Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:56

Мулкдорни ким ҳимоя қилади?


Маъмурларнинг турли баҳоналари билан уй-жойлари бузилаëтган ўзбекистонликлар чув тушиб қолмоқда.
Маъмурларнинг турли баҳоналари билан уй-жойлари бузилаëтган ўзбекистонликлар чув тушиб қолмоқда.

Озодликка келаëтган хабарларга кўра¸ Ўзбекистоннинг турли вилоятларида турли сабаб ва баҳоналар билан фуқаролар кўчмас мулкини бузиш ëки тортиб олиш ҳоллари кучайиб кетган. Мулкидан айрилган фуқаролар эса¸ адолат истаб қайга бош уришни билолмай ҳайрон.

"Ҳозирги кунларда Самарқанд шаҳрининг баъзи кўчалари кенгайтирилиши сабабли аҳолига тегишли ҳовлилар ва дўконлар бузилаяпти. Бузилган мулк эгаларига уларнинг ҳақиқий қийматидан анча миқдорда пул ёки квартира, ёки ер участкаси таклиф қилинаяпти. Лекин шаҳар марказидаги ҳовлилар қиймати давлат таклиф қилаётган нарсалардан анча баланд туради. Дўконлар эса, умуман текинга тортиб олинаяпти".

Самарқандлик бир муштариймиздан Озодликка 12 январ куни етиб келган мактубдан бир парча.

Мактуб мазмунидан келиб чиқадиган саволлар билан ўзбекистонлик ҳуқуқшуносга мурожаат қилдик.

Ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоиловнинг фикрича, бу мактубда тилга олинган муаммо бутун Ўзбекистон учун характерлидир.

- Мана шунақа давлат билан ўрталарида низо ëки тушунмовчиликлар келиб чиқаëтган фуқароларни фақат Самарқандда эмас¸ республикамизнинг катта-катта шаҳарларида¸ вилоят марказларида топиш мумкин¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Шундай бўлса-да бугунги мавзумизга иллюстрацияни яна Самарқанддан келтирмоқчимиз.

Маматқул ака Мухторов 2009 йилнинг ёзида шаҳарнинг Типография кўчасидаги дўкони бузилганлардан бири.

30дан зиёд дўкондор тақдирга тан бериб, индамай кетаверди. Лекин Маматқул ака ўшандан бери судлашиб юрибди.

- 12 августда судга берган эдим. Бир ўзим берганман. Қолганлари берган эмас. Суд у суддан бунга юборади¸ бу суддан унга юборади. Охири областга борди. Областдан яна қайтиб келиб янги келган Бобоноров деган болага судга берганлар. У нима қилишини билмайди¸ ҳокимдан қўрқиб нима қилишини билмайди. Проектларни¸ ҳамма ҳужжатларни топшириб¸ 40 миллион зарар етказганини ëзиб берганман. Ичидаги ҳамма майда-чуйдаларини давлат солиқ инспекцияси номаълум томонга олиб кетган. Ғиштларини¸ тунукаларини¸ ҳаммасини қаëққадир олиб бориб яширган булар¸ дейди Маматқул ака.

Хуллас, дўкони бузилган 30 савдогардан бирининг шаҳар ҳокимлиги билан 6 ой олдин бошлаган судлашувининг якуни кўринай демаяпти.

Мана энди асосий савол, қонун нима дейди, деган савол жавобини излайлик.

Ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоиловнинг айтишича, ўрганаётганимиз масала икки ҳужжат – Фуқаролик кодекси ва Уй-жой кодексига биноан ҳал қилиниши керак.

- Айнан шу ҳужжатларда умумий тарзда бирор-бир деталлари ëки ижро механизми ëритилмаган тарзда асослари белгилаб ўтилган. Фуқароларнинг мулк ҳуқуқи¸ хусусан ўша кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқи қандайдир амалга оширилади ва давлат билан муносабатларда қандай кўринади¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Лекин фуқаро билан давлат ўртасидаги мулкка доир баҳслар қонуности ҳужжатларига биноан ҳал қилинади.

- Бу соҳадаги асосий ҳужжат Ўзбекистон республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил май ойида қабул қилинган давлат ëки жамоатчилик заруратлари учун фуқаролардан ҳамда юридик шахслардан ер майдонларини қайтариб олиш сабабли шу етқизилган зарарни қоплаш тасдиқлари тўғрисидаги низомдир, дейди Суҳроб Исмоилов.

У ёки бу шаҳарни реконструкция қилиш ёки ободонлаштириш бош режасида назарда тутилган ҳудуддаги уй ёки бошқа кўчмас мулк учун компенсация тўлаш муханизми тилга олинган низомда ёритилган, лекин ундаги баъзи меъёрлар фуқаролар билан давлат ўртасида низога олиб келиши мумкин.

- Хусусан бу ерда айтилаяптики¸ компенсация учун тўлов маҳаллий бюджетларнинг ўзларининг ҳамма расходларидан¸ чиқимларининг ошиб қолган пулларидан ëки бирор-бир ўзларининг приватизация қилиш дастурларидан келиб тушадиган тўловлардан тўланади деган. Бу ерда битта нарса келиб чиқади. Қонун токи мана шу миқдор маҳаллий бюджетга келиб тушишини кутиб туриш керак. Ваҳоланки¸ у жойини йўқотди¸ кутиб туришга вақт ҳам йўқ¸ имконият ҳам йўқ. У уйини бераяптими тездагина энг биринчи имконият орқали уй олиши керак ëки керакли бошқа компенсация турларини олиши керак¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Низомнинг яна бир камчилиги:

- Вазирлар Маҳкамасининг қарорида айтилаяптики¸ маҳаллий туманлардаги¸ вилоятлардаги ер¸ сув¸ кадастр хўжаликлари бор. Бошқармалари ҳокимиятларга бўйсунади. Мана шу бошқармалар тарафидан амалга оширилади деяпти. Бу ерда ҳам ҳисоб-китобнинг харажатини ариза берувчи шахс¸ яъни бизнинг фуқароларимиз тўлашига тўғри келади. Бу яна бир адолатсиз ҳолат. Бу ерда давлатнинг қарори билан уй-жой олиб қўйилаяптида¸ ҳисоб-китобнинг харажатини ҳам уй-жойи олиб қўйилган фуқаро ëки аризачи тўлаши керак¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Нима учун бузилаётган уй учун давлат оз пул тўлаяпти? Бу аксар ўзбекистонликни қизиқтирган асосий саволлардан бири.

Ҳуқуқшуноснинг айтишича, товон пули

- Халқаро валюталарни Марказий банк чиқарган расмий курс бўйича ҳисоб-китоб қилинади. Лекин Ўзбекистондаги аслидаги кўчмас мулк бозоридаги нарх-навони биз биламизки¸ бу сир эмас. Буни мансабдор шахслар ҳам¸ ҳокимиятдагилар ҳам билишади. Нақд чет эл валютасида қилинади. Ҳеч ким маҳаллий валютада савдо-сотиқ қилмайди. Мана шу орадаги курсларнинг ҳар хиллиги натижасида фуқароларимиз анчагина ютқазиб қўяяпти. Масалан дейлик Тошкент ëки Самарқанд марказидаги бир хонали уйни давлат курси бўйича 17 минг долларгача деб баҳолашаяпти. Бу ҳозирги кундаги тартиб. Лекин 17 мингнинг ўзи аллақачон эски. Чунки Тошкентда ҳам¸ Самарқандда ҳам ҳозир бунақа нарх йўқ бир хонали уй учун. Ҳатто мана шу 17 мингни фуқароларимиз давлат курси бўйича олишганидан кейин қарийб икки бараварига зарарига тушиб кетади¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Айтилганлардан Вазирлар Маҳкамасининг ўрганганимиз низоми оддий фуқаро манфаатига хизмат қилмаётгани кўриниб турибди.

Балки бу муаммони Ўзбекистон парламенти депутатларининг янги корпуси ҳал қилар?

Лекин партиялар вакилларининг сайловолди чиқишларида бу масала муҳокама қилинганига қулоғимиз тушмади.

Ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоилов лавҳада ўзи тилга олган Вазирлар Маҳкамасининг низоми матни билан www.shahar.uz танишишни маслаҳат берди.

Шаҳар.уз га биз кирмоқчи бўлдик. Лекин у очилмади.
XS
SM
MD
LG