиз ва юридик вазифамиздир, дея йиғилишни якунлади Дмитрий Медведев.

2010 йилнинг 30 сентябрида Ўзбекистон ҳукумати ўзи 76,6 фоиз акциясига эгалик қиладиган Чкалов номидаги Тошкент авиация бирлашмасини банкрот, деб эълон қилган эди. 1,5 миллиард АҚШ доллари ҳажмидаги Хитой Ҳарбий ҳаво кучлари буюртмасига кўра, 34 та Ил-76МД ва 4 та Ил-78 ёнилғи қуйиш самолётларини ўз вақтида етказиб бера олмагани ТАПОиЧ ва Россиянинг Бирлашган авиасозлик корпорацияси (ОАК) ўртасидаги келишмовчиликларни келтириб чиқарди.

Ўшанда Россия Бош вазири муовини Сергей Иванов Тошкентда Иордания буюртмаси билан қурилган сўнгги ИЛ-76 транспорт самолётини Россияга етказгач, Ўзбекистон билан авиасозлик соҳасидаги ҳамкорлик расман тугатилишини билдирган.

2012 йилнинг октябрида Россия Президенти Владимир Путин Ульяновскда қурилган ва ҳавога кўтарилган биринчи собиқ “тошкентлик” Ил-76МД-90А транспорт самолётларини кўздан кечирар экан, Россия Мудофаа вазирлиги бу самолётларнинг 39 тасига буюртма берганини маълум қилди.

- Мустаҳкамлиги, узоққа уча олиши, камҳаржлиги, юк кўтариши бўйича принципиал тарзда янги самолёт ишлаб чиқаришга эришдик. Биз мудофаа вазирлигимиз учун 140 миллиард рублга тенг 39 самолётга буюртмани имзоладик. Айтишим керакки, бу Россия авиасаноатидаги энг йирик буюртма, деган эди Владимир Путин.

Тошкент авиасозлик заводида аллақачон бошқа маҳсулотлар, жумладан, қурилиш конструкциялари, кундалик эҳтиёж анжомлари, автомобил эҳтиёт қисмлари каби маҳсулотларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Чкалов номидаги Тошкент авиасозлик заводи 1941 йилда иш бошлаган. Бу заводда Ил-76, Ил-114 ва бошқа русумдаги самолётлар ишлаб чиқарилган.

Бугунги кунда собиқ Совет республикаларида Россиядан ташқари авиасозлик корхоналари фақатгина Украинада қолган.
XS
SM
MD
LG