Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:00

Йонссон: "Ўзбекистондаги вазиятни ҳамма билиши керак"


Швециялик журналист Элин Йонссон Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари масаласида маърузалар қилмоқда.
Швециялик журналист Элин Йонссон Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари масаласида маърузалар қилмоқда.

Ўзбек ва швед журналистлари Ўзбекистондаги матбуот эркинлиги вазиятини муҳокама қилдилар. Швециянинг Сундсвал шаҳридаги публицистика марказида ўтган учрашувда Ўзбекистондаги вазият ғарб оммавий ахборот воситаларида кўпроқ ёритилишга муҳтож экани ҳақида гап бўлди.

Айни пайтда Швецияда яшаётган ўзбекистонлик журналист Қудрат Бобожонов Сундсвал шаҳрида бўлиб ўтган учрашув тафсилотларини гапириб берди.

- 2005 йилда бўлган қонли воқеалар¸ бугунги кунда Хайрулла Ҳамидов ва Умида Аҳмедовага нисбатан очилаëтган жиноий ишлар борасида тўхталиб ўтилди. Бугунги кунда қанчадан қанча журналистлар¸ ҳуқуқ ҳимоячилари ва ўзга фикрловчилар қамоқда ëтганлиги ҳақида гапирилди¸ - дейди Қудрат Бобожонов.

Мазкур учрашув 2005 йилдаги Андижон воқеасини ёритган ва бу фожеа ҳақида “Оммавий қирғинни яшириш санъати” деб номланган китоб ёзган швециялик журналист Элин Йонссон ташаббуси билан ташкил қилинган.

Элин Йонссон Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари масаласига ғарблик ҳамкасблари диққатини қаратишга ҳаракат қилаётган фаол журналистлардан бири.

- Мен бугун Норвегияга кетаяпман. У ерда ўзбек қочқинлари ҳақида қарор қабул қиладиган Норвегия иммиграция хизматида чиқиш қиламан. Менинг чиқишимдан сўнг бу ташкилотда Марказий Осиёдан келаётган қочқинларга нисбатан муносабат бошқачароқ бўлади, деб ишонаман.

Университетлардан бирида бир иш куни давомида Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти ҳақида талабаларга лекция ўқийман. Шундан сўнг Швеция сиёсатчиларнинг Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари масаласига бағишланган йиғилишида иштрок этаман ва у ерда Ўзбекистондаги вазият ҳақида маълумот бераман, - деди Элин Йонссон.

Қудрат Бобожоновнинг айтишича, бу каби учрашувлар натижасида швед журналистларида Ўзбекистон мавзуига қизиқиш кучаймоқда. Айни пайтда бу мамлакат матбуотида Швед-Ўзбекистон иқтисодий алоқаларига оид бир қатор шов-шувли мақолалар чоп қилинган.

Қудрат Бобожонов: Ўтган ойда Гулнора Каримова билан Швециянинг айрим фирмалари билан ҳамкорлик қилаëтгани¸ уларнинг коррупцияга ботаëтгани ҳақида газеталар ëзди. Бундан олдинроқ пахтада болалар меҳнатига оид мақола чиқди. “Ваттен Фал” деб номланган швед компаниясининг Ўзбекистон билан уран масалаларида ҳамкорлик қилаëтгани ҳақидаги сирларни фош қилмоқда.

Озодлик: Мана шу чиқишларга қандайдир реакция бор-а?

- Албатта. Аммо жамиятнинг ва ҳукуматнинг позицияси ҳар хил. Мана, швед телевидениеси H&M кийим ишлаб чиқариш фирмасининг Ўзбекистондан пахта олаëтганига оид сирларини фош қилди. Бугунги кунда ўзбек пахтасига бойкот давом этаëтган экан¸ бунга швед жамияти тинч қараб тура олмайди¸ - дейди Қудрат Бобожонов.

Швециялик журналист Элин Йонссон эса ғарб матбуоти Ўзбекистон масаласига жиддий эътибор қаратмаётир, деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, ғарб матбуотида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бузилаётгани деярли ёритилмаётгани учун ҳам жамоатчилик Европа давлатлари раҳбариятига расмий Тошкентга нисбатан муносабатни ўзгартириш масаласида босим кўрсата олмаётир.

- Мен бунинг асосий сабаби журналистларнинг минтақани билмаслигида, деб ўйлайман. Шунинг учун уларга кўпроқ маълумот бериш керак. Иккинчидан эса, ғарблик журналистлар Ўзбекистон ичкарисидан маълумот олиш имкониятига эга эмаслар. Бу Ўзбекистонда тоталитар режим ўрнатилгани билан боғлиқ. Натижада жамоатчилик Ўзбекистондаги чинаккам вазиятдан бехабар ва ўз ҳукуматларига босим кўрсата олмайдилар, - дейди Элин Йонссон.

Айни пайтда Германияда яшаётган ўзбекистонлик журналист Галима Бухорбоева ҳам бу фикрга қўшилади.

- Афсуски, Германия кейинги беш йил давомида Ўзбекистонга нисбатан ёвуз ролни ўйнади. Айнан Германия олиб борган сиёсат туфайли Андижон қирғинидан сўнг Ўзбекистонга Европа Иттифоқи томонидан жорий қилинган санкциялар олиб ташланди. Бу билан эса халқаро ҳамжамият инсон ҳуқуқлари борасида Ўзбекистонга босим кўрсатишнинг деярли ягона ричагидан маҳрум бўлди,- дейди Галима Бухорбоева.

Унинг айтишича, Германия ҳукуматидан фарқли ўлароқ немис матбуоти Ўзбекистон билан қизиқмайди.

- Бугунги кунда немис жамияти Афғонистон масаласига катта эътибор қаратмоқда. Ўзбекистон ҳақида эса Германия ташқи сиёсати борасида жамоатчилик фикрини шакллантирувчи нуфузли “Шпигел” журнали сўнгги марта 2006 йилда “Тошкентлик қонхўр” деган бир мақола чоп этган холос. Ана шундан бери немис матбуоти Ўзбекистон ҳақида хеч нарса ёзмади, - дейди Галима Бухорбоева.
XS
SM
MD
LG