Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:31

Сўнгги мустақил журналистлар ҳам огоҳлантирилди


"Ўзбекистон ҳукумати янги йилда бу йўл орқали мустақил журналистларга яхшиси “оғзингни юмиб ўтир, акс ҳолда сенинг ҳам овозингни ўчириш бизнинг қўлимиздан келади” деб огоҳлантирмоқчи бўляпти"¸ дейди Галима Бухорбоева.
"Ўзбекистон ҳукумати янги йилда бу йўл орқали мустақил журналистларга яхшиси “оғзингни юмиб ўтир, акс ҳолда сенинг ҳам овозингни ўчириш бизнинг қўлимиздан келади” деб огоҳлантирмоқчи бўляпти"¸ дейди Галима Бухорбоева.

7 январ куни ўзбекистонлик бир гуруҳ мустақил журналистлар Тошкент шаҳар прокуратурасига чақиртирилиб, улардан тушунтириш хатлари ёздириб олинди. Уларни прокуратурага чақиришга эса¸айтилишича¸ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва МХХдан тушган материаллар асос бўлган.

Тошкентдаги аксарият мустақил журналистларнинг ҳар бирига 7 январ куни эрталаб Тошкент шаҳар прокурори ёрдамчиси Баҳром Нурматовдан деярли бир хил мазмунда қўнғироқ бўлган.

- Энди эрталаб уйга телефон қилди. Шаҳар прокуратурасининг прокурори экан. Баҳром Нурматов деган прокурор. “Шунақа¸ бир-икки оғизгина суҳбатимиз бор” деди¸ дейди мустақил журналист Ҳусниддин Қутбиддинов.

Телефон орқали чақирувга эса прокурор мана буларни асос қилиб кўрсатган.

- “Ташқи ишлар вазирлиги билан Миллий хавфсизлик хизматидан битта-иккита қоғозлар келган. Шу тўғрисида сиз билан гаплашиб олишимиз керак” деди¸ дейди Ҳусниддин Қутбиддинов.

Журналистга кўра, прокурор ёрдамчиси билан бўлган суҳбат бевосита унинг журналистик фаолияти билан боғлиқ бўлган.

- Бордим. Қанақадир айблов ëки бизни жавобгарликка тортишга яқинроқ гаплар бўлгани йўқ. Умумий гаплар. “Бу ерда айтилаяптики¸ сиз фалон-фалон сайтларга фалон тахаллус остида фалон нарсаларни ëзган экансиз. Шу бўлганми йўқми?” деб сўради. Мен “Ҳеч қаëққа ëзганим йўқ. Бу тахаллусларнинг ҳаммаси нотаниш” дедим. “Шайбон тахаллуси сизникими?” деб сўради. “Ҳа¸ меники. Озодлик радиосида ишлаган патйтим¸да¸ шу тахаллус остида ишлаганман” дедим. Умумий гап шу. Улар “Сизни шунақа ишлар билан шуғулланаяпти деган гумон бор. Мана шу гумон ўрганилаяпти. Агар шунақа бўлаëтган бўлса¸ очиғини айтганингиз маъқул” деди. Мен “Агар ўрганилаëтган бўлса¸ ўрганилаверсин. Мен шундай бўлганда¸ очиғини айтардим. Лекин бундай эмас” дедим. “Шу нарсани қоғозга ëзиб беринг” деди. Ëзиб¸ имзо қўйиб бердим. “Раҳмат. Узр безовта қилганимиз учун” деди. Чиқиб кетдим. Бор гап шу¸ дейди Ҳусниддин Қутбиддинов.

Тошкентлик мустақил журналист Сид Янишев ҳам шу куни худди шундай тарзда шаҳар прокуратурасига чақиртирилди:

- Мен бугун телефон чақирувига биноан прокуратурага келдим. Прокурор ёрдамчиси мен ҳақимда йиғилган маълумотларни кўрсатди ва менинг журналистик фаолиятим ҳақида саволлар бера бошлади. Қаерда, қачон ишлаганим, қайси хорижий оммавий ахборот воситаси билан ишлаганим, хуллас ҳамма фаолиятим ҳақида сўради. Мен унга бор нарсани айтиб бердим. У бўлса буни қоғозга ёзиб беришни илтимос қилди. Мен ёзиб бердим ва чиқиб кетдим. Суҳбат фақат менинг журналистик фаолиятим хусусида бўлди, дейди Сид Янишев.

Шу куни прокуратурага бошқа мустақил журналистлар Василий Марков ва Малик Бобоевлар ҳам чақиртирилган. Сид Янишев фикрича, Ўзбекистондаги бор мустақил журналистлар бир-бир шундай “суҳбат”лардан ўтказилса керак:

- Менимча¸ прокуратурага Ўзбекистондаги барча мустақил журналистлар ҳақида батафсил маълумот тайёрлаш, уларни квалификациялаш топшириғи берилган кўринади. Назаримда¸ энди барча мустақил журналистлар ана шундай “дўстона” суҳбатга тортилади, дейди Сид Янишев.

Биз нега мустақил журналистлар бундай “дўстона” суҳбатларга чақирилаётганлиги сабабларини билиш мақсадида, Тошкент шаҳар прокурори ёрдамчиси Баҳром Нурматов билан телефон орқали боғландик. Бироқ прокурор жанобларига ўзимизни таништиришимиз билан у киши телефон гўшагини шарақлатиб қўйиб қўйдилар.

Озодлик: Баҳром ака¸ мен Садриддин Ашуровман. Озодлик радиосидан Прагадан қўнғироқ қилаяпман.

- ..........................

www.uznews.net интернет сайтининг бош муҳаррири Галима Бухорбоева фикрича, ўзбекистонлик мустақил журналистларнинг айнан улар фаолияти билан боғлиқ суҳбатга чақирилиши мустақил журналистлар Ўзбекистонда сўнгги нафасини узай деб турган сўз эркинлигини буткул ўлдириш ҳаракатидир.

- Мустақил журналистларнинг прокуратурага чақиртирилиши ва уларга Ташқи Ишлар вазирлиги ва МХХдан маълумотлар тушганлиги ҳақида айтилиши ортида гап кўп. Ўзбекистон ҳукумати янги йилда бу йўл орқали мустақил журналистларга яхшиси “оғзингни юмиб ўтир, акс ҳолда сенинг ҳам овозингни ўчириш бизнинг қўлимиздан келади” деб огоҳлантирмоқчи бўляпти. Менимча¸ бу навбатдаги қўрқитиш акциясининг бошланишидир, дейди Галима Бухорбоева.

Унинг фикрича, расмийларнинг журналистлар билан бу тахлит суҳбатлар ўтказиши одам кўнглида хавотир уйғотади.

- Прокуратуранинг бу ишини ғайриқонуний деб биламан. Улар журналистларга¸ ҳатто чақирув қоғози бермасдан чақириб олдилар. Боз устига журналистлар “суҳбат” чоғида сўроққа ҳам тутилган. Бу ўзбошимчалик ва қонунни оёқости қилишдан бошқа нарса эмас, дейди Галима Бухорбоева.
XS
SM
MD
LG