Линклар

Шошилинч хабар
03 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:46

Жиззахда пахтага чиқмаган болали аёллар жазоланмоқда


Бу йилги пахта йиғим-теримига ёш болалар жалб қилинмади, лекин қишлоқдаги ёш болали аёллар ёппасига далага ҳайдалмоқда.
Бу йилги пахта йиғим-теримига ёш болалар жалб қилинмади, лекин қишлоқдаги ёш болали аёллар ёппасига далага ҳайдалмоқда.

Жиззах вилоятида пахта теришга чиқмаётган болали аёлларнинг уйларида электр қуввати узиб қўйилмоқда ёки уларнинг болаларига бериладиган нафақа пуллари қирқиб ташланмоқда.

Жиззах вилоятининг Пахтакор тумани Самарқанд қишлоғида бир ҳафтадирки пахтага чиқмаган ёш болали аёллар яшайдиган хонадонларни электр қуввати линияларидан узиб қўйиш тадбири амалга оширилмоқда.

Ана шу қишлоқда яшовчи Жасурбек исмли йигитнинг Озодликка айтишича, фарзандлари учун нафақа пули олаётган аёлларни жазолаш тадбири маҳаллий хокимлик ва милиция ходимлари бош-қошлигида амалга оширилмоқда.

- Маҳаллақўм, мелиса, яна маҳалла хотин-қизлар қўмитасидан битта ходим ва битта токчи (электромонтёр-таҳр.), шулар келиб светларни узиб кетдида. Пахтага чиқмагани учун. Пособиедан пахтага чиқарадику. Пособиедан пахтага чиқмагандан кейин уйига шулар келиб токни узиб кетаяпти. Уйга келиб қўймайди маҳаллақўм, мелиса ҳар куни,- дейди Жасурбек.

Фарзандлари учун нафақа пули оладиган жиззахлик аёлларни пахтага ҳайдаш жараёнини мустақил ўрганаётган ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаевга кўра, Пахтакор туманидаги ҳолат вилоятнинг барча ҳудудларида ҳам кузатилмоқда.

Ўктам Пардаевга кўра, айрим ҳудудларда пахтага чиқмаётган, лекин болалари учун пул олаётган аёлларни жазолашнинг янада кескинроқ усусли қўлланилмоқда, яъни болалларга бериладиган нафақа пуллари қирқиб ташланмоқда.

- Нафақа олаëтган аëлларга маҳалла раислари “агар пахтага бирорта одам чиқармасанг, пособие пулинг берилмайди”, деб огоҳлантириб юрибди. “Агар ўзинг чиқа олмасанг, ўрнингга бирорта одам қўй ëки бирор жойдан одам топиб келиб тўлаб бўлса ҳам чиқар. Кейин пособиенгни чиқариб берамиз”, деган огоҳлантиришлар бўлаяпти. Жиззах вилояти бўйича бу нарсалар. Агар чиқара олмаса, нафақаси берилмаяпти. Жазоси нафақа пулини бермаяпти. Ўзимизнинг маҳаллалардан бор, қўшни маҳаллалардан бор шу каби пули берилмаган. Агар ўзининг ҳаққини талаб қилиб, қаттиқ туриб оладиган аëллар бўлса, уларникини кеса олмайди. Уларга индамай беради. Сал бўшроқ кетса бўлди, нафақаси берилмаяпти,- дейди ҳуқуқ фаоли.

Жиззах вилоят Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бошқармаси ходими болали аёлларни пахтага чиқариш учун мажбурлаш ҳолатлари бўлаётганини инкор қилмади.

Унинг айтишича, болали аёлларни пахтага жалб қилиш ишларига мазкур бошқарма аралашмайди, бу иш маҳалла қўмиталари зиммасида.

Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг ўзини таништирмаган ходими, вилоятнинг айрим туманларидаги хонадонлар электр энергиясидан вақтинча узилгани, лекин бу уларнинг қарздорлиги билан боғлиқ эканини таъкидлади.

Жиззах шаҳридаги маҳалла қўмиталаридан бирининг фаоли Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда пахтага чиқмаган болали аёлларга нисбатан жазо қўлланилаётганини инкор қилди.

Лекин суҳбатдош, аёллар агар ўзи пахтага чиқа олмаса, ўрнига одам чиқариш талаби бўлаётганини рад қилмади.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:07 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG