Линклар

Шошилинч хабар
20 июн 2025, Тошкент вақти: 00:28

Умида Аҳмедова айбдор деб топилди¸ аммо авф этилди


Умида Аҳмедова ва унинг ҳимоячилари эндиликда суд ҳукмидан шикоят аризаси киритишмоқчи.
Умида Аҳмедова ва унинг ҳимоячилари эндиликда суд ҳукмидан шикоят аризаси киритишмоқчи.

10 феврал куни таниқли фото ва кинотасвирчи Умида Аҳмедова устидан ҳукм ўқиган Миробод туман суди уни қўйилган иккала айб бўйича айбдор деб топди¸ аммо Ўзбекистон мустақиллиги муносабати билан 28 август куни эълон қилинган амнистияга кўра¸ судланувчини авф этди.

Умида Аҳмедова устидан жиноий иш очилгани ҳақида биринчи бўлиб хабар топган Озодлик таниқли ижодкор устидан 9 феврал куни бошланган маҳкама жараëнини ҳам соатма соат кузатиб борди ва 10 феврал куни ҳукм ўқилиши билан Умида Аҳмедованинг ўзи билан боғланди.

Умида Аҳмедова: Ҳукм эълон қилинди.

Озодлик:
Нима деб ҳукм чиқаришди?

Умида Аҳмедова:
Ҳозир энди ўша қоғозини олишимиз керак. Амнистияга тушдим.

Суд ҳукми
Озодлик: Олдин айбдор деб топиб кейин амнистия қилишдими?

Умида Аҳмедова:
Ўзи қонун бўйича амнистияга тушишим керак эди.

Озодлик: Ҳозир сизни айблаб амнистияга туширишдими ëки оқлашдими?

Умида Аҳмедова: Айблаб¸ кейин амнистияга туширишди.

Озодлик: Судда ўзингиз гапирдингизми? Бирор нарса дедингизми?

Умида Аҳмедова: Бугун гапирмадим. Кеча гапирдим. “Мен бировга туҳмат ва ҳақорат қилганим йўқ. Аксинча¸ мен ўзимни ҳақорат қилинган деб биламан” дедим. Қандай қилиб¸ ватанимнинг суратлари¸ улар орасида отамнинг гўри бор¸ онамнинг расми бор¸ Ўзбекистонни ҳақорат қиламан?! Шунақа расмларни қандай қилиб ғаразли мақсадда атайин ҳақорат дейиш мумкин? дедим суддаги чиқишимда. Ахир менга ғараз мақсадида ўзбекларга туҳмат ва ҳақорат қилиш айбини қўйишдику! Аммо барибир мени шуларда айблаб амнистияга туширишди.

Озодлик: Энди бу ëғи нима бўлади? Сизнинг ташқарига чиқишингиз¸ кейинги ижодингиз...

Умида Аҳмедова: Ташқарига чиқмаслик тўғрисида¸ подписка о невыезде снимается деди.

Озодлик: Сизнинг чет элга чиқишингиз мумкин бўладими ëки судланган одам сифатида сиз ҳам энди қора рўйхатга киритиласизми?

Умида Аҳмедова: Энди билмадим. Официально шунақа дегандан, кейин чиқиш мумкиндир.

Озодлик: Судда расман шунақа дедими?

Умида Аҳмедова:
Официально подписка о невыезде снимается¸ деди.

Озодлик: Умида опа¸ суднинг бу қарорига нима дейсиз? Хурсандмисиз¸ хафамисиз?

Умида Аҳмедова: Хафаман.

Озодлик: Хафалигингизни нима деб изоҳлайсиз?

Умида Аҳмедова:
Айбдор деб топиб¸ сўнгра амнистия қилгани учун хафаман¸ албатта. Аммо бошқа томондан¸ амнистия қилганидан хурсандман. Ҳозирги ситуацияда шунисига ҳам шукур.

Озодлик: Адвокатингиз суд ҳукмидан шикоят қилиб апелляция судига мурожаат қиладими?

- Ҳа¸ апелляцияга берамиз¸ дейди Умида Аҳмедова.

Швейцария элчихонаси ҳомийлигида 2006 йили нашр қилинган "Аëл ва эркак:тонгдан шомга қадар" деб номланган бадиий суратлар тўплами ва "Бокиралик юки" ҳужжатли филми орқали "ўзбек халқига туҳмат ва ҳақорат қилганлик"да айбланаëтган Умида Аҳмедовага қарши жиноий иш 2009 йил 13 май куни қўзғатилган эди.

13 январ куни Умида Аҳмедовага шаҳарни тарк қилмаслик ҳақидаги ҳужжатга қўл қўйдирилди.

Ўша куни Умида Аҳмедова ўзига қўйилган айблов хулосаси ва экспертиза хулосалари билан ҳам илк бора танишган. Экспертиза xулосалари Низомий номли ТДПУ қошидаги руҳшунослик кафедраси ва Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларини мониторинг қилиш маркази тарафидан берилган.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси ҳам Умида Аҳмедова суратга олган фото ва филмлар юзасидан хулоса берган. Хулоса билан танишган манбага кўра¸ бу ҳужжатларнинг барчасида Аҳмедованинг фото ва филмлари туҳмат, деб малакаланган.

Умида Аҳмедовага қарши бошланган кампанияга норозилик билдириб¸ Халқаро Санъатшунослар уюшмаси ташаббуси билан Тошкент расмийларига йўлланган мурожаатга дунëдаги 1500 дан ошиқ санъатшунос¸ журналист ва ижодкорлар қўл қўйди.
XS
SM
MD
LG