Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:30

Ўтилмаган дарсни ўтилди демаган ўқитувчи жазоланди


Олотлик ўқитувчи Ғайбулла Бектошевга кўра, бу йилги пахта мавсумида унинг мактабида 1780 соат дарс қолдирилган.
Олотлик ўқитувчи Ғайбулла Бектошевга кўра, бу йилги пахта мавсумида унинг мактабида 1780 соат дарс қолдирилган.

Олотдаги 4-мактаб директори муовини Ғайбулла Бектошев пахта мавсумида ўтилмаган дарсларни расмийлаштирмагани учун ишдан олинди.

Бухоро вилоятининг Олот туманидаги 4-мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Ғайбулла Бектошев пахта мавсумида ўтилмаган дарс соатларини ўтилди, деб расмийлаштириш ҳақидаги талабни бажармагани учун аввалига ҳайфсан олган эди.

Бектошевнинг Озодликка билдиришича, 22 ноябр куни мактабда туман Халқ таълими бўлими раҳбарлари иштирокида йиғилиш бўлган ва шу йиғинда уни ишдан олишган.

- Келдилар, педсоветга ҳамма ўқитучиларни йиғдилар. Кўпчилик ўқитувчи имзо чеккан бир аризани кўрсатдилар ва шу асосдан мени ишдан олдилар. Эмишки, мен ўз ваколатимни умуман бажармаганмишман, дейди Ғайбулло Бектошев.

Аммо 22 дан ортиқ ўқитувчи имзолагани айтилган мактуб мазмунидан жамоадаги кўпчилик ўқитувчи бехабардир¸ деб давом этади олотлик завуч.

- Ўқитувчилар ҳайрон бўлиб қараяпти. Мен айтдим, аризанинг орқасига ёзилган рўйхатдаги ўқитувчиларнинг исмларини ўқинг, балки булар билмай қўл қўйгандир, сўрайлик ўзларидан, десам, йўқ бир сир тутилади, дейишди-да ўқишмади, дейди Бектошев.

Бектошевга шу йилнинг 5 ноябрида пахта мавсуми давомида ўтилмаган дарс соатларини расмийлаштирмагани учун берилган ҳайфсанда ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарига “ваколат доирасидаги ишни бажармади” деган айб қўйилган эди.

Ўқитувчининг айтишича, 19 сентябрдан ўқувчилар ҳеч қандай буйруқсиз, фармойишсиз пахтага чиқиб кетган ва 17 октябрдан дарсга қайтган.

Бектошев шундан сўнг туман Халқ таълими бўлими раҳбарияти ўзидан пахта вақтида ҳам дарс ўтилди деб, ўқитувчиларга иш ҳақи табелини ëзишни сўрагани, бироқ мактабда пахта мавсумида 1780 соат дарс қолдирилган бир пайтда бундай қалбаликка рози бўлмагани учун унга ҳайфсанга лойиқ топилган эди.

Бухоро вилояти Халқ таълими бошқармаси мутасаддиси Олим Ҳафизов Бектошевнинг бу даъволарини бутунлай инкор қилди.

Овози ёзиб олинишига рози бўлмаган мутасадди раҳбарга кўра, Олот туманидаги на 4-мактаб ва на бошқа бирор мактаб ўқувчилари дарсни ташлаб пахтага чиқмаган ва умуман дарс соатлари қолдирилмаган.

Олим Ҳафизов бундай асоссиз иддао билан чиққан Ғайбулла Бектошев ўз хизмат вазифаларини бажармагани учун асосли равишда ишдан олинганини айтди.

Мутасадди раҳбарнинг бундай жавобига муносабат билдирган Ғайбулла Бектошев бу гапларнинг ëлғон эканини тасдиқлайдиган далиллари етарли эканини билдирди.

- Шахсан менинг ўзимни 7-синф ўқувчиларига физика фанидан ҳафтасига тўрт соатдан дарсим бор эди. 19 сентябрдан 17 октябргача мактабнинг 7¸ 8, 9-синф ўқувчилари дарсни ташлаб пахатага чиқди ва менинг дарсларим ҳам бўлмади. Буни исботлайдиган ҳамма ҳужжатлар бор.

Йиллар давомида шу масала кўтарилмаган. Мен шу масалани кўтарганим учун менга қасдланиб қолишди булар, дейди Ғайбулла Бектошев.

Пахтазор Африка
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:34 0:00
Ўзбекистонда мактаб ўқувчиларининг бутун мамлакат бўйлаб ўқиш ўрнига пахта тердирилганига оид ҳужжатлар халқаро матбуот ихтиëрида ҳам талайгина.


Ғайбулла Бектошев туман ва вилоят Халқ таълими бошқармасида ўз иши юзасидан адолат қарор топтира олмаслигига ишончи комил экани боис қатор юқори ташкилотларга мурожаат қилганини айтади.

- Мен шундан кейин олтита катта ташкилотга хат жўнатдим. Вазирликка, Президент девонига, Прокуратурага, Олий судга ҳам. 8 ноябрда хат ёзган бўлсам, бирорта жавоб бўлгани йўқ. Аммо мактаб раҳбарияти мендан кейин жўнатган аризага дарҳол жавоб бўлиб, уларнинг чопиб етиб келганию, дарҳол чора кўрганига ҳайрон ўтирибманда, дейди Ғайбулла Бектошев.

Ўзбекистон ҳукумати болалар меҳнатини тақиқловчи қатор халқаро ҳужжатларга қўл қўйганига қарамай¸ мамлакатда ҳар йили пахта йиғим-терими мавсумида ўқувчилар мажбуран далага ҳайдалмоқда.

Халқаро ва маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари тахминича¸ ҳар йили пахта мавсумида 2 миллионга яқин ўзбекистонлик бола ўқиш ўрнига пахта теради.

Болалар меҳнатидан қулларча фойдаланишни тўхтатиш борасида Ўзбекистон ҳукуматига босим ўтказишни мақсад қилган халқаро кампанияга қўшилган 60 дан ошиқ йирик Ғарб ширкати болалар меҳнати эвазига терилган ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган.
XS
SM
MD
LG