Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:52

АҚШда яна бир ўзбек террорчиликда айбланмоқда


Бахтиëр Жумаев январ ойида Чикаго аэропортида ҳибсга олинган Жамшид Мухторов билан яқин алоқалари боис терговчилар назарига тушган.
Бахтиëр Жумаев январ ойида Чикаго аэропортида ҳибсга олинган Жамшид Мухторов билан яқин алоқалари боис терговчилар назарига тушган.

Филаделфия шаҳрида қўлга олинган 45 яшар Бахтиëр Жумаев жиззахлик қочқин Жамшид Мухторов орқали Покистон ва Афғонистондаги Исломий жиҳод иттифоқига моддий ëрдам кўрсатганликда айбланмоқда.

Колорадо штати прокурори Жон Уолшнинг АҚШ матбуотига билдиришича¸ Бахтиëр Жумаев пайшанба куни илк маҳкамага олиб келинган. Дастлабки эшитувларда унга Афғонистонда жойлашган НАТО қўшинларига қарши террор ҳужумлари уюштиришни мақсад қилган Исломий жиҳод иттифоқига моддий ëрдам кўрсатиш айби қўйилган.

Жумаевнинг адвокати Барнаби Уиттел ҳозирча жараëн эрта босқичда бўлгани боис матбуотга ҳеч қандай изоҳ бермаслигини билдирди. Келаси ҳафта сешанба кунга белгиланган навбатдаги маҳкама жараëнида Жумаевга расмий айблов қўйилиши кутилмоқда.

АҚШ Федерал тергов бюроси ходимлари Бахтиëр Жумаевнинг Колорадо штатининг Аврора шаҳрида яшаб келган ўзбекистонлик сиëсий қочқин Жамшид Мухторов билан яқин дўстлиги¸ хусусан унга 300 доллар пул юборганини террор ташкилотига моддий ëрдам кўрсатганлик далили сифатида келтирмоқдалар.

Ўзбекистондаги “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари ташкилоти Жиззах бўлимининг собиқ раҳбари 35 яшар Мухторов январ ойида Чикаго халқаро аэропортида Истанбулга учиш олдидан ҳибсга олинган эди.

Жамшид Мухторов Покистон ва Афғонистонда жойлашган Исломий жиҳод иттифоқига моддий ëрдам кўрсатганлик ва бу гуруҳнинг террор хуружларида иштирок этишга ҳозирганликда айбланмоқда.

Дастлаб Ўзбекистонда ташкил этилгани айтиладиган Исломий жиҳод иттифоқи 2004 йилда Тошкентдаги АҚШ ва Исроил элчихоналарига ҳужум уюштиришда айбланган ва шундан сўнг АҚШ Давлат департаменти томонидан халқаро террор гуруҳлари рўйхатига киритилган.

2007 йилда Германия прокуратураси ҳам мамлакатдаги АҚШ ҳарбий объектларига қарши террор ҳужумлари режалаган гуруҳнинг фош этилгани ва қўлга олинганлар Исломий жиҳод иттифоқи аъзолари эканини даъво қилган эди.

Мазкур гуруҳнинг Афғонистондаги НАТО қўшинлари¸ хусусан 2008 йилда халқаро кучлар постига ҳужум қилгани айтилади.

Жамшид Мухторовнинг Исломий жиҳод иттифоқига қарашли Интернет сайти администратори билан электрон ëзишмаларини ўқиган АҚШ терговчиларига кўра¸ Мухторов бу гуруҳга нафақат моддий ëрдам¸ керак бўлса¸ ўз жонини беришга ҳозирлигини билдирган.

Терговчилар даъвосича¸ Мухторов “тўй” деб кодланган террор режасида қатнашиш истагини билдирган¸ у билан телефон суҳбатларида Бахтиëр Жумаев унинг “тўй”га кетаëтганига ҳавас қилаëтганини айтган.

“2 декабр ëки шунга яқин кунда Жумаев бизга маълум шеригига телефон қилди ва унга имкон қадар тезроқ учрашиш лозимлиги¸ йўқса шериги уни бу дунëда бошқа кўрмаслиги мумкинлигини айтди”¸ дейилади Федерал тергов бюроси терговчиларининг АҚШ маҳкамасига тақдим қилган ҳужжатларида.

Жамшид Мухторовнинг электрон ëзишмалари ва телефон суҳбатлари у 2012 йил январида ҳибсга олингунга қадар қарийб бир йил давомида Федерал тергов бюроси мутахассислари томонидан мунтазам ўқиб¸ эшитилиб борилган.

Филаделфияда қўлга олинган Бахтиëр Жумаевнинг ҳам айнан Жамшид Мухторов билан алоқаси боис терговчилар назарига тушгани айтилмоқда.

Бахтиëр Жумаевга қўйилаëтган айблар орасида унинг Жамшид Мухторов ҳисоб рақамига 300 доллар пул ўтказгани ҳам бор. Жумаев ўзининг Мухторовдан қарздор бўлгани ва пулни қарзни тўлаш учун ўтказганини айтган.

Исломий жиҳод иттифоқига моддий ва жисмоний ëрдам кўрсатишда айбланаëтган иккала ўзбекистонлик қочқин Жамшид Мухторов ва Бахтиëр Жумаев¸ АҚШ матбуотининг ëзишича¸ ўзига қўйилаëтган айбларни инкор қилмоқда.

Уларга қўйилаëтган айблар маҳкамада ўз тасдиғини топса¸ иккала ўзбекистонлик 15 йилгача қамоқ жазоси ва 250 000 долларгача жаримага тортилиши мумкин.
XS
SM
MD
LG