Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:14

Хонободдаги портлаш учун Султонобод жавоб бермоқда


2005 йилги Андижон воқеалари каби Хонободдаги портлаш билан боғлиқ жараëнлар ҳам бевосита Олий суд ваколатига ўтган.
2005 йилги Андижон воқеалари каби Хонободдаги портлаш билан боғлиқ жараëнлар ҳам бевосита Олий суд ваколатига ўтган.

26 май куни Андижоннинг Хонобод шаҳрида юз берган портлаш ортидан камида юзга яқин одамнинг қамалгани тахмин қилинади. Янги тафсилотларга кўра¸ бу қама-қама кампаниясидан Хонободга яқин Султонобод қишлоғи аҳлидан кўра кўпроқ азият чеккан йўққа ўхшайди.

Андижон вилояти, Хонобод шаҳри яқинидаги Султонобод қишлоғилик, кейинги ойларда Украинада вақтинча яшаб турган қочқин йигит шу кунда Ўзбекистон республикаси Миллий хавфсизлик хизмати ертўласида сақланмоқда.

Бу ҳақда Озодликка ўзбекистонлик бошқа бир қочқин, Муҳаммадсолиҳ Обутов хабар қилди.

Украинадан вақтинча бошпана топган ва шу кунда МХХ тергов изоляторида сақланаётгани айтилаётган йигит тўғрисида Муҳаммадсолиҳ Обутовдан эшитганимиз мана бу маълумотга қўшимча аниқлик кирита олмадик.

- Андижон вилоят¸ Қўрғонтепа тумани¸ Хонобод шаҳри Султонобод қишлоғида истиқомат қилиб келган Турғунов Ҳамидулла Муҳаммаджонов деган 1975 йил 5 декабрда туғилган йигит Украинага келиб, Украина УВКБ га бошпана сўраб мурожаат қилган. Кейинчалик ўша ердан йўқ бўлиб қолган. Бугунги кунда Ўзбекистонда МХХ тарафидан ҳибсга олинганлиги ҳақида унинг уйидагиларга хабар берилган¸ дейди Муҳаммадсолиҳ Обутов.

Биз БМТ Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссарлигининг Киевдаги ваколатхонаси билан боғландик. Бу идора вакили қочқинлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида улар тўғрисидаги маълумотлар берилмаслигини рўкач қилиб, саволларимизга жавоб бермади.

26 май воқеаларидан сўнг Қирғизистонга яқин жойлашган Султонобод қишлоғида истиқомат қилувчи бир шахс ўзининг Дамас машинасида ҳужумни уюштирганларни ташиган экан, шунинг учун бу қишлоқда қама-қамалар бошланиб кетибди, деган хабар пайдо бўлган эди.

Кейинроқ, сентябр ойида Андижонда Хонобод воқеаларига алоқадорликда гумон қилинганлар устидан судловлар бўлиб ўтган ва бу ҳақда Озодлик баҳоли қудрат хабар берган эди.

Бошқа шу каби судловларни ҳам ошкора ўтган, деб бўлмасада, Хонобод бўйича судлов жамоатчилик назаридан панада ўтказилган ва шунинг учун ҳам на судловгача бўлиб ўтган қама-қамалар ва на ундан кейинги воқеалар тўғрисида етарли маълумот пайдо бўлди.

Инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти вакили 6 январ куни бу ҳақда маълумотга эга эмаслигини билдирди.

Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов эса:

- Қамоққа олинганларнинг ҳам фамилиялари йўқ. Уларнинг қариндошлари ҳали бизларга мурожаат қилгани йўқ. Шунинг учун судлари ҳам ëпиқ ҳолатда ўтди. Қанча одамни қайси судда суд қилишгани тўғрисида ҳеч қандай маълумот тарқатилмаган. Шу пайтгача бизга ҳам ҳеч нарса етиб келмади. Менинг билишимча¸ қўлга олинганларнинг яқинлари қўрқитилган¸ тилхатлар ëздириб олинган. Бу ўшалар тўғрисида маълумот бермаслик¸ дейди.

Суҳбатдошимиз айтган қўрқитиш жуда кучли бўлганга ўхшайди. Чунки Ўзбекистондан чиқиб кетган султонободликлардан бири исмини, қайси мамлакатда яшаётганлигини айтмасликка ваъда берганимиздан кейингина саволларимизга жавоб беришга рози бўлди.

Мана бу у киши айтганларнинг баёни.

26 май воқеаларидан сўнг 20 минг киши яшайдиган Султонобод қишлоғида 50 нафардан зиёд киши бирин-кетин қўлга олинди.

Дастлаб¸ қишлоқ имоми Ботиржон исмли йигит ва унга қўшиб 3 киши қўлга олинди. Кейин 9 кишини қўлга олдилар, улар орасида Абдуфаттоҳ исмли йигит бор эди. Қўлга олинган учинчи гуруҳда 8 киши бор эди. Ҳаммаси бўлиб Султонободдан 21 киши қамалди.

Ботиржон имом 8 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Умуман, судланганларнинг ҳаммаси 6 ярим йилдан 9 йилгача озодликдан маҳрум қилинди.

Бундан ташқари яна 24 йигитни қўлга олишган эди. Уларни бир неча кун сўроқ қилганларидан сўнг¸ жарима тўлаттириб қўйиб юборишди.

Ўша кунлардаги вазият ниҳоятда қўрқинчли эди, дейди суҳбатдошим. Ҳеч йўқ имомни ҳимоя қилиб¸ ортидан чиқайлик¸ деган гапга кўнадиган одам топилмади қишлоқда, бирон кишининг яхши одам эканлигига 20 минг киши яшайдиган бутун Султонобод гувоҳлик берадиган бўлса ҳам, бундай гувоҳлик битта участкавойнинг битта ёмон гапини кесолмайдиган бўлди, деди суҳбатдошим.

Унинг айтишича, қамалиб кетишдан қўрқиб ўнлаб султонободлик шу кунда қочқинга айланган. Султонободликларнинг айби шу қишлоқлик йигитнинг Хонободда ҳужум уюштирганларни машинасида ташигани. Суҳбатдошим бу гапнинг ҳам рост-ёлғонлигини аниқ билмаслигини айтди.

Қочқиндан эшитганларимизни текшириш мақсадида Ўзбекистон республикаси Бош прокуратураси матбуот котиби Светлана Ортиқовага телефон қилдик.

- Мана судгача бўлган жараëнга Бош прокуратуранинг матбуот хизмати пресс-релиз тарқатди. Ўша воқеа ҳақида ахборот берди. Лекин суд жараëни ўтгандан кейин бу ваколат Олий суднинг матбуот хизматига ўтади. Мен ҳозир ҳукмга ëки суд жараëнига бирорта изоҳ берадиган бўлсам¸ мен уларнинг фаолиятига аралашган бўламан¸ деди Светлана Ортиқова.

Бош прокуратура вакилининг бу гапидан сўнг маълумот сўраб¸ Ўзбекистон республикаси Олий судига мурожаат қилдик. Олий суднинг ўзини таништирмаган ходими саволимизни эшитиши биланоқ телефон гўшагини жойига қўйиб қўйди.

Миллий хавфсизлик хизмати ертўласида сақланаётгани айтилаётган султонободлик қочқин Ҳамидулло Турғунов ҳақида маълумот сўраш мақсадида МХХнинг ҳеч қачон жавоб бермайдиган матбуот хизматига телефон қилдик.

Бу сафар телефонни кўтармадилар ҳам.

2009 йилнинг 26 май куни номаълум шахслардан иборат бир гуруҳ Андижон вилоятидаги Хонобод шаҳрида блок-постга ҳужум қилган, Хонобод ва Андижон шаҳарларида бир қанча портлашлар бўлган эди.Ўзбекистон террорчиларнинг ўтишига йўл қўйиб берди¸ деган иддао билан Қирғизистон томонини айблаган ва ўзаро чегараларда ўтиб бўлмас ҳандақлар қаздиришга киришган эди.
XS
SM
MD
LG