Линклар

Шошилинч хабар
14 май 2025, Тошкент вақти: 10:47

Қирғизистонда ҳам жиҳодчилар пайдо бўлди


Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Кенешбек Дуйшебаев 9 жиҳодчи ҳибс қилинганини айтди.
Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Кенешбек Дуйшебаев 9 жиҳодчи ҳибс қилинганини айтди.

29 декабр куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Кенешбек Дуйшебаев қирғиз расмийларининг “Ўш ва Бишкекдаги портлашни уюштирганлар ва уюштирмоқчи бўлганлар миллатчи айримачи гуруҳ аъзоларидир ва уларни қочқинликда юрган ўзбек лидерлари молиялаштирмоқда", деган иддаоларини рад этувчи баёнот билан чиқди.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Кенешбек Дуйшебаевнинг айтишича, Бишкекдаги спорт саройи олдидаги портлашни уюштирганликда ва куни кеча пойтахт милицияси биносини портлатишга ҳаракат қилганликда айбланиб 9 киши қўлга олинган, 5 киши қидирувга берилган.

- Қўлга олинганларнинг барчаси қирғизлардир. Қидирувдагилар ҳақида ҳам бизда оператив маълумотлар бор. Бу йил ёз ойида Кавказда Саид Бурятский лақаби билан танилган Александр Тихомиров жисмонан йўқ қилинган эди. У жиҳодчилик ҳаракатининг асосий мафкурачиларидан бири эди. Биз қўлга олган одамлар ҳам мана шу мафкурани қабул қилишган экан. Бундан ташқари бу одамларнинг Қозоғистонда ноқонуний ҳаракат юритаётган “Ислом жиҳоди иттифоқи” билан алоқадорлиги ҳам аниқланди, - деди Кенешбек Дуйшебаев.

Айтиб ўтиш керакки, бундан бир ой муқаддам Қирғизистонда террорчи сифатида гумонланган 10 одам қўлга олинган ва 39 одам қидирувга берилган эди. Ҳуқуқ-тартибот тузилмаларига кўра, бу кимсалар Бишкек ва Ўшда 30 дан ортиқ портлашларни режалаштирган эдилар.

Ўшанда Қирғизистон хавфсизлик Кенгаши раиси ва ўша пайтда қирғиз ҳукуматида ҳуқуқ-тартибот тузилмаларини назорат қилувчи Азимбек Бекназаров мазкур гуруҳни “миллатчи айримачилар” сифатида талқин этиб, уларни июн воқеаларидан сўнг мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган ўзбек лидерлари молиялаштираётганини иддао қилишган эди.

- Салоҳитдинов (Қирғизистон Республика ўзбек миллий - маданий маркази президенти- тахр.,) ва Абдурасуловга (Қирғиз парламентининг собиқ депутати- тахр.) бошиданоқ жиноят иши очилган. Улар ҳозир чет элдан туриб мана шундай ҳаракатларни бошлаётган бўлишлари мумкин, -деган эди Азимбек Бекназаров.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати раҳбарининг 29 декабрдаги баёнотидан сўнг эса мазкур террорчилик гуруҳлари ўзбеклар томонидан ташкил этилаётгани ва ўзбек лидерлари томонидан молиялаштирилаётгани тўғрисидаги шубҳалар асоссиз экани маълум бўлди.

Аммо хавфсизлик масалалари бўйича таҳлилчи Ўрўзбек Молдалиев террорчиликда гумонланаётган гуруҳнинг ташкил этилиши ва фаолият бошлашини бевосита июн воқелари билан боғлайди:

- Бу ёз ойларида мамлакат жанубида бўлиб ўтган воқеалар таъсирида ташкил этилган гуруҳ бўлиши эҳтимол. Бу гуруҳ Ўзбекистон исломий ҳаракатига мансуб бўлиши мумкинлигини ҳам айтишмоқда. Лекин қўлга олинганларнинг ҳатти-ҳаракатларидан келиб чиқиб айтишим мумкунки, улар Ўзбекистон исломий ҳаракатининг аъзоларига ўхшамайди. Иккинчи таҳмин эса, бу одамларни ҳокимиятдан ҳайдалган оила вакиллари ёллаган бўлишлари ҳам мумкин, -деди Ўрўзбек Молдалиев.

Қирғизистонда 30 дан ортиқ террорчилик ҳаракатлари содир этилиши мумкинлиги ҳақида ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ноябр ойидан бери огоҳлантириб келадилар. Бунга ноябр ойи ўрталарида 10 одамнинг террорчиликда гумонланиб қўлга олингани, 39 одамнинг қидирувга берилгани сабаб бўлган эди. 30 ноябр куни Бишкекдаги спорт саройи олдида портлаш содир этилган, 25 декбар куни эса Бишкек милицияси биноси олдида қуввати 10 килограмм тротил моддасига тенг келувчи портловчи мослама топилган эди.

Айни пайтда ҳуқуқ-тартибот тузилмаларига турли вақтларда Бишкекдаги бир қатор ҳукумат биноларига бомба ўрнатилгани ҳақида ҳам қўнғироқлар бўлган, аммо текширувлар натижасида бу маълумотлар тасдиқланмаган.
XS
SM
MD
LG