Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:25

Ўзбекистон Қирғизистон учун газ нархини кўтармоқчи


Ўзбекистон 2011 йилда Қирғизистонга сотиладиган ҳар минг куб метр газ нархини 255 доллар қилиб белгилади. Бу баҳонинг Бишкек умид қилаётган баҳодан қарийб икки баробар қиммат экани қирғиз газчиларининг ҳафсаласини пир қилди.

Маълумотларга кўра, расмий Тошкент 2011 йилда Қирғизистонга атиги 200 миллион куб метр газнинг ҳар бир минг куб метрини 255 АҚШ долларидан таклиф қилмоқда. Бу миқдор газ Қирғизистон аҳолиси ва корхоналарини газ билан таъминлаш учун етарли эмас. Дейлик, 2005 йилда Ўзбекистон Қирғизистонга 700 миллион куб метр, 2009 йилда 300 миллион куб метр газ етказиб берганди.

24.kg ахборот агентлигининг “ЎзТрансГаз” вакилларига таяниб хабар қилишича, Қирғизистон 2010 йилги газ учун бўлган уч миллион доллар қарзини тўламаган. Бироқ Қирғизистон расмийлари бу маълумотни рад қилмоқда.

2010 йил бошида “ЎзТрансГаз” Қирғизистонга газнинг бир минг куб метрини 220 доллардан, йил охирига келиб эса 240 доллардан сотганди.

Аснода “Қирғизгаз” вакиллари бугун Тошкентда газ бўйича музокара олиб бориши кутилмоқда. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизматига мазкур корхона раҳбарининг муовини Нурбек Жалидинов билдирган.

Сафар олдидан қирғиз газчилари Ўзбекистондан ҳар бир минг куб метр газни 140 доллардан сотиб олишга умид қилаётганларини айтган эдилар.

Маълумотларга мувофиқ, Қирғизистон 2011 йилда Ўзбекистондан 600 миллион куб метр табиий газ сотиб олмоқчи. Бу газнинг 540 миллион куб метри мамлакат шимоли, 60 миллион куб метри эса жанубий вилоятларга тақсимланиши кўзда тутилган.

10 кун аввал қирғиз расмийлари мамлакат президенти Роза Ўтунбаева жорий ойда Москвада бўлиб ўтган МДҲ ва КХШТ анжуманлари доирасида Ислом Каримов билан табиий газ масаласини сўзлашганини ҳамда Ўзбекистон президенти бу масалани ижобий ҳал қилиб беришга ваъда бергани ҳақида гапиргандилар. Бироқ “ЎзТрансГаз”нинг газ нархи бўйича қирғиз расмийлари кутганидан анча юқори баҳони белгилагани, кузатувчиларга кўра, президентлар ўртасидаги аҳдлашув ҳақидаги гаплар шунчаки Бишкек илинжи ҳосиласи эканини кўрсатиб қўйди.
XS
SM
MD
LG