Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:03

Бўяб бежалаëтган Самарқанд


Тошкент расмийлари Самарқанддаги қадим меъморий обидаларни асл ҳолида сақлаб қолиш ўрнига¸ уларга ялтир-юлтур кўриниш бериш йўлини тутмоқда.


Ўзбекистон ҳукумати махсус қарор билан Самарқандни 2015 йилгача таъмирлаш дастурини очиқлади.

Дастурга кўра, Самарқанддаги Темурийлар даврига оид 22 та обидани реставрация қилиш учун 6,14 миллиард сўм ажратиладиган бўлди.

Бу дастур доирасида Ишратхона мақбараси (XIV аср) ва Биби Хоним мажмуалари (XIV-XV аср) таъмир қилинадиган бўлди.

Самарқанддаги Гўри амир ëнида улғайган журналист, ҳозирда Германияда туризм соҳасида ишлаëтган Анвар Усмонов бу қарор икки ҳолат боис қадимий ëдгорликлар учун таҳдид эканлигини таъкидлайди.

Биринчидан, ажратилган пул ўмарилади. Оқибатда арзоннинг шўрваси татимайдиган аҳволга келамиз.

Иккинчидан, реставрация деган ном остида қадимий обидалар таг-туги билан йўқ қилиниб, янги “ялтиллагани” “барпо” қилинади.

Асли самарқандлик Анвар Усмонов болалигида кўрган Самарқанд “реставрациядан” кейин йўқлик қаърига кетганидан афсус қилади.

Суҳбатдошга кўра Ўзбекистондаги тарихий обидаларни фақат консервация йўли билан асрамоқ лозим.

- Ҳар бир одам Самарқандга ҳоким бўлиб ëки каттакон бўлиб келса¸ биринчи навбатда¸ Самарқандни оз-моз ўзгартиришим керак¸ деб ўйлайди. Биттаси янги бетон уйларни қуриш керак, биттаси янги катта центр, ҳеч ким эски консервация тўғрисида ўйламайди. Мана шу энг расво нарса. Бу совет давридан қолган менталитет. Ҳар бир одам ўзини кўрсатмоқчи. Бу биринчи.

Иккинчидан, Самарқандда ҳақиқий жамоатчилик йўқ ўзи. Халқ индамасдан қараяпти. Протест ҳам қилмайди, кўчага ҳам чиқмайди. “Мана шу ҳовлида ўтирсам бўлди. Менга тегмаса бўлди” дейди. Сиëсий томондан онги паст. Агар Самарқандда Колизей бўлсачи, ишонасизми йўқми¸ катта бозор қиларди у ерда. Ëки мол бозори қиларди. Менталитети шунақа одамнинг. Ҳар бир нарсадан фойдаланишимиз керак. Ҳеч ким ўйламайди, келгусига қаранглар, ҳақиқатан бутун дунë Самарқандга келиб Регистон, Шоҳи Зинда, Гўри Амирни томоша қилаяпти.

Мана Гўри Амирнинг олдини кўринг қанақа уйлар турибди. Гўри Амирнинг олдида шунақа яхши бир катта майдон қилиб эски меҳмонхонани бузиб тарихий мемориал қилиш керак эдими? Жуда ҳам ачинаман бунга. Гўри Амирнинг олдида турардим. Мана Венецияни кўринглар. Венецияда ҳам уйларнинг аҳволи анча чатоқ бўлган. Кўраяпсизми тўкилаяпти. Лекин ҳеч ким уйларни ташлаб янги бино қурмайдику. Социал спонсорни топиб консервация қилиш керак биринчидан. Биринчи ишимиз консервация қилиш керак. Тўкилмасин. Ундан кейин қачон иложи бўлса, ундан кейин реставрация қилиш керак. Мана Германияда доим консервация, кейин реставрация. Шуни Ўзбекистонда ҳеч ким ўйламайди. Ўзбекистонда каттаконларда ўзбек юраги борми ўзи йўқми, дейди Анвар Усмонов.

Реставрациядан кейин яна очилибди

“Қароқчи чоллар” филмидаги музей қўриқчиси ўғирлаб қайтарилган Рембрандт асарига қараб шундай хитоб қилади.

Аммо Ўзбекистондаги “реставрациядан чиққан” обидаларга қараб бундай хитоб қилиб бўлмайди.

Ўтган асрнинг 70-йилларида Хивадаги “реставрациядан” чиққан обидаларни кўрган санъатшунос Игор Савицкий аламдан йиғлаганига гувоҳ бўлган рассом Солий Қодиров шундай эслайди.

- Игор Савицкий археолог Толстов гуруҳида Хивага келиб обидаларни таҳлил қилган эди. Хива туризм марказига айланганидан кейин Тош ҳовли шифтидаги баъзи нақшин паннолар ўзгартирилди. Хива шаҳри раҳбари назарида “примитив” кўринган нақшлар “ялтиллатиб” қўйилди. Савицкий эътирозига жавоб берган шаҳар ижроқўми раиси “Туристлар эски-туски нақшларни суратга олиб – мана ҳама нарса қаровсиз ҳолда деб айтади. Биз буни истамаймиз, чунки биз фаровон яшаяпмиз деб жавоб қайтарган, дея эслайди Солий Қодиров.

Худди шу мантиқдан келиб чиққан раҳбарлар Урганчдаги қадимий бинони буткул бузиб қайтадан қуришди. Эски иморатдан иккита олд девор қолди холос.

Хива ва Бухородаги совет мулозимлари райқўм, ижроқўмлар ўрнига янги ҳокимлар келди. Аммо обидаларни асли қандай бўлса шундайлигича сақлашга қаратилган “консервация” қилишга ашаддий қаршилик кайфияти ўзгармади.

Бизга вайроналар эмас кошоналар керак

Тошкентдаги “Моний” деб номланган меъморчилик ширкати раҳбари рассом Абдумавлон Муталов консервациядан кўра реставрацияни маъқул кўрадиган мутахассислар сирасига киради.

- Битта нарса борда. Мен ўзим асли тагида рассомчиликни битирганман. Бу нарсаларни жуда яхши тушунаман. Агар консервация қиладиган бўлсангиз, барибир вақт давомида у узоққа бормайди. Нега бормайди? Чунки ҳар битта технологик процесс вақт ўтгандан кейин ўз кучини йўқотади. Бу дегани реставрация қилиш керак, дегани. Реставрация қилинганда, тўғри айрим жойлардан воз кечилади, айрим нарсалар сунъий бўлиб кўриниши мумкин, лекин ўша асл ҳолда сақлаб қолинади умумий кўриниши. Менинг фикрим шунақа.

Очиқ музей ҳолатида сақланаëтган нарсалар бор. Агар ўзининг бошланғич функциясини бажариш даражаси керак бўлсагина реставрация қилинади. Агарда уни как музей элементи ҳисобида кўриш учун қолдириладиган бўлса, у реставрация қилинмайди. Бизларда қилинаëтган мақбаралар ҳаммаси, русчасига айтганда, действуюший объектлар. Буларни ўша нураб тушган ҳолатида сақлаб қоладиган бўлсангиз, уни келажак авлод ҳам билмайди, ҳозирги авлод ҳам тушунмайди. Шундай бўлган экан, шундай қолиши керак экан, деб тушунади. Бизларнинг ҳозир давлатимиз қилаëтган сиëсатида асл кўриниш, бошидаги ҳолатини қайтадан тиклаб, уни келажакка сақлаб олиб бориш тўғрисида гап кетаяпти. Реставрация қилинганда нарса ўзининг асл ҳолатигача келмайди, лекин ўша нарсани иложи борича ишлатилиш, яъни ҳозирги кунда ҳам ўша бинога кириб чиқиш, зиëратчиларни олиб бориш – бу нарсалар мумкин бўлади. Нураб тушган мақбарани шундай қолдирсангиз, унинг тагида қолиб кетган қабрлар бор, бошқалар бор. Уларни ҳеч ким кўрмайдику, қўпол қилиб айтганда. Колизей бу очиқ турган элемент. Унда ҳам кўп нарсани бошқатдан реставрация қилишган. Консервация қилинадиган нарсалар бор. У детал нарсаларга тегилмайди. Нима бу? Мумия мисол учун ëки бирорта кичкина элементлар бор. Ана ўшалар бошқатдан реставрация қилинмайди. Улар ўзининг асл ҳолатида ўша кўринишни бера олади. Уларнинг ҳам кўпи реставрация қилинади лекин, дейди “Моний” деб номланган меъморчилик ширкати раҳбари рассом Абдумавлон Муталов.

Хивадаги қадимий Ичон Қалъа девори таниқли киноҳужжатчи Малик Қаюмов тарафидан кинолентага муҳрланган. Бу кинотасмаларда қадимий девор устидаги қабрлар ва бошқа монументал унсурларни кўрамиз.

Ўтган асрнинг 80-йилларида Ичон қалъа девори реставрация қилинди. Девор устидаги қабр ва мақбаралар бузилиб, текис қилиб суваб қўйишди.

Хива гилам комбинатининг чиқиндилари аралаш лойсувоқ тарихий релъеф устига парда бўлди.

“Моний” ширкати вакили Абдумавлон Муталов бу ҳолатда “фожиа” йўқлигини айтади.

- Архитекторларни айблашни¸ мен нотўғри деб тушунаман. Ўша даврдаги сиëсий ҳолатдан келиб чиқиб қилинган нарса бу. Негаки¸ ўша суякларнинг қолган сабаби Хива деворларининг ичида, агар тарихни ўқиган бўлсангиз, ўша тарихда айтиладики, давлатга қарши бош кўтарган ўша даврдаги душманлар, яъни сиëсатга қарши бўлган душманлар девор тагига кўмилган. Яъни халққа шу ўрнак бўлсин деган мақсадда. Энди у суякларнинг очиқ кўрсатиб қўйилиши бу ҳам нотўғри. У ҳам бир қабрдай ҳолатда. Мен ўз кўзим билан кўрганман девордан чиқиб турган суякларни. Энди уни битталаб тозалайман десангиз, неччи асрлик деворларни бошқатдан қилиш керак бўлади. Булар асл ҳолатини сақлаб қолиш учун реставрация қилиб устидан суваб қўйган. Мен шунақа деб тушунаман. Тарихий обидаларни ўқиганингизда ҳам ўша даврдаги хонлар халққа бош кўтарган, сиëсатга қарши чиққан исëнчиларни шунақа қилиб ҳам жазолаган. Жазо орқасидан шу одамлар шу ерга кўмилиб кетган. Уни қабристон дейиш ҳам, уни қабристон ҳам дея олмайсан. Улар как жазо сифатида олиб борилган элементда.

Озодлик: Самарқандда реставрация бўлаяптику. Ўша ерда лой растворларини ичкарига олиб кириш қийин. Илон изи йўлаклардан чиқиш керак. Мен бу ерда битта қўпол бузилишни мана давлат ҳужжатларида ҳам кўраяпман. Деворнинг ëнбошидан тешик очишган ва ичкарига лой киргизадиган элеваторни киргизишган. Қурилишдагилар ишимиз тез бўлсин¸ деб девордан катта тешик очишаяпти.

- Ўзига яраша камчиликлар бўлади. Бу ҳам ўша камчиликнинг биттаси бўлса керак. Мен шунақа деб тушунаман. Чунки у нарсани атайлабдан биров қилди¸ дейиш нотўғри. Ҳамма ҳам савия жиҳатдан бу нарсани тўғри тушунавермайди, тўғри қабул қилавермайди. Ўша даврнинг ўша жойдаги одамлари шароитдан келиб чиқиб қилган иши бўлса керак. Лекин бу нотўғри. Менинг фикримча, нотўғри. Энди ҳар битта даврнинг ўзига яраша мутахассислари бор. Эски нарсага ўзининг соҳасининг усталари бор реставрация билан шуғулланадиган. Шу нарса билан шуғулланишгани яхши дейман.

Озодлик: Чумчуқ сўйса ҳам қассбо сўйсин дейдику.

- Албатта. Реставраторлар кўп, бизда жуда яхши реставраторлар бор. Ëшлардан чиқаëтганлари бор. Улар ҳам яхши қилишаяпти. Бошда айтганингиз консервацияга бизларнинг ҳозирги бу архитектураларни консервация қиладиган бўлсангиз, умуман ҳамма ëқни тепалик босиб кетиши керак бўлади. Шунақанги жойлар бор, қумнинг тагидан қазиб олиниб бошқатдан қилинган жойлар бор. Уларни қолдира олмайсизку шундай. Уларни ҳам тиклаш керак. Атайлабдан қилинган ҳолатлари ҳам бўлган у пайтда. Буни ҳам ҳисобга олиш керак. Ўша даврдаги сиëсий ҳолатни ҳам ҳисобга олиш керак. Буйруқ асосида лой ишлатиладиган жойга бетон қуйилиши, тахта мих қоқиладиган жойда темир мих қоқилиши – булар ҳаммаси тарихни бузиб кўрсатиш билан битта нарса. Бу ўша даврда қилинган ҳолатлар.

Ҳозирги кунда бу нарса бошқатдан тикланаяпти, қилинаяпти. Бу ерда бошқа нарса бор. Ҳар битта устанинг ўзининг сир-асрори бўлган. Ҳеч қайси уста сир-асрорини бошқасига айтмаган. Даврлар давомида бу йўқолиб кетган, айтилган бўлса ҳам йўқолиб кетган. Ҳозир бирга бир чиқмаслигининг сабаби технология унақа эмас. Шуни ҳисобга олиш керак. Мақсад унақа қилиш эмас. Мақсад умумий кўринишини сақлаб қолиш. Агар бирга бир қилинадиган бўлганда унда жуда ҳам бошқача бўлиб кетарди.

Дунëда ҳеч бир реставрация йўқки бирга бир қила оладиган. Бу нотўғри нарса. Реставрация дегани уни қайта тиклаш дегани эмас. Реставрация уни қайта таъмирлаш. Ўшанга ўхшаш ҳолатга олиб келиш. Агар бирга бир қайтарадиган бўлганда, бирга бир технологиясини ўзгаришнинг ўзи катта мактабда. Ҳали ҳеч ким етиб кела олмаган. Реставрация соҳаси ўргатилади, лекин ҳали ҳеч ким 100 фоиз реставрациянинг шоҳи бўла олмаган, бўла олмайди ҳам. Бирга бир ўхшата олмайди. 99 боради, лекин бири ўхшамайди. Шунинг учун реставрация фақат яқинлаштирилади, бирга бир қилинмайди. Уни бирга бир талаб қилишнинг ўзи ҳам нотўғри. Мана Маъмуржон Узоқов ашула айтиб кетган. Бошқа одамлар айтса, худди шунга ўхшаб айтгин деб талаб қилмайсизку. Бу ҳам худди шунга ўхшаган нарса. Ўхшатиб айтади, лекин бирга бир чиқмайди, дейди “Моний” ширкати вакили Абдумавлон Муталов.

Реставрация ва консервация бир қушнинг икки қаноти

Таниқли ўзбек санъатшуноси, профессор Тилаб Маҳмудов ана шундай фикрда. Самарқандаги обидалар керак бўлса консервация, агар зарур бўлса, таъмир қилиниши зарур, дейди мунаққид.

- Сақлаш ҳам керак, реставрация ҳам керак. Сақлаган билан йилма-йил бузилиб бораверади агар яхши реставрация қилинмаса. Одамнинг қўлидаги панжасининг қайси бири яхши, қайси бири ëмон деб айтиб бўлмайдику. Шунга ўхшаган нарсада, дейди профессор Тилаб Маҳмудов.

Самарқандга борсам мен агар

Ҳофиз Маҳмуджон Азимов шоир Муҳаммад Юсуф шеърини қўшиққа солди.

Қўшиқда ошиғич мунг ва ҳазинлик бор.

Гўë қадимий шаҳар “Мен дардимни кимга айтаман “ деб зорланаëтгандай.

15 асрда испан элчиси Клавихо тарафидан “Ниҳоятда гўзал” шаҳар деб таърифланган Самарқанд ўзининг узун умрида тажовузларни кўп кўрган.

Технология тараққий қилгани сайин тажовузлар кўлами ошиб, талафотлар сони кўпайиб бораверди.

1868 йилда Самарқандни ишғол қилишда қатнашган рус рассоми Верешчагин ўз эсдаликларида қандай қилиб Шердор мадрасасини замбаракдан тўпга тутганини ëзади.

Рус истилоси оқибатида Самарқанддаги осори-атиқлар талон-тарож қилинди.

Самарқанддан олиб кетилган қадимий буюмларнинг кўпи бугунги кунда Санкт Петербургдаги Эрмитаж музейида сақланади.

Самарқанд 1924 йилда Совет Ўзбекистонининг пойтахти деб эълон қилинганидан кейин қадимий сарой, мадраса ва масжидлар омбор ва идораларга айлантирилди.

Самарқанддаги тарихий обидаларни таъмирлаш идораси раҳбари Баҳриддин Аҳмедов гапиради.

- Совет даврида Биби хоним мадрасасидаги баъзи жойлар склад қилинган. Шулардан ҳаммаси олиб ташланди. Мадраса, мачитларнинг ичини склад қилиб ташлаганда. Оқсаройнинг ичида бор эди. Ҳаммаси олиб ташланди. Тарихий обидаларнинг ичида олдингидай склад йўқ. Таъмирталаб бўлганда. Қайси йиллар бўлса, ўша йиллар бўйича иш олиб борилаяптида.

Озодлик: Ҳозир қанақа?

- Ҳозир ҳаммаси бўшатилган. Нам тортган жойларни очиб қўйганмиз. Ишратхона масаласи бўйича у консервация. Баъзи жойи реставрация бўлади, баъзи жойи консервация бўлади. ЮНЕСКОнинг одамлари ўзи билади, келиб кўрган, ишлаган ҳам у ерда.

Озодлик: Замонавий туристларнинг кўп келиши, музқаймоқхона, ресторанларнинг ортиқча яқинлиги зарар беради тарихий обидаларга, дейди. Сиз ҳам шунақа деб ўйлайсизми?

- Баъзи объектларнинг олдига ўзимизнинг миллий чойхоналаримиз бор. Баъзи жойларда музқаймоқхона қилган. Энди у янги. Ҳозирги замонга қилганда. У СССРники эмас. Бир-икки туристлар келиб салқинда чой ичади, напиткалар ичади. Ўтиради ўша ердан томоша қилиб.

Озодлик: Сиз ота-боболаримизда қолган нарсани келажак авлодларга етказиб беришдаги муҳим занжирсизда.

- Келажакка етказишимиз керак. Асрлар бўйича қолиб келаяпти бу. Келажак ҳам кўриши керак, дейди Баҳриддин Аҳмедов.

Баҳриддин Аҳмедов таъмирлашда йўл қўйилган хатоларни бартараф қилиш мушкуллигини яхши билади.

- Самарқандда мана шу дастур бўйича асосан Биби хонимга ишлар бўлаяпти. Иккита гумбаз таъмирланаяпти. Регистонда Улуғбек, Шердор ва Тиллакори мадрасалари ҳам таъмирланяпти. Ишратхона 2012 йилга планга қўйилган.

Озодлик: ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги вакили билан гаплашсангиз, айтаяптики, кўпроқ консервация қилишга тавсия берганмиз, реставрация қилишаяпти, дейди. Сизлар қайси йўналишдан бораяпсизлар? Консервациями ëки реставрациями?

- Объектларнинг қайсиси консервацияга тааллуқли бўлса, консервация ишларини қилаяпмиз. Тошкентга телефон қилсангизлар, яхши тушунтириб берадида улар. Бизлар энди устамиз. Баъзи жойларини таъмирлаяпмиз, баъзи жойларини консервация қилаяпмиз. Мана Ишратхона консервация бўлади. Баъзи йиқилиб кетган жойларни ўзига қараб тиклаяпмизда.

Озодлик: Ўша замонда қанақа технология ишлатилган? Алебастр, цемент бўлганми ўша пайтларда? Ҳозирги замонавийлар билан тўғри келадими?

- Энди алебастр бўлган. Биз ҳам алебастр билан гилмояни аралаштириб ишлатаяпмиз. Цемент ишлатиш кам у ерда.

Озодлик: Кошинларни қанақа қилаяпсизлар? Кошинларнинг кейинги пайтларда қўйилганини кўрсак, шўр очиб қолган.

- Кошинларнинг эскисига қараб, Тошкентда Ижод деган ишхона бор, келиб жойида кўриб ўшаларга заказ бериб, ўшалардан олаяпмизда.

Озодлик: Эски технология бўйича қилинаяпти-а?

- Эски технология бўйича¸ ҳа. Заводга бориб кўришингиз мумкин. Ҳеч қанақа янги метод йўқ ҳозир. Эски методга қараб ишлаяптиларда.

Озодлик: Совет пайтида шаҳарга қўпол аралашиш бўлган экан. Замонавий уйлар қуриб ташлаш ва ҳоказо. Бу нарсага барҳам берилдими ҳозир?

- Ҳозир бунақа ишлар бўлмаяпти. Барҳам берилган бу ишларга, дейди Баҳриддин Аҳмедов.

Замин юзининг сайқали хиралашмоқда

Ўз исми айтилишини истамаган самарқандлик санъатшунос хоним таъмирлаш баҳонасида қилинаëтган ишлар "Геростратнинг Диана ибодатхонасини вайрон қилгани билан тенгдир” дейди.

- Самарқанддаги обидаларни таъмирлашда цемент ва арматура каби замонавий ашëлардан фойдаланилмоқда. Бетон қоришмаларини обида ичига киритиш осон бўлиши учун қадимий иморатларнинг нақшинкор деворлари катта тешик қилиб ўпирилиб, бу тешикларга элеваторлар тиқилмоқда. Самарқанддаги обидаларни таъмирлаш учун Шаҳрисабздаги обидалар “донор”га айлантирилди. Бундан ҳам даҳшатлиси¸ Самарқанддаги обидаларга оид кошинлар кўчирилиб Тошкентдаги хусусий ресторанлар безаги учун ишлатилмоқда, дейди самарқандлик санъатшунос хоним.

Суҳбатдош бу ҳақда Тошкентдаги ëдгорликларни сақлаш идорасига (ГлавНПУ) бир неча бор шикоят ëзганини айтади.

- Мен ëзган шикоятдан кейин текширувчилар келиб тандир гўштидан кабоб еб қайтиб кетишди. Қайтанга мени ишдан бўшатишди, дейди самарқандлик санъатшунос хоним.

Суҳбатдошим ўз гапини барибир “ҳақиқат йўқ” деб тугатди. Мирзо Кенжабекнинг 486 деган достонидаги мисраларини эсладим.

Ҳақиқат йўқ¸ дедим муштимни тугиб,
Аммо Самарқанд турарди ҳақиқат бўлиб.

Ишратхона учун миллиард

14-асрдаги Ишратхона мақбараси таъмири учун бир миллиард сўмдан кўп маблағ ажратилди.

Баҳриддин Аҳмедовга кўра 2015 йилгача мўлжалланган реставрация дастури доирасида ажратилган маблағ фақат энг зарур таъмир ишларига сарфланади.

Самарқанднинг Гўри Амир майдонида туғилган ва тақдир тақозоси билан ҳозирда қадим Бавария ëдгорликларини сайëҳларга тақдим қилиш билан шуғулланаëтган собиқ ўзбек журналисти Анвар Усмонов назарида таъмир учун ажратилган пуллар коррупция чўнтагида изсиз йўқолади.

- 5 миллиард. Ишонасизми йўқми 2,5 миллиардини ўғирлайди. Мен ўйлайман шу бўлади. Буни бошқача қилиш керак. Архитекторлардан, тарихчилардан ташаббус гуруҳини тузиб¸ махсус проект қилиш керак. Бу проектга чет элдан яхши мастерларни чақириб, мана масалан Ҳиндистонда мастерлар бор. Менинг эсимда бор, 1960 йилларда Ҳиндистондан келган мастерлар анча реставрация қилди Регистонни. Ҳозир ҳам шунақа қилиш керак. Уни катта программа қилиш керак. Мана 5 миллиард. Кимга беради бу беш миллиардни? 5 миллиард ҳокимиятга беради. Ҳокимият ундан бир ярим миллиард олиб ундан кейин архитектурное управлениега беради. Управлениеда бу пул йўқолади. Бу менинг фикрим, дейди Анвар Усмонов.
XS
SM
MD
LG