Линклар

Шошилинч хабар
19 июн 2025, Тошкент вақти: 20:46

ҲРУ Ўш ва Жалолободдаги хунрезликларга оид ҳисобот эълон қилди


ҲРУ: Қирғизистон ҳукумат кучлари ўзбекларга қарши ҳужумларни уюштирган ва бошқарган.
ҲРУ: Қирғизистон ҳукумат кучлари ўзбекларга қарши ҳужумларни уюштирган ва бошқарган.

Қирғизистон ҳукумат қўшинлари, атайлаб ёки билмасдан, ўзбек маҳаллаларига ҳужумларни уюштирган ва бошқарган, дея хулоса қилди Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти душанба куни эълон қилган ҳисоботида. Ташкилот шунингдек, Қирғизистон ҳукуматини тўқнашувлар юзасидан холис тергов ўтказишга “холис ният кўрсатаётмаганликда” танқид қилди.


Июн ойида Қирғизистон ҳукумат кучларининг баъзилари, қасддан ёки билмай туриб, ўзбекларга қарши ҳужумларни уюштирган ва бошқарган, дея хулоса қилди Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти.

Юзлаб қурбонлар, минглаб жароҳатланганлар ва юз минглаб ўзбекларнинг ўз жойларини ташлаб кетишга мажбур қилган қонли воқеалар юзасидан Қирғизистон ҳукуматининг ўзи ўтказган тергови давомида ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилгани боис, натижалари шубҳа остига олинган ҳисобот “Адолат қаерда: Қирғизистон жанубидаги этник зўравонлик ва унинг оқибатлари”, дея номланди.

16 август куни эълон қилинган ҳисобот фожеанинг қирғиз ва ўзбек миллатига мансуб қурбонлари ва гувоҳлари, ҳуқуқшунослар, инсон ҳуқуқлари фаоллари, ҳукумат расмийлари ва хавфсизлик кучлари ходимлари билан ўтказилган 200 дан ортиқ суҳбатларга асосланган.

ҲРУнинг фавқулодда воқеалар бўйича тадқиқотчиси ва ҳисобот муаллифларидан бири Оле Солванг “оммавйи этник зўравонликлар қирғиз ҳукумати кучлари учун жиддий муаммога айланган бўлсада”, ташкилот ўтказган текширувлар “ҳукумат кучларининг баъзилари бу муаммонинг ечими эмас, унинг бир қисмига айланди”, дея таъкидлади.

Озодликнинг қирғиз хизматига берган суҳбатида Солванг ҳукумат мазкур ҳисобот хулосаларини инобатга олишга умид қилишини айтар экан, расмий Бишкекнинг ўзи ҳам холис ва адолатли тергов ўтказиши мақсадга мувофиқ бўларди, дейди.

- Хулосаларимиз инобатга олинишидан ҳам кўра, халқаро тергов ва маллий комиссия холис тергов ўтказишларига умид қилиб турибмиз. Бундай тергов ўтказилса, унинг аксар натижалари бизнинг хулосаларимизга уйғун бўлади, менимча, - дейди ҲРУ тадқиқотчиси.

Зўравонликлар Ўшда 10 июн куни ўзбеклар ва қирғизлар ўртасидаги муштлашув ортидан ўзбеклардан иборат оломон марказдаги казино олдига тўпланди. Ўша куни тунда қирғизларга қарши қилинган бир нечта ҳужум минтақадаги вазиятнинг янада таранглашиши ва Ўшга туташ қишлоқлардан минглаб қирғизларнинг шаҳарга оқиб келишига сабаб бўлди.

11 июндан 14 июнгача ўзбек маҳаллаларига ҳужумлар уюштирилди, ўзбекларга қарашли уйлар ва савдо объектларига ўт қўйилди. Бир нечта ўзбек маҳалласи бутунлай куйдириб, кулга айлантирилди.

Расмийлар ҳалок бўлганлар сони 400га яқин демоқда, лекин бу рақам камайтириб кўрсатилаётганига жиддий асослар бор. Катта миқдордаги моддий зарар етказилди. Юз минглаб ўзбеклар Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасидан қўшни мамлакатга қочиб ўтгани қочқинлар билан боғлиқ йирик бўҳронни келтириб чиқарди.

ҲРУ тергови доирасида вайрон қилинган бир неча маҳаллада яшайдиган воқеа гувоҳлари билан суҳбатлардан ҳарбий кийимдаги ва зирҳли ҳарбий машиналарни миниб олган кишилар ўзбек маҳаллалари бошига ҳимоя қилиш учун кўтарилган баррикадаларни олиб ташлаб, ҳужумга шай оломонга йўл очиб берганига оид гувоҳликлар олинди.

Кўп ҳолларда қуролланган кишилар зирҳли ҳарбий машиналар ортида ўзбек маҳалларига кириб бориб, у ерда қолаётганларни ўққа тутди ва ҳайдаб чиқарди. Ундан кейин эса бўш қолган уйларни талон-тарож қилиб, уларга ўт қўйди, деган гувоҳликлар ҳам ҳисоботда жой олган.

Ҳисоботда ҳукуматнинг қирғизлардан иборат оломон қурол ва ҳарбий машиналарни ўғирлаганига оид иддаолар тан олинади, лекин бу ҳарбий машинларнинг ҳужумларда ишлатилишини оқламайди, дейилади ҲРУ хулосаларида.

Душанба куни эълон қилинган ҳисоботда камида бир нечта маҳаллага уюштирилган ҳужумларда иштирок этган зирҳли машинларни ҳукумат қўшинлари бошқаргани ва баъзи ҳолларда ҳукумат кучлари бу маҳаллалардагиларни қурорсизлантириш баҳонасида кириб, атайлабдан ёки билмай туриб, оломонга ҳужумларни амалга ошириш учун йўл очиб бергани ҳам қайд этилади.

Солванг Ҳюман райтс уотч ташкилоти Бишкек ҳукумати ҳар томонлама ва холис тергов ўтказишга қодир, дея ҳисоблашини таъкидлайди.

Лекин, дейди у, ҳукумат расмийлари бунга “холис ният кўрсатаётгани йўқ.” Унга кўра, ҳисобот натижалари “терговнинг қандай олиб борилаётганидан” Қирғизистон ҳукумати ичида “жиддий муаммолар борлигини” кўрсатган.

Айни пайтда, президент Роза Ўтунбаева прокуратура, ички ишлар ходимлари ва терговчиларга қонун доирасида ҳаракат қилишни шахсан буюрганини айтиб келмоқда.

ҲРУ “бундай бўлаётганини кузатмаяпти”, дейди Солванг.

- Кўплаб одамлар асоссиз ҳибсга олинмоқда. Ҳибсга олинганларга нисбатан ноинсоний муносбат ва қийноқлар кенг кўламда қўлланилаётгани гувоҳи бўляпмиз. Бундан ташқари, тергов объектив ва адолатли ўтказилаётганига оид жиддий шубҳаларимиз бор, - дейди ҲРУ тадқиқотчиси Солванг.

Ҳисоботда Ҳюман райтс уотч тадқиқотчилари тўплаган 60 дан ортиқ маҳбусга нисбатан ноинсоний муносабат ва қийноқлар қўлланилгани ва улардан камида бир киши қийноқлар оқибатида ҳалок бўлганига оид маълумотлар ҳам келтирилган.

ҲРУ инсон ҳуқуқлари поймол этилишда давом этса, бу таранглашувнинг янада кучйишига олиб келишидан огоҳлантиради.

Солванг Қирғизистон Бош прокуроатураси яқинда эълон қилган маълумотда зўравонликларга алоқдадорликда айбланиб ҳибсга олинган 243 кишининг 29 нафаригина қирғиз, қолган 213 нафари ўзбек эканига алоҳид эътибор қаратади.

- Ўш ва бошқа ерладаги ўзбек маҳаллалрига етказилган зиён кўлами инобатга олинса, бу бизнинг жиддий саволларимиз ва хавотирларимизга сабаб бўлмоқда, - дейди ҲРУнинг фавқулодда воқеалар бўйича тадқиқотчиси ва ҳисобот муаллифларидан бири Оле Солванг.

Ҳюман райтс уотч Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотини жанубий Қирғизистонга минтақадаги тарангликни юмшатишда кўмаклашадиган халқаро полиция кучларини иложи борича тезроқ киритишга чақиради.

Инсон ҳуқуқлари ташкилоти БМТни ҳам зўравонликлар ва уларнинг оқибатлари юзасидан халқаро текширув ўтказиш ғоясини қўллаб қувватлашга чақирди.
XS
SM
MD
LG