Собиқ коммунистик давлатлардаги демократия вазиятини таҳлил қилиб келаëтган Freedom House ташкилоти янги ҳисоботининг қисқа хулосаси шундай.
Янаям аниқроғи¸ посткоммунистик давлатлардаги демократия вазиятини кузатиб келаëтган Freedom House - Озодлик уйи ташкилотининг “Nations in Transit” – “Ўтиш давридаги давлатлар” деб номланган йиллик ҳисоботининг сўнггисида бу ҳудудлардаги демократик тизимлар аҳволи таназзулда¸ дея баҳоланди.
Ҳар йили Европа ва Евроосиëдаги 29 давлатдаги давлат бошқаруви¸ фуқаровий жамият¸ матбуот эркинлиги¸ сайлов жараëни¸ адлия-суд тизими мустақиллиги ва коррупция даражасига оид таҳлилий ҳисобот ҳозирловчи Freedom Houseнинг бу йилги “Ўтиш давридаги давлатлар” тадқиқотида нафақат 2009¸ балки кейинги 10 йиллик жараëнлар ҳам сарҳисоб қилинган.
Бу 10 йил ичида демократик ривожланиш йўлидан энг кескин оғишган давлат Россиядир¸ дейди Freedom House дастурлари директори Кристофер Уолкер.
- Кейинги 10 йил мобайнида¸ мазкур ҳисобот¸ “Путин-Медведев даври” дейиш мумкин бир даврни яқиндан кузатиб келди. Бу ўн йиллик эса¸ айнан жавобгарлик ва шаффофликни таъминловчи демократик тизимлар энг кўп сиқувга олинган бир даврдир. Россия иқтисоди тез ривожланган пайтда ҳам¸ иқтисод чўкишга ўтган босқичда ҳам айни жараëн кузатилди. Демократик тараққиëт учун ўта муҳим бўлган бу тизимларнинг доимий босимда қолиши ва емирилиши Россиянинг кейинги ўн йиллик тарихидан қизил ип бўлиб ўтадиган тамойилдир¸ дейди Кристофер Уолкер.
Афсуски¸ Россиядаги демократиядан бундай кескин чекиниш унинг собиқ иттифоқдошларидаги вазиятга ҳам кучли таъсир кўрсатмай қолмади¸ дер экан Freedom House дастурлари раҳбари¸ ўз фикрига Марказий Осиë давлатларидаги вазиятнинг янада ëмонлашганини илова қилади.
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти раислигини олиш ҳам Қозоғистонни демократик ислоҳотларни тезлатишга рағбатлантира олмади¸ Қирғизистонда эркин матбуот овозининг босқичма-босқич ўчирилиши эса¸ бугунги фожиаларга олиб келди¸ дейди Кристофер Уолкер.
- Биз кейинги йиллар давомида Қирғизистонда ташвишли жараëнлар бошланганини айтиб келдик ва бу мамлакат айни давр ичида демократик ривожланиш учун салбий бир йўналишда ҳаракатланиб келди. Кейинги ҳисоботларимизда эса¸ кўп кўрсаткичлар бўйича пастга шўнғий бошлаган Қирғизистонда ечилмай келган муаммоларнинг ўзини зўравонлик тусида намоëн қила бошлаганига гувоҳ бўлдик¸ деб давом этади Озодлик уйи расмийси.
“Ўтиш давридаги давлатлар” ҳисоботининг бу йилгисида Қирғизистондаги демократия вазияти 7 кўрсаткичдан бештаси бўйича пасайтирилган.
Йиллардан бери аксар кўрсаткичлар бўйича 7 (0 энг демократик¸ 7 энг нодемократик) баллик ўлчов бўйича 7 балл олиб келаëтган Ўзбекистондаги демократик вазият¸ ҳисобот муаллифлари фикрича¸ янада ëмонлашган ва Ўзбекистоннинг умумий кўрсаткичи 2008 йилги 6.89 баллдан 6.93 га туширилган.