Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:31

Тихонов: ИИВ устидан суд куни белгиланди


Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармасининг Кириш, Чиқиш ва фуқароликни қайддан ўтказиш бўлими устидан судга мурожаат қилган ҳуқуқ фаоли Димитрий Тихонов дарак бўлавермагач, ўзи судга борди ва маҳкама кунини 7 январга белгилатди.


Ангренлик ҳуқуқ фаоли Димитрий Тихоновнинг Озодликка айтишича, шахсан ўзи киришмаганида унинг аризаси бўйича маҳкама яна номаълум муддатгача эътиборсиз қолиши мумкин эди.

Тихонов шу йилнинг ноябр ойида Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармасининг Кириш, Чиқиш ва фуқароликни қайддан ўтказиш бўлими устидан шикоят қилиб, судга ариза киритган эди.

Бунга эса ҳуқуқ фаолига чиқиш визасининг вақтида берилмагани сабаб бўлган эди.

4 январ куни Озодлик мухбири боғланган кезда ҳам ҳуқуқ фаолига 7 ойдирки чиқиш визаси берилмагани ва шу боис ҳам шикоят аризаси тақдирини сўраб, унинг ўзи Тошкент шаҳри Яккасарой туман судига борганини айтди.

- Мен шахсан ўзим Яккасарой туман судига бордим ва улар менга маҳкама 7 январ куни бўлиб ўтиши ҳақида ҳужжатга имзо қўйишни сўрашди ва шу тариқа, мен бу ҳақда билдим.

Озодлик: Демак, агар ўзингиз бориб билмаганингизда, сиз бундан хабар топмасдингиз демак?

- Иш шундайки, агар мен ўзим бормаганимда бу суднинг қачон бўлиши ҳам ҳали номаълумлигича қолар эди. Чунки мен менинг ишим билан шуғулланадиган судя ёрдамчиси билан гаплашдим. Мен борган куним ҳатто, суд қачон бўлиши номаълум эди. У журналини варақлаб, қидириб топиб, кейин суд кунини белгилади.

Озодлик:
Демак, суд кунини белгилашни ҳам ўзингиз талаб қилдингиз?

- Шундай деса ҳам бўлади. Яъни, мен бордим ва “муз кўчди”. Унга қадар ҳаммаси турган жойида турган экан.

Озодлик: Чиқиш визаси кейинги йилларда кўпгина мустақил ҳуқуқ ҳимоячиларига берилмади. Бунинг айбдори, сиз арз қилганингиз каби фақат Ички ишлар вазирлигимикин ёки бошқа ҳуқуқ фаоллари ҳам кўп тилга олгани каби текширув жараёнида иштирок этадиган Миллий хавфсизлик хизмати ҳаммикин?

- Биласизми, менинг ишимда расман айбдор Ички ишлар вазирлиги ва мен унинг устидан арз қилдим. Бунинг ҳаммаси расмий жараён. Табиийки, текширув жараёни Миллий хавфсизлик хизмати ҳам бор ва бу ташкилот ҳал қилувчи рол ўйнаши ҳақидаги фикрларга қўшиламан. Агар менинг ишимда расман айбдор бу идора бўлганда, балки унинг устидан арз қилиб, судга мурожаат қилар эдим. Бундан бошқача бўлиши ҳам мумкин бўлмасди.

Озодлик: Табиий, ҳозир бу ҳақда гапириш бироз эрта, аммо, Ўзбекистондаги бугунги реалликдан келиб чиқилса, сиз бу судлашувнинг натижасини қандай тахмин қиляпсиз?

- Биласизми, натижа бўлишига ишончим комил эмас. Аммо умид қиламанки, суд менга чиқиш визаси бериш тўғрисида қарор чиқаради ва бу маҳкама келиши мумкин бўлган ягона адолатли қарордир.

Аслида нима бўлишига келсак, биласизми, кейинги вақтларда мен ва бошқа ҳуқуқ фаоллари билан юз бериб турган вазиятдан келиб чиқиб, бу ҳаракатларнинг натижаси қандай бўлиши ҳақида аниқ бир гап айтолмайман. Чунки, умуман аҳвол қай томонга кетаётганини тушуниш жуда қийин. Тугал гапни, қачонки, барча қонун-қоидалар, механизмлар ишлаб турса¸ айтиш мумкин. Бу ерда эса тегишли тузилмалар ҳар қандай ҳолатда ҳамманинг зиддига ишлаётгандай. Лекин нима бўлганда ҳам мен қонун доирасида ҳаққимни талаб қилиш ва курашишни давом эттирмоқчиман, дейди Димитрий Тихонов.

Эслатамиз, 37 ёшли ҳуқуқ фаоли Дмитрий Тихонов асли энтомолог-ҳашаротшунос олим ва айни давмда Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари алянси аъзосидир.
XS
SM
MD
LG