Бу савол жавоби эса¸ ўта жўн – пастор Терри Жоунз бўладими¸ ëки яна бошқа исталган америкалик¸ АҚШ Конституциясига 1791 йили киритилган 1-тузатиш ëхуд Ҳуқуқлар ҳақидаги бандга мувофиқ¸ исталган илоҳий китоб¸ хусусан мусулмонлар муқаддас китобини ëқишга ҳақли.
“Конгресс¸ бирор диний тизимни қонунийлаштириштирувчи¸ ëки эътиқод эркинлигини тақиқловчи¸ сўз ëки матбуот эркинлиги ëки одамларнинг тинч йиғинлар ўтказиш¸ ëхуд ўз шикоятларини қондириш учун ҳукуматга мурожаат қилиш эркинлигини чекловчи қонун қабул қила олмайди”¸ дейилади Америка демократиясининг тамали ҳисобланмиш бу тузатишда.
Шу боис Америкада¸ дунëнинг аксар мамлакатларидан фарқли¸ динни ҳақоратлаш¸ диний туйғуларга ҳурматсизлик ëки нафратни тарғиб қилувчи чиқишларни тақиқловчи қонун-қоидалар йўқ.
Айнан 1-тузатиш асосида АҚШ Олий суди 1952 йили айрим штатларда амал қилиб келган шаккоклик ҳақидаги қонунларни ҳам бекор қилди. “Бизнинг давлатда қандайдир диний таълимотга нисбатан уюштирилган реал ëки фараз қилинган ҳужумлар¸ улар матбуотдаги чиқишлар¸ нутқлар ëки кинофилм кўриниши бўлишидан қатъий назар¸ бундай ҳужумларни бостириш билан шуғулланиш ҳукуматнинг иши эмас”¸ дейилади Ню Йорк штатидаги шаккокликни тақиқловчи қонунни бекор қилган Олий суд қарорида.
Шу тарзда¸ Америкада исталган шахснинг исталган дин ëки муқаддас китобга нисбатан қиладиган исталган шаклдаги ҳужуми унинг конституцияда кафолатланган сўз ва эътиқод эркинлиги ифодаси ҳисобланади.
Шу боис¸ АҚШ конституциясига киритилганидан бери ўтган 220 йил давомида собит қолаëтган 1-тузатиш қаршисида дунëнинг энг қудратли президенти саналмиш Барак Обамадан тортиб¸ энг қудратли армиянинг энг қудратли генерали бўлмиш Дэвид Петреусгача ожиз - ҳеч ким пастор Жоунзни қонун ëки куч воситасида Қуръонни ëқиш режаси ижросидан тўхтата олмайди – зотан бу унинг конституцияда белгиланган ҳаққи. Конституция эса¸ Америкада¸ ҳатто президентлар ҳам дахл қила олмайдиган муқаддас қонундир.
Шу боис¸ қудратли президентдан тортиб унинг қудратли Мудофаа вазирига қадар¸ яқингача борлигини саноқли одамгина билган бир пасторга мурожаат қилиб¸ сим қоқиб¸ уни ўз режасидан қайтишга кўндиришга уринмоқда. Ва ҳозирча бесамар уринмоқда. Зотан Жоунз¸ Қуръонни ëқиш режасидан бутунлай қайтгани йўқ¸ унинг ижросини фақат кечиктирди¸ холос.
Айни пайтда¸ айрим ҳуқуқшуносларга кўра¸ Вашингтон ҳукуматининг флоридалик экстремист пасторни Қуръонни ëқишдан тўхтатишига ҳуқуқий асослар ҳам йўқ эмас.
Улардан бири¸ гарчи заиф бўлса-да¸ 1931 йили Олий суд қабул қилган қарор бўлиши мумкин. Near versus Minnesota иши кўрилган бу судда¸ “жамоа ҳаëти хавфсизлигини зўравонлик ҳаракатлари ва қонуний ҳукуматни куч воситасида ағдариш уринишларидан ҳимоялаш мумкин”¸ деган ҳукм чиқарилди. Ана шу қарор асосида бугун АҚШ ҳукумати¸ мамлакат қўшинлари Ироқ ва Афғонистондаги урушга тортилган ҳозирги пайтда¸ Қуръонни ëқиш мусулмон давлатларидаги қўшинлар хавфсизлигига таҳдидни кучайтиради¸ деган асосда уни тўхтатиши мумкин¸ дейди Оксфорд Брукс университети профессори Дэвид Наш.
Аммо¸ деб давом этади профессор¸ бундай таҳдид мавжудлигини мутлақ исбот қилиш қийин бўлгани боис¸ ҳукумат Қуръонни ëқишни тўхтатиш учун бу ҳаракатни жамоат тартибига таҳдид сифатида тақдим этиши лозим.
- Қуръон нусхалари ëқилган тақдирда¸ дарҳақиқат жамоат тартибига таҳдид туғилади¸ Америка ичкарисида ҳам норозилик намойишлари ўтказилади. Шу боис ҳукумат¸ ана шу ҳуқуқий асосни ўз стратегияси қилиб танласа бўлади¸ дейди профессор Наш.
Айни пайтда¸ ҳуқуқшуносларга кўра¸ АҚШ Олий судининг 1942 йилги “ҳақорат сўзларига оид доктринаси” ҳам ҳукуматга пастор Жоунз танобини тортиб қўйиш имконини бериши мумкин.
Chaplinsky versus New Hampshire иши бўйича чиқарилган ҳукмда¸ Олий суд ҳакамлари бир овоздан “ифода қилиниши билан зиëн еткизадиган ëхуд тинчликнинг дарҳол бузилишига олиб келадиган ҳақорат сўзлари” олдини олиш ëки уларни жазолаш конституцияга зид эмас¸ деган тўхтамга келдилар. Гарчи 70 йилга яқин ўтган вақт давомида қабул қилинган бошқа қарорлар¸ бу ҳукмдан фойдаланиш имконини чеклаган бўлса-да¸ ҳуқуқшунослар Вашингтон ҳукумати бу ҳукмни пастор Жоунзнинг сўз ва эътиқод эркинлигини қисман чеклаш ва уни Қуръонни ëқишдан тўхтатиш учун ишлатиши мумкин¸ демоқдалар.
Айни пайтда¸ Озодлик суҳбатлашган мутахассисларнинг кўпчилиги¸ биргина пасторнинг дунëдаги динлар ўртасида шундоқ ҳам юпқалашиб қолган тинчлик ва мувозанатни битта ахмоқона ҳаракат билан издан чиқариш эҳтимолини¸ Америка жамоатчилиги учун огоҳлантирув сигнали¸ деб атамоқдалар. Улар фикрича¸ жамоатчилик бугун сўз ва эътиқод эркинлигини топтамаган ҳолда¸ нафратга асосланган жиноятлар ва динларни бир-бирига қарши гиж-гишлашни тўхтатишнинг ҳуқуқий асосларини биргаликда излаши лозим.