Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:12

Диктаторга муҳаббат


Ким Чен Ир билан видолашув жараёнида кузатилган манзара тоталитар тузумлар табиатини тушунишга ёрдам берадиган ёрқин иллюстрациядир.


Ўн минглаб ўзбек меҳнат қилаётган жанубий қўшнисидан фарқли ўлароқ Шимолий Корея мутлақ ёпиқ мамлакатдир.

Бу давлатга онда-сонда саёҳат қиладиган ҳар бир хорижлик хавфсизлик хизмати ходимларининг мунтазам назорати остида бўлади.

Шимолий Кореяда чет эллик ўз хоҳишича суратга олиши ҳам мумкин эмас. Фақат кузатувчилар рухсат берган кўринишларнигина суратга олиши мумкин.

Дунё бу ёпиқ мамлакат ҳақида узуқ-юлуқ маълумотлар ёрдамида тасаввур ҳосил қилади.

Мухбиримиз Элмурод ҳарбий хизматни Узоқ Шарқда, Шимолий Корея чегарасида ўтаганки, Ким Чен Ир билан видолашилган кунда унинг хотираларини эшитиб қўйишимиз ортиқчалик қилмас, деб ўйладик.

- 1989-1991 йилларда биз ўзимиз билан бирга хизмат қилган йигитлар билан ҳар куни Шимолий Корея радиосини эшитар эдик. Соат 9да рус тилидаги эшиттиришлари бошланар эди. Шимолий Корея радиоси совет тузуми даврида ҳам биз учун ўзбек аскиячиларининг ўрнини босадиган даражада кулгили радио эди.

Озодлик: Нимаси кулгили эди?

- Масалан¸ ярим соатлик эшиттириш бўлса, ярим соатда камида 100 марта доҳий Ким Ир Сен, Ким Чен Ирларнинг номлари тилга олинар эди. Эшиттириш бошидан охиригача мана шу икки шахсга бағишланар эди. Чучҳе идеяси, ғоялари, Кореянинг гуллаб яшнаëтгани, аҳолисининг доим моддий жиҳатдан бойиб бораëтгани, айни пайтда бундай улуғ ишлар доҳиймиз, бутун жаҳон пролетарлариниянг буюк етакчиси, ëшларнинг отаси Ким Ир Сен деб мана шу икки шахс атрофида бўлар эди. Айни пайтда биз Шимолий Кореяга яқинроқ ҳудудда бўлганимиз учун бошқача манзараларни ҳам кўрганмиз. Шунинг учун бизга кулгили бўлар эди. Шимолий Кореядан Артëм аэропортига Россияда ишлаш учун Шимолий Корея фуқаролари олиб ўтилар эди. Расман квота бўлганми билмадим.

Озодлик: Совет иттифоқи ҳудудига-а?

- Ҳа. Биз ўшанда кўрганмиз. Шимолий Кореядан олиб келинган ишчилар Артëм аэропортида самолëтдан тушишар эди. Уларнинг олдида¸ албатта¸ яхши кийинган, галстукли учта-тўртта одам бўлар эди. Улар тушиб келгандан кейин уларнинг ортидан бир хилда жуда бир қашшоқ аҳволда кийинган 50-60та одам тушар эди. Галстуклилардан биттаси уларга қараб ўзининг тилида бир нима деб ўшқирар эди. Кейин улар солдатларга ўхшаб саф тортишар эди. Қизиғи шундаки, ўша аэропортнинг биносида, мен гувоҳи бўлганман шунинг отпускага келаëтганимда, аэропортда жой йўқ бўлиб уларни бир четга тикка турғизиб қўйган. Қандай саф тортиб туришган бўлса, самолëтга чиқилгунча бир-бир ярим соат оралиғида бирортаси қилт этмасдан тик турган эди. Мана шу ҳолатлар менинг эсимда қолган, дея эслайди ҳарбий хизматни Узоқ Шарқда, Шимолий Корея чегарасида ўтаган мухбиримиз Элмурод.

Шимолий Корея раҳбарининг дафн маросими тоталитар коммунистик режимлар учун муштарак тадбир каби кўринади.

1953 йилда Совет раҳбари Иосиф Сталин ўлганида ҳам бутун мамлакат бўйлаб оммавий мотам тадбирлари ўтказилган.

Бу тадбирларда юзлаб одамлар оëқ остида қолиб ўлгани айтилади.

1983 йилда Ўзбекистон раҳбари Шароф Рашидов ўлганида пахтакор депутат Холбуви Рустамова “алвидо дейишга тилим бормайди отажоним” деб увиллаб йиғлаб ўзини майит устига отган эди.

Холбуви Рустамовага қўшилиб уч кун давомида мотам тутган минглаб ўзбекистонликлар увиллаб йиғлагани Ўзбекистон телеканалида намойиш қилинган эди.

Ўша пайтда ЎзКомпартия Марказий Қўмитасида ишлаган Шароф Убайдуллаев бу дафн маросими ташкилотчилари орасида эди.

"Мен Сталин ўлган пайтда ҳам увиллаб йиғлаганман", дейди Шароф Убайдуллаев.



Шу ўринда, яна бир кекса журналист Ражаббой ака Бобожонов билан ўтказганимиз суҳбатни ҳам эътиборингизга ҳавола қилишни ўринли, деб топдик.

Кекса журналист, узоқ йиллар Ўзбекистон радиосининг Хоразм воҳасидаги мухбири бўлиб ишлаган Ражаббой ака Сталин дафн этилган кунларни яхши эслайди.

- 1953 йил 5 мартни кечагидай эслаб юраман. Ўша пайтда мактабда 10-синфда ўқир эдим. 17 ëшлардаги йигитча эдим. 5 март жуда ҳам қаттиқ совуқ эди. Шунда Москванинг радиосини олиб келиб қўйиб бизларга мактабнинг залида эшиттирганлар. Шунда Георгий Максимилианович Маленков мажлисни олиб борди. Вячеслав Михайлович Молотов сўзлади. Ундан кейин Лаврентий Павлович Берия кўзида ëш билан “Бутун совет халқи отасидан айрилди” деб ҳўнг-ҳўнг йиғлаганини радиода эшитганмиз. Бизларнинг мактабда ҳам дафн маросими бўлган пайтда қанчадан қанча мактаб ўқувчилари ўзларидан кетиб, ëмон бўлиб қолиб, бир тарих ўқитувчимиз бор эди.

Озодлик: Сиз ҳам йиғлаганмисиз?

- ......

Ражаббой ака билан суҳбатнинг давомини қуйида тинглашингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG