Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:36

Қўқонлик тадбиркорлар очлик эълон қилмоқчи


Қўқон бозоридаги савдогарларнинг дўкон ва расталари¸ эгалари огоҳлантирилмай туриб¸ бузиб ташланган.
Қўқон бозоридаги савдогарларнинг дўкон ва расталари¸ эгалари огоҳлантирилмай туриб¸ бузиб ташланган.

Шаҳар ҳокимлиги қарори билан марказий бозордаги бир неча миллион сўмлик мол-мулкидан ажраб қолган савдогар ва тадбиркорлар еткизилган зиëнга яраша товон пули тўланмаëтганига ўз норозиликларини шу тарзда ифодалашга чоғланмоқда.

Қўқонлик 73 нафар тадбиркор Ўзбекистон раҳбарларига мактуб йўллаб, ноқонуний равишда мол-мулкидан, иш жойидан, даромад манбаидан маҳрум бўлганликларини ёзиб, агар ҳақ-ҳуқуқлари қонун йўли билан ҳимоя қилинмаса, президент девони олдида очлик эълон қилишларини билдиришган.

- Тадбиркорларни ўйлайдиган одам бўлмаса. Ëзмаган жойимиз қолмади. Агар шу ëзган хатларимизга эътибор бермасалар¸ биз очлик эълон қилиб президентгача етказамиз, дейди қўқонлик тадбиркорлардан бири.

Маълум бўлишича, ҳукумат қарорига мувофиқ, 2008 йилнинг май ойида Қўқон шаҳридаги “Деҳқон бозори” қайта қурилиб, у ерда ободонлаштириш ишлари бошланган.

Ушбу бозорда тадбиркорлик қилиб келган қўқонлик бир шахснинг Озодликка айтишича, бозордаги ободонлаштириш ишлари бошланиши оқибатида 134 нафар тадбиркор бир қанча миллион сўм турадиган мол-мулкидан ажралиб қолган.

- Олди мулкдоримизнинг жойи салкам 2000 метр квадратдан. Бундайроқлари 45-50 метр квадратли хусусий дўкон. Ана шу хусусий дўконларни огоҳлантирмасдан¸ эгасининг розичилигисиз бир бало компания бўлди-ю, шаҳар ташкилотларига буйруқ бериб бузишни бошлади. Дўконларни ер билан яксон қилиб, бузиб ташлади. Ҳозирги кунга келиб янги дўконларни қурди. Қуриб бўлгандан кейин бизга¸ яъни 134 нафар мулкдорга “имтиëзли тарзда оласизлар”, деди. Бизга худди шу дўконни 44 миллиондан тавсия қилаяпти. Ўзи икки йилдан бери ишламасак¸ қайси маблаққа қандай қилиб оламиз, дейди қўқонлик тадбиркор.

Исми ошкор бўлишини истамаган қўқонлик ушбу тадбиркор ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб Қўқон шаҳар ҳокимлигини судга ҳам берган.

- Қўқон шаҳар туманлараро фуқаролик судига берганман шаҳар ҳокимлигини. Ҳозир мен мулкимни баҳолатдим. 74 миллионга баҳолаб беришди. Моддий зарар¸ бой берилган фойда 6¸5 миллион бўлди 21 ойга. Шу ишсиз ўтирган давримга, дейди қўқонлик тадбиркор.

Навбатдаги суҳбатдошимиз ҳам қўқонлик тадбиркорлардан бири бўлиб, у ҳам бозордаги қайта қуриш ишлари оқибатида тахминан 50 миллион сўмлик мулкидан ажралганини айтади.

- Менинг ҳам дўконим бор эди. Эгаллаб турган ер майдони 32 метр квадрат эди. Ҳозирги кунда 50-60 миллион сўмга баҳоланди. Деҳқон бозоридаги дўконни бузишда менга ҳеч нарса таклиф қилишмади. “Ўрнига ижарага савдо дўкони ажратилади”, дейишди. Бунга рози бўлмаганмиз. Таклиф қилинаëтган дўкон лизинг асосида сотиб олиш таклиф қилинаяпти.

Озодлик: Бу ерда сизга берилаëтган имтиëз лизинг бўлаяпти, шунақами?

- Лизинг ҳам катта миқдордаги процент ҳисобида, дейди қўқонлик тадбиркор.

Тадбиркорлар ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб, турли давлат ташкилотларига мурожаат қилганликларини, бироқ бирор бир ижобий натижа бўлмаётганлигидан нолишади.

- Мана, ҳозир 21 ойга кетаяпти - ëзмаган инстанция¸ жой қолмади. Омбудсменга¸ республика бош прокуратурасига¸ миллий хавфсизлик қўмитасига ëздик. 73 кишининг имзоси билан бормаган давлат корхонаси¸ давлат идораси қолмади. Қандай қилиб бу одамлар ўз халқини шундай аҳволга солиб қўйиб¸ панжа орасидан қараб туради? Президентимизнинг сиëсатига мутлақо қарши эмасман. Лекин мана шу сиëсатнинг орқасидан фойдаланаëтган¸ ўзининг манфаатини кўзлайдиган айрим шахслар бор. Шу шахсларнинг қўлига тушиб қолдида бозоримиз. Натижада бу ердаги 134 нафар мулкдорнинг мулкини тортиб олиб қўйишди, дейди қўқонлик тадбиркор.

Қўқон шаҳар ҳокимлиги мутасаддиси Назрулло Аҳмедов Озодлик билан суҳбатда шу кунларда дўконлари бузилган тадбиркорлар учун тўланадиган товон пуллари масаласи ҳал бўлиш арафасида эканлигини билдирди.

- Компенсация бўйича ҳокимнинг (Қўқон шаҳар ҳокими назарда тутилмоқда – таҳр.) қарорлари бор. Ҳокимнинг қарори билан комиссия тузилган. Комиссиянинг раиси ҳоким ўринбосари Нурматов. Бу масала бўйича йиғилиш бўлиб¸ мулк қўмитаси¸ керакли ташкилотларнинг ҳаммаси йиғилиб¸ демак¸ республика “Алоқа” банкидан ҳам одамлар жалб қилинган. Мулк қўмитасидан Ҳайдаров қатнашган. Компенсация бўйича шаҳар ҳокимининг буйруғи билан вилоят ҳокимлигига хат чиққан. Ҳал қилиш масаласини улар кўриб чиқади, дейди Назрулло Аҳмедов.

Қўқонлик тадбиркорларнинг Ўзбекистон президенти ва тегишли идоралар раҳбарларига йўллаган аризасида уларнинг илтимослари инобатга олинмаган тақдирда очлик акциясини қачон бошлашлари кўрсатилмаган.
XS
SM
MD
LG