Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:20

Қурилиш ташкилоти раҳбари Бош вазирга муовин бўлди


Тошкентдаги “Трест-12” қурилиш компанияси раиси Ботир Зокиров Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари этиб тайинланди.


Президент Ислом Каримов фармонига кўра, "Трест-12" қурилиш компаниясининг бошқарув кенгаши раиси бўлган Ботир Зокиров Ўзбекистон Бош вазирининг муовини лавозимига тайинланди.

Тошкентлик 48 ёшли Ботир Зокиров шу билан бирга Вазирлар Маҳкамасининг коммунал хизмат, транспорт, капитал қурилиш ва саноат қурилиш масалалари бўйича мажмуаси раҳбари ҳамда Архитектура ва Қурилиш Давлат қўмитасига ҳам раҳбарлик қилади.

Мутахасислиги бўйича қурувчи-муҳандис бўлган Ботир Зокиров Тошкентдаги Беруний номидаги Политехника институтини битирган.

Ўз фаолиятини чилангарликдан бошлаган Ботир Зокиров 20 йил давомида Тошкентдаги “Трест-12” қурилиш ширкатида ишлади.
Фаолиятининг 16 йилида у ширкатнинг бошқарув кенгашига раислик қилган.

Чилангарликдан Бош вазир ўринбосаригача кўтарилган Ботир Зокировни ҳамкасблари нуфузли лавозимга лойиқ ҳисоблашади.

- Хизматлари учун Ботир акани лойиқ топишди. 1995 йилда президентимизнинг мақтов ëрлиқларини олганлар. Кейин мустақиллигимизнинг 10 йиллигида кўкрак нишони олганлар. 2002 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қурувчи” бўлдилар. Бизларнинг трестимиз 1979 йилдан бери ишлайди. Ўзбекистон республикаси бўйича бизлар қурилиш-монтаж ишларини олиб борамиз. Корхонанинг ўзи кичкинамас. 2000дан ортиқ одам ишлайди. Ëзда 2200та. Тўққизта бошқармамиз бор. Техника базаси кучли,- дейди “Трест-12” компанияси ходимаси.

“Трест-12” компанияси Американинг "KASE", Ирландиянинг "TORSVIK", Туркиянинг "APEAS" ва Югославия, Дания, Германиянинг бир қанча фирмалари билан ҳамкорлик қилади.

Компания сайтида ёзилишича, энди Бош вазир муовинига айланган Ботир Зокиров раҳбарлик қилиб келган ташкилот бир йилда 40 миллион АҚШ долларидан зиёд миқдорда қурилиш ва монтаж хизматлари кўрсатади.

- Миллий театрни қайта таъмирладик. Алишер Навоий номли миллий кутубхонада қурилиш-монтаж ишлари олиб борилган. Мана яқинда топширилди. Юнусободдаги теннис корти, General Motors қўшма корхонасининг мотор ишлаб чиқариш заводи – бу охирги объектларимиз. Булар ҳаммасини биз қурганмиз. Сенат биносини ҳам “Трест-12” қурган. Мустақиллик майдонидаги орзулар майдонини ҳам “Трест-12” қилган,- дейди ташкилот ходими.

Қурувчиликда катта тажрибага эга бўлсада, Ботир Зокиров аввал ҳукумат лавозимларида умуман ишламаган. Унинг қурилиш компанияси раҳбарлигидан бирданига Бош Вазир ўринбосари лавозимига кўтарилиши Зокировнинг ҳукумат доираларидаги амалдорларга яқинлиги билан изоҳланмоқда.

Uzmetronom.com сайти Ботир Зоикровнинг Ўзбекистон Бош вазири биринчи ўринбосари ва Молия вазири Рустам Азимовга яқин шахслардан бири экани ёзди.
XS
SM
MD
LG